Июн қирғини: Қиз бериб, қиз олган халқнинг бугуни...

Қирғизистон жанубида асрларки тўй ва азасини бегона билмаган ўзбек ва қирғизнинг қиз бериб, қиз олган пайтлари ҳам кўп бўлган.

Ўтган йилги қонли миллий низолар чоғида кўпчилик қатори ўзини ўзбек, қирғиз деб ажратмаган ана шундай оилалар ҳам жабр кўришди.

Зўравонликларда қирғиз ўзбекни, ўзбек қирғизни айбларкан, ўзаро айбловлар қуда-андачилик ришталарига ҳам таъсир этмай қолмади. Қариндош-уруғлар орасига совуқчилик тушди.

Аммо этник тўқнашувлар ортидан бугун ҳам саноқли бўлса-да, яна бирга оила қураётган ўзбегу қирғизлар йўқ эмас.

Собира ая Ўшнинг Қорасув туманидаги Сарой қишлоғида яшайди.

Қирғизистон жанубидаги миллий низолардан кейин илк аралаш никоҳ тўйи ана шу аянинг уйларида бўлиб ўтди.

“ 11 та фарзандим бор. Шундан учтаси ўғил. Тўнғич ўғлимга ўзбек хонадонидан келин олдим. Ҳаётлари яхши. Ҳозир пахта чопиғига кетишган,” дейди Собира ая менга.

Ая йўл кўрсатганларидек, мен ёш келинчак Зилолани пахта даласидан топдим. У чопиқ билан банд эди. Зилолани иш устида суҳбатга тортдим.

“Ўзбек қирғиз, деб ажратиб ўтирмадим. Чунки бундан аввал бир-биримизни ҳеч қачон ажратмаганмиз. Буларнинг ҳаммаси июн воқеаларидан кейин пайдо бўлди. Мен ҳаммамиз мусулмонмиз, деб қараганман. Келин бўлиб тушганимдан кейин, телевидениедан мухбирлар келиб, ўзбек-қирғиз оила қурибди, ўзбек-қирғиз оила қурибди, деган гапни чиқаришди. Мен бунақа гапни билмасдим,..” дейди ийманибгина Зилола.

Сизларнинг оила қуриш қарорингизга қариндош-уруғларингиз, ота-онангизнинг муносабатлари қандай бўлди, деб уни суҳбатга тортишда давом этаман.

“Йўқ, яқинларим ҳам қаршилик қилишгани йўқ. Улар ҳам худди мендек ўйлашади. Сен ўзбек, сен қирғизсан, деб ҳеч қачон ажратишмаган, аралашиб кетишган. Чунки маҳаллада аралаш яшаймиз. Энди, бирорта эси йўқ шундай деб айтмаган бўлса, бошқа ҳеч ким бундай демасди,” дейди у менга.

Миллий низолар оилавий муносабатларингизга қайсидир маънода таъсир қилдими, деган саволимга эса, қатъий бўлмаса-да, “Йўқ, ҳеч сезмадим,” дейди. Ён-атрофдаги пахта чопиқ қилаётган дугоналари эса, "Уларни кечиролмайди," деб ўз фикрларини билдиришади.

Суҳбатимизга Зилола билан ёнма-ён пахта чопиқ қилаётган опаси қўшилади.

“Синглимнинг тўйи урушдан кейин бўлди. Аммо мен норози бўлмадим. Синглимни қирғизга бердим деб ҳеч қачон ачинмайман. Ўзбек, қирғиз азал-азалдан бирга яшаб келишган. Бундан кейин ҳам баҳамжиҳат яшашсин, уруш бўлмасин,” дея ният қилади Хадича опа.

Аралаш никоҳ қурганликлари учун маҳаллий ҳокимият янги оилага қарийб 2.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берган.

Мен агар сир бўлмаса, бу пулни нимага сарф қилдинглар, деб Зилоладан сўрайман.

“Қайнота, қайнонам бундан анча аввал беш хонали уй солиб қўйишган экан. Аммо қаровсиз ётган экан. Шуни ремонт қилдирдик. Алоҳида кўчиб чиқдик,” дейди у.

Мен пахта даласидан йўлимни Сарой қишлоқ кенгашига соламан. Идорадагилар эса, ёш оилага бунча катта миқдордаги пул мукофотини қонли низолардан кейин миллатлараро тотувликни тарғиб этиш учун беришганини айтишади.

Арслоннинг онаси, Зилоланинг қайнонаси бўлмиш Собира ая эса, келинидан мамнун:

“Шунча йиллардан бери ўзбеклар билан аралаш яшаймиз. Кичкиналигимиздан мол боқиб, далаларда бирга юрганмиз. Яхши ёмон бўлган жойимиз йўқ эди. Бир-бирларига кўнгиллари бор экан, ўғлимга олиб бердим. Келиним яхши. Саҳар туради, уйларни йиғиштиради, кўча-куйни супиради,” дейди Собира ая.

Қишлоқдагилар орасида Арслон билан Зилоланинг тўйидан кейин бундай тўйлар кўпайса керак, дегувчилар ҳам оз эмас.

Маҳаллий масъулларга кўра, миллий низоларгача ўзбек-қирғиз оила қурибди, деб алоҳида рўйхатга олиш, бошқа қилиш, деган нарсалар бўлмаган.

Чунки миллатлараро муносабатлар қай кўринишда бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, бу икки миллат қадам-қадимдан қиз олиб, қиз бериб келишган.

Аммо зўравонликларда ҳар икки томон ҳам яқинларини бой беришган эмасми, бугун улар аксариятининг тўйу аъзаси ҳам бўлак.

Аввалроқ мен билан сўзлашишга рози бўлган аралаш оилалар эса, негадир сўнггига келиб суҳбатимизни яхши кунларга қолдиришни илтимос қилишди.

Айрим ўзбеклар эса, миллатларини қирғиз, деб ёздириш учун умуман паспортларини ҳам алмаштиришмоқда.

Мен эса, энг сўнггида Зилоладан никоҳ тўйи акс этган бир нечта фотосуратларини олиб, Саройдан яна Ўшга қайтаман...