'Қирғизистонда миллатчиликка қарши турадиган бирорта ҳам сиёсатчи йўқ'

Image caption Нил Мелвинга кўра, Қирғизистонда бошқа миллатларнинг овози эшитилмаяпти

Миллий низолар бўйича ғарбдаги етакчи экспертлардан бири Марказий Осиё ҳукуматлари ва жаҳон ҳамжамиятини 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалардан сабоқ чиқариш ҳақида огоҳлантирган.

Стокголмдаги Халқаро Тинчлик Тадқиқотлари Институтининг Қуролли зиддиятлар ва зиддиятларни бошқариш дастури директори Нил Мелвинга кўра, Қирғизистонда миллатчилик кучайгандан кучайиб бормоқда ва биронта ҳам сиёсий раҳбар унга қарши туришни истаётгани йўқ.

Доктор Мелвин ўтган йил июнидаги хунрезликлар ва ундан кейин авж олган миллатчилик илдизларини тадқиқ этган ва қирғиз ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамиятига тавсияларини ишлаб чиққан.

Ўз хулосаларида у жумладан, Қирғизистондаги зўравонликлар фақатгина миллатлараро зиддият эмаслигини айтади. Би-би-си доктор Мелвин билан боғланиб, аввалига нима учун бундай хулосага келганини сўраган.

Доктор Мелвин: Қирғизистонда ўтган йил ёзида нималар содир бўлганини англаб етиш учун зўравонликларни келтириб чиқарган омилларга кенгроқ назар ташлаш керак бўлади. Қирғизистондаги зиддият бир кунда пайдо бўлгани йўқ. У ерда давлатни ким назорат қилиши, кимнинг президент, бош вазир ёки вазирликларни эгаллаши борасидаги зиддият йиллар давомида ривожланиб келаётган эди. Пировардида бу курашда ўзларининг турли-туман қарашлари, гуруҳлари, фракциялари ва раҳбарлари билан этник қирғизлар ғалаба қозонишди. Ўтган йил ёзида эса, ниҳоят бу зиддият Қирғизистондаги миллатлараро муносабатларга ёйилди. Мамлакатдаги асосий этник озчилик бўлган ўзбеклар бу сиёсий курашдан ўзларини четга олиб келганлар. Аммо ўтган йил майида бу қирғиз гуруҳларидан биттаси, яъни собиқ президентдан қудратни тортиб олган муваққат ҳукумат жанубдаги Бакиев клани қолдиқларига қарши курашда ўзбеклардан ёрдам сўради. Худди шу нуқтада этник зўравонликлар кенг миқёсдаги зиддиятнинг бир қисмига айланди.

Би-би-си: Сизнингча, бугун Қирғизистонда авж олган ашаддий миллатчилик ўтган йилдаги этник зўравонликларнинг оқибатими?

Доктор Мелвин: Менимча Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилишида ҳам миллатчилик унсури бор эди. Қирғизистондаги ватанпарварлик кўпинча миллатчиликка айланиб кетганини кузатамиз. Бакиевнинг ағдарилиши миллатчилик эҳтиросларини жўштириб юборди. Аммо миллатчилик Бакиевдан аввал пайдо бўлган эди. Миллатчилик мустақил Қирғизистоннинг бутун табиатига сингиб кетган бир нарса дейишимиз мумкин. Чунки мустақилликнинг ўзи аксарият кўпчилик бўлган қирғизлар номидан эълон қилинган эди. Тил, рамзлар ва Қирғизистоннинг тарихи, буларнинг ҳаммаси қирғизларнинг мустақиллик тушунчаси билан йўғрилган эди. Ҳеч қачон Қирғизистон давлатининг фуқароликка асосланган ва турли - туман жамоаларнинг манфаатларини акс эттирадиган, кўп миллатли бир мустақиллик тушунчасини яратишга уриниш бўлмаган. Бу фақат бир томон билан чекланиб қолган тушунча бўлгани учун ҳам ўтган йилдаги каби сиёсий зиддиятлар чоғида осонлик билан этник зиддиятга айланиб кетди.

Би-би-си: Аммо бу каби миллий мустақиллик тушунчаси қўшни Ўзбекистон, Қозоғистон ёки Тожикистонда ҳам мавжуд. Лекин бу давлатларда этник тўқнашувлар юз бераётгани йўқ-ку?

Доктор Мелвин: Менимча, сиз айтаётган давлатларда ҳам муаммо йўқлигини кўриш учун хали бироз вақт кутиб туришимиз керак. Назаримда Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ўтиш жараёнлари, бугунги раҳбарларнинг сиёсий саҳнадан кетиши ортидан айни муаммолар юзага қалқиб чиқиши эҳтимоли катта. Чунки бу давлатлар раҳбарлари куч ишлатиш йўли билан этник масалани кун тартибидан четда ушлаб туришибди. Хусусан, Ўзбекистонда тожик ва қозоқ озчиликлари муаммоси, рус озчилиги ва унинг мероси билан боғлиқ вақти - вақти билан юзага чиқиб турадиган муаммолар мавжуд. Қозоғистонда ҳам шундай. 1990-йилларнинг бошида Қозоғистондаги руслар билан боғлиқ яққол хавотирлар, масалан казаклар ҳаракати бор эди. Бу муаммоларга ҳеч қачон тузук-қуруқ ечим топишга уринилмаган. Улар бир четга суриб қўйилган ва бостирилган, холос. Қирғизистон қўшни давлатларга қараганда анчайин очиқ бир жамият эди. У ерда сиёсий ҳокимият унчалик марказлашмаган. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда кўпроқ зўравонликларга гувоҳ бўлаяпмиз. Бу эҳтимолни минтақанинг қолган жойларида ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ҳозирнинг ўзида, масалан, тожик-қирғиз чегарасида айрим кескинликларни кўраяпмиз. Яъни бу муаммо доимий. Назаримда ҳозир биз айниқса, Ўзбекистонда шўролардан кейинги биринчи раҳбарият ўзгариши босқичига кирар эканмиз, бу масала янада кўпроқ эътиборни талаб қилади.

Би-би-си: Қирғизистонга қайтсак. Биз куни кеча президент Ўтунбоева билан суҳбатлашдик. У миллатчилик муаммосини тан олади ва унга қарши курашиш кераклигини жуда яхши англайди. Сизнингча бу етарли эмасми?

Доктор Мелвин: Менимча президент Ўтинбоева баъзи муҳим қадамларни қўйди. Бунга шубҳа йўқ. У миллатлараро муносабатлар концепциясини ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди. Аммо Ўтинбоева хоним президентлик сайловида қатнашмайди ва сиёсий саҳнани тарк этишга тайёрланмоқда. Қирғиз сиёсатчиларининг янги авлоди орасида эса унга ўхшаган қадамларни қўйишни истаётган биронта ҳам одам йўқ. Ҳатто Ўтинбоева хонимнинг айтаётган нарсалари ҳам хали аниқ ишга айланганича йўқ. Масалан, ўзбеклар хали ўзлари бошдан кечирган зўравонликлар ҳақида баралла гапириш имконията эга бўлганлари йўқ. Зўравонликлардан кейинги адолат тизими амалда "зўрларнинг адолати" га айланиб қолмоқда. Энг кўп жабр чеккан ўзбеклар, мен қирғизлар жабрланмади, деяётганим йўқ, аммо ўзбеклар энг кўп жабр чекканлари ҳолда яна айбдорга айлантирилмоқда. Биронта ҳам сиёсатчи бу зўравонликларга тўғри баҳо бергани йўқ. Рост, бўлиб ўтган воқеалар, конституция борасида, кўпгина жонли мунозаралар бўлаяпти. Аммо бу мунозараларда барча миллат вакиллари қатнашаётгани йўқ. Шу маънода бу тўлиқ мунозара эмас, чунки бошқа миллатларнинг овозлари эшитилмаяпти. Парламентда ўтирган бир-икки депутат бутун миллатни намоён қила олмайди. Бу борада Қирғизистон хали кўп иш қилиши керак.