Жанубиий Тожикистон: афғонлар гаровга олиб кетган болалар озод қилинди

Image caption Хатлон вилояти билан Афғонистонни фақат Панж дарёси ажратиб туради

Тожикистонликлик ака-ука Фаридун ва Сангимад Сангмадовлар уларни ӯғирлаб кетган афғонлар қӯлидан озод этилган.

Бунга Тожикистон ва Афғонистоннинг тегишли ҳуқуқ-тартибот мақомотлари биргаликда ӯтказган махсус амалиёт натижасида эришилган.

Бу хабар Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати томонидан тасдиқланган.

Кичиги ӯн уч, каттаси ӯн беш ёшда бўлган ака-ука Сангмадовлар – Фаридун ва Сангимад бундан ӯн кун олдин Афғонистон томондан чегарани бузиб ӯтиб келган кишилар томонидан олиб қочилганди.

Болаларнинг отаси Нажмиддин Сангмадовнинг айтишича, ӯғиллари экинзорга сув очаётган маҳал тӯсатдан пайдо бӯлган тӯрт нафар бегона одам уларни Панж дарёсининг нариги томонига олиб кетишган.

Нажмиддин Сангмадов бундан ӯзига бӯлган телефон қӯнғироғидан сӯнг хабар топган.

Ундан телефонда ӯғиллари эвазига 40 минг АҚШ доллари беришини талаб этишган.

Ночор тирикчилик қиладиган ота бунчалик катта маблағи йӯқлиги учун Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимларига мурожаат этган.

Хатлон вилоятининг Ҳамадоний туманидаги 23-умумтаълим мактабида ӯқийдиган ака-ука Афғонистонга олиб ӯтилгач, у ердаги Тахор вилоятининг Янгиқалъа қишлоғида асирликда тутиб турилган.

Болалар озод этилгач, Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги Тожикистон консуллигига олиб келинган.

Мазкур консулликдан ҳозирда болаларнинг Тожикистонга жӯнатилгани билдирилган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, икки ака-уканинг Афғонистонга ӯғирлаб кетилиши Афғонистон фуқаролари томонидан тожикистонликни гаровга олиш, зӯрлаб дарё оша олиб кетишдаги биринчи ҳодиса эмас.

Жумладан, бундан бир неча кун олдин Ҳамадоний тумани билан қӯшни Шӯрообод туманида яшайдиган бир киши афғонлар сӯраган 20 минг доллар эвазига асирликдан озод этилган.

Ӯтган йили эса, афғонлар Ҳамадоний туманида яшайдиган бир кишини ӯзларидан 18 минг доллар қарздорликда айблаб, ӯлдиришган эди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, айниқса, Шӯрообод туманида чегарани қӯриқлаш қийин бӯлган мавзелар оз эмас ва бундан фойдаланган афғонлар асосан гиёҳванд модда савдоси мақсадида Панж дарёсининг нариги соҳилидан яширинча ӯтиб келишади.

Афғонлар тожикистонликларни зӯрлик билан Афғонистон томонга олиб кетишар экан, бу кишиларнинг ӯзлари ё кӯпинча қариндошларини героин пулини қайтармай, қарздор бӯлиб қолганликда айблашади.

Лекин кейинги пайтларда фақат героин савдоси учун қарздор бӯлиб қолганлиги учун эмас, гаров пули ундириш мақсадида тожикистонликларни Афғонистонга олиб кетиш ҳоллари ҳам кӯпаймоқда, дейишади кузатувчилар.

Оддий одамлар эса, чегаранинг яхши қӯриқланмаслигидан ёзғиришади.