Ўш: Адолатнинг миллати бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

" 11 июн куни туш пайтлари эди. Ўғлим билан келиним уйимизни оқлашаётган эди. Қўлида турли қуроллари бўлган ҳар хил ёшдаги элликтача бола дарвозамизни бузиб, уйимизга бостириб киришди..."

Ўшлик ўзбек онахон бир йил олдинги мудҳиш кунни ана шундай хотирлайди. Тўсатдан бостириб келган қуролли тўдалар ҳовлида ишлаётган ўғлини жароҳатлашган, келинини ўлдиришган, уйини эса ёқиб юборганлар.

"Катта уйда ўғлимни отишган, даҳлизда келинимни. Неварамнинг бетини кўрпада ёпиб қўйишган. Унга югурдим, бунга югурдим. Токи қудамга телефон қилиб чиққинумча, саккизта-ўнтаси ўғлимни катта кўчага олиб чиқиб, роса тепкилашаётган экан. Киноларда қандай тепкилашса, худди шундай қилиб. Боламнинг бир қўли майиб бўлиб қолди. 35 кун касалхонада ётиб чиқди. Ўлмай қолганига Худога шукур. Келиним ўлди. Уйимизга ўт қўйишди. Ўлигини ҳам кўчага олиб чиқиб қўйдик. Икки боласи қолди," дейди онахон.

Етим қолган икки невараси билан ярим вайрона уйида қолаётган онахон бир йилдан бери айбдорлар ушланиб, жазоланишини кутади. Аммо ҳалигача ҳужумчиларнинг ҳеч бири ушлангани ва ё жазолангани йўқ.

"Яхшироқ қидиришса, айбдорларни топишарди. Қаерга кетарди шунча оломон. Ҳар бир ҳовлига қирқтадан, элликтадан бўлиб киришди. Қўшнилар бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўролганимиз йўқ. Энди шунча одам юрибди-да. Мен уларнинг бирортасини танимайман. Танисангиз, айтинг, деяпти, қайси бирини танийман шунча оломоннинг ичидан. Ким қилган бўлса ҳам, жазосини олсин. Болаларимнинг бир кун йиғлаган кўз ёшига арзимайди. Онасиз қолган болани ҳам боқиш қийин, бирпасда ялинаман, бирпасда юпанаман. Болалар йиғлашса, қўшилиб йиғлайман. Келиним энди 24 га кирувди,.." онахон сўзларида давом этаркан, кўз ёшларини тийолмайди.

Зўравонликлар ортиданоқ Ўш ва Жалол-Ободда айбдорларни тутиш бошланди. Қирғиз ҳукумати адолатни тиклаш йўлида ҳаракат қилаётганини айтарди. Аммо қирғиз расмийлари айтаётган адолат - кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларида ишончсизлик уйғотди.

Ўш хунрезлигини ўрганган халқаро комиссиянинг қайд этишича, июн зўравонлигида аксар ўзбеклар жабр кўришган. Бироқ бугун Қирғиз давлати яна ўзбекларни жазоламоқда. Қирғиз расмийлари халқаро кузатувчиларни бир ёқламаликда айблашади. Бироқ ҳукумат ўзи айтаётган адолатни қандай тикламоқда?

"Вазият ҳамон таранг қолмоқда. Жабрдийдалар ва қурбонлар учун биз истаган адолат тиклангани йўқ. Давлат адолатни тиклаш йўлида ҳали кўп иш қилиши керак. Яқинларини, мол-мулкларини йўқотган инсонлар ҳамон аламнок," дейди Қирғизистондаги "Килим Шами" инсон ҳақлари гуруҳи раҳбари Азиза Абдурасулова.

Ўтган йил бўйи унинг фаолияти Ўшга боғланди. Ташкилоти одамларни жазолаганда миллатига қаралаяптими, йўқми деган масалани ҳам ўрганган.

"Келинг, "Килим Шами" олиб борган жараёнлар кузатувини баён этай. Биз 27та жиноий ишни кузатган бўлсак, уларда жаъми 87 нафар одам айбланган эди. Буларнинг 82 нафари ўзбек эди. Қирғизлар эса беш киши. Биласизми, икки одамга бир хил айб қўйилади. Аммо битта айбланувчини узоқ йилларга ҳукм этишади. Бошқасига эса шартли жазо беришади, холос. Биз ҳозир айнан ана шу чиқарилган ҳукмлар адолатли бўлганми, деган масалани ҳам ўрганмоқчимиз. Менимча, бу масалада тадқиқот ўтказиш учун асос бор," дейди у.

Халқаро Амнестия ташкилоти ҳам Қирғиз ҳукуматини жазолаш жараёнида миллий айирмачилик қилмасликка чақирмоқда. Ташкилотга кўра, июн зўравонлиги билан алоқадорликда ҳозиргача фақат икки нафар қирғиз ҳукм этилган, холос. Аксинча, бир умрлик қамоққа ташланганларнинг барчаси - Ўзбеклар бўлмоқда. Ташкилот вакили Мейзи Вайхедингнинг айтишича, адолатга эришиш учун - кўп миллатли Қирғизистонда куч тизимлари ҳам кўп миллатли бўлиши керак.

"Нега Қирғиз давлати энг кўп жабрланган ўзбекларни яна энг кўп жазоламоқда, деган савол ҳамон очиқ. Айрим Қирғиз расмийларига кўра, гуё аксар қирғиз ҳужумчилари ўшлик эмас, балки узоқ овуллардан келишган. Давлат эса, бугун уларни излаб, топиш учун етарли куч ва заҳирага эга эмас," дейди Мейзи Вайхединг.

Қирғизистон Бош прокурори муовини Марат Эшперовнинг айтишича, ўзбеклар биргалашиб ҳаракат қилишган, шу боис улар осон ушланмоқда.

"Ўзбекларнинг кўп жазога тортилишига сабаб - улар биргалашиб ҳаракат қилишган. Кўп ишлар бўйича ўзбеклар уюшган бўлишган. Шу боис, бир иш очилса, кўплаб ўзбеклар жазога тортилмоқда. Масалан, Жалол-Ободдаги Сампа воқеаси бўйича 19 одам жавобгарликка тортилган. Сулаймонов шарифли ички ишлар вакилининг ўлдирилиши бўйича ҳам 10 нафар ўзбек жазоланди. Қорасув Ички ишлар бошқармаси раҳбари ўз ҳамкасби билан бирга ўлдирилди ва бунда ҳам 10 нафар ўзбек жавобгарликка тортилди," дейди у.

Лекин шоҳидлар ва видеотасвирларга кўра, қирғиз тўдалари ҳам катта гуруҳларга бирлашганлар. Узоқ тоғ қишлоқларидан тушган бу қуролли гуруҳлар Ўш ва Жалол-Ободга келиб, маҳаллалар устига ҳужум қилишган. Халқаро текширув хулосасига кўра, агар маҳкамада исботланса, бу ҳужумларнинг баъзиларини инсониятга қарши жиноят дейиш мумкин. Аксарият қирғиз расмийлари халқаро хулосалар ва нега аксар ўзбеклар жазоланаётгани ҳақидаги танқидларни рад этиш билан банд. Аммо президент Роза Ўтинбоева, ниҳоят, асосан ўзбеклар жазога тортилаётганини тан олди.

"Сўзсиз, маҳкамага тортилаётганлар сонида номувофиқлик бор. Улардан аксарияти ўзбеклар ва кўпчилиги Қирғизистонда эмас. Аммо гумондор деб кўрилаётган қирғизлар ҳам озмунча эмас. Демоқчиманки, ушбу масала бизнинг жиддий кузатувимиз остида. Ҳар ой улар бизга тергов жараёнлари қандай кетаётгани хусусида ҳисоб бериб туришади. Мен ушбу жараённи ўз назоратимга олганман," деб айтган Ўтинбоева хоним.

Қирғиз президентининг иқрори ва ваъдаси зўравонлик бобида адолат тикланишига бироз умид уйғотади. Аммо бугун Қирғиз жамиятида қайси миллатга тааллуқли бўлиш аҳамиятли бўлиб қолаётир. Сиёсатда эса миллатчилик кучайгани айтилади. Дейлик, сўнгги парламент сайловида миллатчилар салмоқли овозларни қўлга киритишди. Ҳали июн зўравонлигидан илгари ҳам аксилўзбек кайфиятидаги матбуот чиқишлари бор эди. Энди Қирғиз матбуоти зўравонлик учун ўзбеклар айбдорлигини таъкидловчи фикрларга ўрин бермоқда. Куч тизимлари асосан қирғиз миллатидан иборат. Мазкур ҳолат эса, ўтган зўравонликда жабр чеккан ўзбек учун ҳам, қирғиз учун ҳам бир хилда адолат тикланишини савол остига қўйиши мумкин.