Президент Назарбоев Австриядан собиқ куёвини экстрадиция қилишни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Роҳат Алиев ўзига қўйилган айбларни рад этади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Австрияни қотилликда айбланаётган собиқ куёви Роҳат Алиевни топшириш ҳақида огоҳлантирган.

Қозоғистон давлат матбуотига кўра, жаноб Назарбоев бу ҳақда мамлакат куч тизимлари раҳбарлари билан учрашув чоғида гапирган.

2007 йилга қадар Қозоғистон Президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг турмуш ўртоғи бўлган ва ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган Роҳат Алиев ватанида икки юқори мартабали банкирни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланади.

Қозоғистон маҳкамаси уни одам ўғирлашда айбдор деб топиб, сиртдан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

"Сиз банкирларнинг ўлими учун жавобгар бўлган жиноятчиларнинг экстрадиция қилиниши ва қонун олдида жавоб бериши учун барча зарур чораларни кўришингиз керак", -деб айтган жаноб Назарбоев юқори мартабали прокурорлар билан учрашув чоғида.

"Австрия бизнинг ҳамкоримиз ва бу давлат билан салмоқли иқтисодий алоқаларга эгамиз. Эндиликда Австрия расмий идоралари бу жиноятчиларни экстрадиция қилмаслик учун ҳеч қандай асосга эга эмас", -деб айтган жаноб Назарбоев.

Чоршанба куни Қозоғистон прокурорлари Президентнинг собиқ куёви 2007 йилда "Нурбанк"нинг икки юқори мартабали мулозимларини ўлдиришда айбланаётганини эълон қилишган.

Жолдас Тимралиев ва Айбер Ҳасановларнинг жасади ўтган ой Олма-Ота четидаги тоғ этагидан топилган.

Банкирлар 2007 йилда жаноб Алиев билан келишмовчиликдан сўнг ўғирлаб кетилгани айтилади.

Роҳат Алиев уларнинг ўғирланиши ва ўлдирилишига алоқадорлигини рад этиб келади.

У ўзига қарши айбловларни "давлат томонидан ташкиллаштирилган фитнанинг бир қисми" дея тасвирлаган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари бўлган жаноб Алиев 2007 йилда Президент Назарбоевни совет услубидаги яккаҳокимликда айблаши ортидан Австриядаги элчилик лавозимидан четлатилган.

У ўзининг президентлик интилишлари учун таъқиб этилганини даъво қилган.

Австрия жаноб Алиев ватанида адолатли ҳукм этилмаслиги мумкин, деган важ билан қозоқ прокурорларининг экстрадиция ҳақидаги сўровларини рад этиб келади.

Кузатувчилар жаноб Назарбоевнинг Роҳат Алиевни қамоққа ташлаш қарори ортида шахсий адоват турганига ишонишади.