CPJ: 'Ўтинбоева Қирғизистонда таъқибларни тўхтатиши шарт'

Журналистларни ҳимоя этиш халқаро қўмитасининг Қирғизистон президентига мактуби ана шундай номланади.

Қўмита ижроий раҳбари Қирғизистон жанубидан бўлган икки маҳаллий медиа соҳибининг таъқиб этилишидан чуқур хавотирда эканини айтади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг ўтган йилги июн низолари билан алоқадорликда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилишидан жиддий ташвишда эканини билдиради.

"Сўз эркинлиги ва қонун устиворлигини таъминлаш сизнинг вазифангизга киради. Аммо барчаси этник ўзбек бўлган Халил Худойбердиев, Жавлон Мирзахўжаев ва Азимжон Асқаровларнинг таъқиб этилиши бунга тўғри келмайди. Бу каби ҳолат ҳукуматингизнинг июн низолари ортидан миллатлараро ишончни қайта тиклаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини издан чиқаради," деб ёзади жаноб Жоул Саймон.

Халқаро қўмитанинг баён қилишича, текширувлари учовлонга қарши айбловлар журналистик фаолиятлари учун маҳаллий терговчилар томонидан тўқиб чиқарилганини кўрсатган.

Мактубда, яна шунингдек, масъулларнинг Азимжон Асқаровнинг вақтинчалик ҳибсхонада қийноқларга солинганига оид хабарларни текширишдан бош тортганликлари ҳам айтилади.

Халилжон Худойбердиев ЎшТВ каналининг асосчиси ва соҳиби эди. Жавлон Мирзахўжаев эса, Мезон ТВ мустақил канали, "Итоги недели" ва Портфел" газеталарига эгалик қилган.

- Уларнинг бизга айтишларича, 2010 йилнинг май ойида жанубий Жалол-Обод вилоятидаги норозилик намойишларини ёритишгани учун таъқиб этилишмоқда, дейди халқаро қўмита.

Мактубдан аён бўлишича, интернетда имконли бўлган ушбу видеолавҳаларда ўзбек лидери ва Жалол-Обод ҳокимининг зўравонликлар ва собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг қудратга қайтишини қоралаганликлари акс этган.

"Прокурорлар эса, ҳар икки медиа соҳибини ҳам оммавий тартибсизликларни уюштириш ва уларда иштирок этиш, бўлгинчиликка чақириш, миллатлараро ва динлараро адоватга гижгижлаш, ўз хизмат вазифасини суиисеъмол этиш ва ноқонуний равишда қуролли гуруҳ тузишда айблашди," дейди халқаро қўмита.

Мактубда муҳожиратга юз тутишга мажбур бўлган икковлон ўзларига қўйилган айблардан маҳаллий матбуот орқали хабар топишгани ҳам ёзилади.

"Жаноб Худойбердиев бизга ўз телевизион каналининг фаолияти Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг буйруғи билан тўхтатиб қўйилганини айтди. Унга кўра, ҳоким ўзини идорасига чақириб, ЎшТВни қирғизларга сотишга мажбур қилган," дейди халқаро қўмита.

Ўз ўрнида, мактубда Ўш шаҳар ҳокимининг "Озодлик" радиостанцияси Қирғиз Хизматига берган суҳбатида журналистнинг даъволарини савол остига олмагани, аммо телевизион канални иғвогарона баёнотлар беришда айблагани ҳам келтириб ўтилади.

Халқаро қўмитага кўра, жаноб Худойбердиевнинг телевидениеда ишини давом этдиришга изн берилган бўлса-да, хавфсизлик хизматларининг пўписалари ва давомий таҳдидлари уни Қирғизистонни тарк этишга мажбур қилган.

"Худди шунингдек, Ўш ҳокими МезонТВни ҳам ёпишга буйруқ берган. Шундан сўнг телевизион канал қайтиб фаолият юритмади. Ҳаётига қилинган таҳдидлар ортидан, жаноб Мирзахўжаев ҳам мамлакатдан чиқиб кетди. Бунинг оқибатида газеталари ҳам чиқмай қўйди," дейди халқаро қўмита.

"Маъмуриятингизнинг юқори мартабали мулозимлари ўтган ой Нью Йоркдаги йиғин чоғида норозилик намойишларини ёритиш Қирғизистонда жиноят саналмаслигини айтишди. Масъуллар қийноқларга оид хабарларни текширишаётганини таъкидлашди. Лекин уларнинг баёнотларига қарамай, амалда ҳеч нарса ўзгармади. Қирғиз терговчилари ҳар икки телевизион канал раҳбарини айблашдан тўхташмади. Азимжон Асқаровнинг Жалол-Обод ҳибсхонасида милиция ходимлари томонидан калтаклангани ҳодисасини жиддий ўрганишмади," дейди жаноб Саймон ўз мактубида.

Халқаро қўмита, ўз ўрнида, Қирғиз президентига ҳукумати матбуот эркинлиги ва қонун устиворлигини таъминлаш аҳдида қатъий эканига оид ошкора баёнотини эслатади. Ва Ўтинбоева хонимни айтган сўзига амал қилишга ундайди.

Қирғизистон раҳбарига йўлланган мактубда ёзилишича, Ўзбек оммавий-ахборот воситалари вакилларига қарши таъқиблар зудлик билан тўхтатилиши лозим.

Халқаро қўмита, яна шунингдек, Қирғизистон Адлия вазирлигини мавжуд маълумотларга таяниб, маҳаллий терговчиларнинг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол этганликлари юзасидан тергов олиб боришга ундайди. Бўлажак маҳкама жараёнлари ва ҳукмларни бекор қилишга чақиради.

"Ўтинбоева хоним. Ўзбек тилидаги оммавий-ахборот воситаларининг фаолиятини қайта тиклаш билан Сиз Қирғизистонда тангликка олиб келган миллий бўлинишга барҳам берган бўласиз. Бу каби долзарб масалага эътибор қаратганингиз учун ташаккур," дея ўз мактубига якун ясайди Журналистларни ҳимоя этиш халқаро қўмитаси.