Сўнгги янгиланиш 16 июн 2011 - 12:10 GMT

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг терроризмга қарши кураш сиёсатидан хавотирлар

"Хитойда Инсон ҳуқуқлари" ташкилоти ижрочи директори Шарон Хом

"Хитойда Инсон ҳуқуқлари" ташкилоти ижрочи директори Шарон Хом

Чоршанба куни Қозоғистон пойтахти Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити бўлиб ўтди. Ташкилотга аъзо 6 давлат раҳбарлари ёпиқ эшиклар ортида Қозоғистон раислик қилган бир йил давомида қилинган ишларни сарҳисоб қилишди. Айни пайтда қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган "Хитойда Инсон ҳуқуқлари" гуруҳи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг терроризмга қарши кураш сиёсати ва тажрибаси борасида жиддий хавотирларини изҳор қилган. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хитойнинг терроризм, экстремизм ва бўлгинчиликка қарши кураш ҳақидаги уч ёвуз куч доктринасини қабул қилган ва у аъзо давлатлар миллий қонунчиликларида акс этган. "Хитойда Инсон ҳуқуқлари" ташкилоти ижрочи директори Шарон Хом мазкур амаллар халқаро андозаларга қанчалар мос тушиши савол остига олиниши кераклигини айтади.

Шарон Хом: Хавотир билдираётганимизга сабаби шуки, ўзини минтақавий ташкилот сифатида тақдим этаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти халқаро андозаларга қанчалар мос келиши самарали ва конструктив тарзда баҳоланиши керак. Шу билан бирга биз Қозоғистон мезбонлик қилаётган юбилей саммити манзарасида ташкилотнинг инсон хуқуқларига бўлган таъсирини савол остига олишимиз лозим. Яъни, биз бундан олдин ташкилотнинг ўз - ўзини баҳолашида умуман сўралмаган саволларни қўйишимиз керак. Афғонистон каби кузатувчи мақомини олиш илинжида бўлган мамалкакатлардан ҳам бундай саволларни сўраш ўта муҳимдир. Ва биз умид қиламизки, мазкур ташкилотга аъзо бўлмоқчи бўлган мамлакатлар ўз олдиларидаги аъзолик масъулияти хусусида чуқур ўйлаб кўришлари ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ соҳада ташкилот ўз зиммасига мажбуриятлар нималардан иборат эканлигини яхши англаб олишлари керак. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлиш бу халқаро мажбуриятлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича масъулиятлардан воз кечишни англатмаслиги лозим.

Би-би-си: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг жорий аъзо мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан қанчалар хавотирдасиз?

Шарон Хом: Тўғри, инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилот сифатида бу бизнинг энг асосий хавотиримиздир. Шуни англаб олиш керакки, ташкилотга аъзо ҳар бир мамлакатда инсон хуқуқларининг бузилиш ҳоллари у ердаги аҳволни кузатаётган БМТ мустақил қўмиталари экспертлари томонидан тасдиқланмоқда. Мисол учун, экспертлар Қозоғистон ва Қирғизистонда қийноқ қўллаш ҳамда ирқий камситишлар ва этник озчиликларга нисбатан мунтазам таҳқирлаш ҳоллари борасида ўз хавотирларини билдиришган. Жорий йилнинг июл ойида Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи илк бор инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилади.

Би-би-си: Сиз чиқарган баёнотда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Хитойнинг уч ёвуз куч (яъни, терроризм, бўлгинчилик ва экстремизм) доктринасини қабул қилгани ва бу ўз навбатида аъзо мамлакатларнинг миллий қонунларида ҳам бу акс эттирилгани ёзилган. Бу борада кўпроқ маълумот бериб, мисолни келтира оласизми?

Шарон Хом: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлган ҳар бир мамлакат хавфсизлик масалаларида ўз қонунларини уйғунлаштириши кераклиги таъкидланади. Бу - ташкилотнинг биринчи масъулияти. Ташкилот низомида бўлгинчилик, терроризм ва экстремизм бир хилда баҳоланади. Яъни, ҳар бир аъзо мамлакатда ўзига хос ички муносабат билдирилади ва уларга ёвуз куч сифатида қаралади. Лекин, бу БМТнинг терроризмга қарши глобал стратегиясига зиддир. Халқаро ҳамжамият минтақавий ташкилотлар ҳам ушбу стратегияни амалда тадбиқ этишлари кераклиги борасида қарор қабул қилган. Бироқ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг "уч ёвуз кучга" бўлган муносабати БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1566- резолюциясига мос тушмайди.

Би-би-си: Бу доктрина Ўзбекистон мисолида қонунларга қандай таъсир қилган?

Шарон Хом: Аксар ҳолларда бу чегарани кесиб ўтиш масалаларига боғлиқ. Биз ташкилот нормативларини синчковлик билан ўрганиб чиқдик. Ташкилот низомида аъзо мамлакатлар ўз ички қонунларини ташкилот стратегиясига мувофиқлаштириши талаб қилинади. Ўзбек қонунлари эса, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўғри келиши лозим ва бу масала чуқурроқ ўрганилиши керак. Лекин, биз ўрганган нормативлар халқаро андозаларга тўгри келмаслигини билдик. Хусусан, бошпана бериш, бошпанани инкор этиш, экстрадиция ёки мажбуран қайтариш, буларнинг бари хужжатлаштирилган ва бу шаффофлик, инсонларни ҳимоялаш борасида жиддий саволларни туғдиради. Яқинда Қозоғистонда бошпана сўраб, БМТдан сиёсий қочқин мақомини олган уйғур Аршиддин Исроил Хитой ҳукумати босими остида Хитойга мажбуран қайтарилган.

Би-би-си: Ўтган хафта 29 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчининг Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳам айнан шу ташкилот норматаивлари доирасида содир бўлганми?

Шарон Хом: Бу Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистон уйғур бошпана изловчиларга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат бермаетганлари жуда ачинарли ҳол. Ўтган хафта бутунбошли ўзбекистонлик муҳожирлар гуруҳини Ўзбекистонга мажбуран қайтариш қарори эса, уларга БМТнинг қочқинлар агентлиги берган қочқинлик мақомига зид келади. Ва бу жуда жиддий мисол.

Би-би-си: Бошқа томондан Хитой минтақа инфратузилма лойиҳаларига йирик сармоя ётқизгани билан катта таъсирга эга. Эрон, Покистон ва ҳатто, Ҳиндистон ташкилотга аъзо бўлиш истагида. Афғонистон эса, кузатувчи мақомини олиш илинжида. Агар бунинг ортидан иқтисодий алоқалар гуркираб кетадиган бўлса, бундан қандай салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин? Ҳар ҳолда бу ташкилотнинг ижобий томони эмасми?

Шарон Хом: Назаримда, иқтисодий ёрдамга муҳтож мамлакатлар учун сармоя ётқизиш баъзи иқтисодий имтиёзларни келтириши мумкин ва улар табиий заҳираларни қўлга киритиш учун берилади. Бироқ, иқтисодий ёрдамни аксилтеррор ёки қонунларни кучайтириш каби соҳаларга босим сифатида ишлатмаслик ўта муҳим. Бу халқаро қонунлар ва амалларга зид келади.

Би-би-си: Сиз аксил-терроризм ҳақида гапирдингиз. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти халқаро саҳнада террорга урушда ўзини неқадар обрўли шерик деб билади? Яъни, масалан, НАТО уни жиддий қабул қиладими?

Шарон Хом: Шуниси аниқки, юбилей саммитида Хитой ва унинг ташкилотдаги шериклари аксил-терроризм ҳаракатларида муваффақиятга эришганини даъво қилади. Назаримизда, ташкилот шаффоф йўл тутмагани сабаб- омма ва матбуот айни масалаларни очиқ ва мукаммал муҳокама қилиши керак. НАТО ва халқаро ҳамжамият ундан инсон ҳуқуқларига таъсири борасида савол сўраш вақти етди. Юбилей саммитида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўз-ўзига маҳлиё бўлиб қолмаслиги керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.