Тожикистонда президент Раҳмоннинг ўғли иштирокидаги учрашув тартибсизликларга сабаб бўлди

Рустам Раҳмон сардорлик ва ҳомийлик қилган жамоа ғолиб чиққан учрашув ортидан Тожикистон президентининг она шаҳри Кўлобда оммавий тартибсизликлар келиб чиққан.

Ҳодиса кеча сешанба куни юз берган.

Хабарларга кўра, камида 10 киши жароҳатланган. Йигирмага яқини ҳибсга олинган.

"Истиқлол" клуби сардори ва Тожикистон Футбол Федерацияси президенти муовини Рустам Раҳмонга ҳеч бир зиён етмаган.

Қолган футболчилар ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам жабр чекишмаган.

Аён бўлишича, ишқибозлар учрашув ҳакамининг фаолиятидан норози бўлишган.

Улар ҳакамни адолатсизликда айблашган.

"Истиқлол" (Душанбе) ва "Равшан"(Кулоб) миллий чемпионат доирасида учрашишган.

Ўйинда Рустам Раҳмоннинг жамоаси 1:0 ҳисобида ғолиб чиққан.

Ҳар икки клуб ҳам бу йил Тожикистон чемпионлигига асосий даъвогарлар саналишади.

Тартибсизликлар

Шоҳидларга кўра, учрашув ортидан ҳакамнинг фаолиятидан норози кўлоблик ишқибозлар уларни тошбўрон қилишни бошлашган.

Милиция ходимлари уларни мажбуран стадиондан чиқаришга уринишган.

Шунда бир гуруҳ ёшлар милиция кордонини бузишга ҳаракат қилишган.

Юз берган тартибсизликларнинг оммавий тус олиб кетишининг олдини олиш учун, милиция ходимлари ҳавога қарата ўқ узишган.

Норози ишқибозларни чалғитиш учун товуш ва ёруғлик чиқарувчи гранаталардан фойдаланишган.

Кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солишган.

Орадан қисқа вақт ўтмай, бир нечта портлаш юз берган. Шоҳидларга кўра, бир нечта ҳақиқий граната ирғитилган.

Одамларга айнан портлаш чоғида тан жароҳати етгани айтилади.

Сатҳга "Тез ёрдам" машиналари ҳам чақирилган.

Ғазабнок ишқибозлар шундан сўнг "Истиқлол" жамоасига қарашли автобус ва машиналарга ҳужум қилишган. Ҳақоратлашга ўтишган.

Аммо махсус милиция кучлари уларга қаршилик кўрсатишган. Яна тартибсизликларнинг олдини олишга мўлжалланган махсус мосламалар ишга солинган.

Шундан сўнг норози ишқибозлар шаҳар марказига йўл солишган. Кўлоб шаҳар Ички ишлар бошқармаси идораси қаршисида тартибсизликлар уюштиришга уринишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари вазиятни ўз назоратлари остига олишга муваффақ бўлишган.

Камида 20 кишини ҳибсга олишган. Юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган. Ҳибсдагилар Тожикистон Жиноят Кодексининг "Безорилик" банди бўйича айбланишмоқда.

Бу икки жамоанинг учрашуви билан боғлиқ тартибсизликлар бундан бир ойча бурун пойтахт Душанбеда ҳам юз берганди.

Лекин милиция ходимлари яна ҳакамнинг фаолиятидан норози кўлоблик ишқибозларни тезда тарқатишга муваффақ бўлишган.

Ён босишлар?..

Айрим маҳаллий шарҳловчиларга кўра, Тожикистон президентининг ўғли сардорлик қилган "Истиқлол" жамоасига ҳакамлар ҳайъати ҳам бефарқ эмас. Ҳомийлари ҳам пулни аяшмайди.

Бу эса, рақиб клублар ўйинчилари ва ишқибозларининг ғашларига тегмаслиги мумкин эмас, дейишади улар.

Рустам Раҳмоннинг ўйинчилик маҳорати ҳам мутахассисларни лол қилиш даражасида эмаслиги айтилади.

Аммо, ҳатто, майдонда экани чоғида ҳам доимий ҳимоя остида экани, унинг ўйинига таъсир қилишига оид қарашлар ҳам йўқ эмас.