Июн қирғини: Ўш ва Жалол-Обод кимдан ёрдам кутганди?

Ўш хунрезлиги илк соатлардаёқ бутун минтақани инқирозга рўбарў келтирди.

Қирғиз тўдалари ҳужумларидан жон сақлаш учун юз минглаб ўзбеклар Ўзбекистон тарафга қараб қочишарди.

Тутуни осмонга ўрлаган Ўшдан келаётганлар йўлда дуч келган инсонга бир саволни беришарди - Ўзбекистон ёрдам берармикан?

Ўзбекистон йирик қочқинлар оқимига чегарасини очишга мажбур бўлди.

Аммо чегарага келолмаган Ўш ва Жалол-Обод аҳли ҳамон ҳужум остида эди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати вазиятни назорат қила олмай қолган.

Ўзбеклар эса, давлат ҳарбийлари бизга қарши ўт очмоқда, деб айтишарди.

Кўпчилик наздида - қутқарувчи куч фақатгина четдан келиши мумкин эди.

Қирғизистон муваққат президенти Роза Ўтинбоева ҳам буни тан олиб, илк кунлариёқ Росссиядан ёрдам сўраб чиқди.

"Вазият қуюшқондан чиқиб кетаяпти. Биз бугун қандайдир учинчи кучлар киритилишига эҳтиёжмандмиз. Шу масалада биз ёрдам сўраб, Россияга мурожаат қилдик. Мен президент Медведев номига бу борада ёзилган мактубга имзо чекдим," - деган эди Роза Ўтинбоева.

Аммо Россия ҳарбий аралашувни истамади. Худди шундай Ўзбекистон ҳам.

Марказий Осиё давлатлари бу борада қатъий бирон йўл тутишга шошилаётган кўринишмасди.

Натижада Ўшнинг ўзбеклар зич яшовчи қатор маҳаллалари вайронага айланди.

Кўплаб инсонлар қуролли тўдалар қаршисида ҳимоясиз қолдилар.

Аёллар, болалар ва ярадор қочқинларни қабул қилган Ўзбекистон бир неча кун ичида уларни ортга қайтариб юборди.

Қирғизистон ўзбеклари вайрона уйларига, мавҳумият бағрига қайтишаркан, Ўзбекистон улар учун бошқа ҳеч нарса қилмаслигини англаб етишганди.

Ўзбек ҳукумати Ўш ва Жалол-Ободдаги зўравонликларда ўзбек миллати нишонга тушаётганини қайд этди.

Кейинроқ бу борада халқаро текширув ўтказилишини талаб қилди.

Лекин Тошкент зўравонлик учун учинчи кучларни айблади.

Бироз ўтиб, президент Ислом Каримов Ўзбекистон Қирғизистоннинг ички ишига аралашмаслигини билдирди.

Жаноб Каримов, "Ташқаридан туриб қилинган бу ишлардан асл мақсад - икки миллат урушяпти деб, бу можарога Ўзбекистонни аралаштириш бўлган. Аммо Ўзбекистон бу каби можароларга қўшилмайди," деган мазмунда чиқиш қилди.

Юз минглаб жанубий қирғизистонликларнинг Ўзбекистон ва Россияга тиккан умидлари шу асно пучга чиқди.

Бироқ, кўпчилик наздида, Ўш воқеасига ҳарбий йўлда аралашмаган Ўзбекистон низонинг минтақага сачраб кетишини тўхтатиб қолди.

Олма оталик таҳлилчи Александр Князевга кўра, Ўш инқирози пайти минтақа раҳбарлари жуда тўғри йўл тутишган.

"Менимча, ўтган июнда Қирғизистон жанубидаги воқеаларга нисбатан Россия ҳам, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам жуда мақбул йўл тутишди. Чунки улар аралашган тақдирларида давлатлараро қон тўкиларди. Айниқса, Ўзбекистон. Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти жуда тўғри иш тутиб, низога ҳарбий йўлда бош қўшмади. Балки сиёсий ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашди", - дейди таҳлилчи.

Аммо кўплаб фаоллар Ўзбекистонни қочқинларга нисбатан етарлича бағрикенглик қилмасликда, уларни қарийб куч билан ортга қайтариб юборишда айблашади.

2009 йилгача Ўшда халқаро ноҳукумат ташкилоти сафида ишлаган Мери Поул Ўзбекистон кўпроқ иш қилиши мумкин эди, деб айтади.

"Ўзбекистон кўпроқ қўллаб-қувватлаши мумкин эди. Адашмасам, Ўзбекистон зўравонликнинг иккинчи кунигача чегарани очмади. Тўғри, кўп сонли одамларни қочқинлар жамлоғига олишди. Аммо қочқинлар Ўзбекистонда ҳали қолиш истагида бўлишса ҳам, хабарларга кўра, уларни алдаб-сулдаб орқага жўнатиб юборишган. Бундай ҳаракат эса, халқаро қонунларга зид тушади. Зўравонликка қарши халқаро доирада ҳам етарлича хатти-ҳаракат кузатилмади. Хуллас, Қирғизистондаги жуда кўплаб Ўзбеклар ўзларини Ўзбекистон ташлаб қўйгандек ҳис қилишди", - дейди у.

Ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, расмий Тошкент Ўш инқирозини ҳеч қачон унутмаган.

Лекин минтақада бошқа давлатлар бу борада етарлича қўллаб-қувватлашгани йўқ.

Ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиевга кўра, минтақадаги барча сиёсий раҳбарлар бу борада гапиришлари керак эди.

"Бу нарса Марказий Осиё раҳбарларидан лозим эди. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Улар ўзларини гўё бу фақат Ўзбекистоннинг муаммосидек тутишди. Ўзбекистон раҳбари Бирлашган Миллатларнинг Минг йиллик йиғинида ҳам, ОДКБ учрашувларида ҳам бу борада гапирди. Бошқалар ҳам гапириши, муносабат билдириши керак эди", - дейди Ёқубжон Хўжамбердиев.

Бироқ бундай бўлмади. Ўш хунрезлиги борасида, ҳатто, минтақада ҳам кам гапирилди.

Натижада эса, Қирғизистондаги озчиликлар аҳволига қандайдир маънода кўз юмилгандек тасаввур қолди.

Мери Поул зўравонликдан кейин Ўшга борган. Сўнгги аҳволни кузатган.

Унинг айтишича, Қирғиз ҳукумати бугун ўзбекларни таъқиб остига олган ва жароҳатни даволаш эмас, балки яшириш йўлини танламоқда.

"Мен Ўшнинг Черёмушки маҳалласига бориб, одамлар билан гаплашдим. Бир неча кун вайроналар оралаб, даҳшатли воқеаларни бошидан кечирган инсонлар билан гаплашдим. Тириклайин уйида ёқиб юборилган инсонлар, бутунлай вайрон қилинган тижоратлар, қариндошлари олида зўрланган қизлар борасида айтиб беришди. Бу ҳодисаларнинг тасвирий ва видео-далиллари бор. Халқаро текширув ҳам бу каби воқеаларни қайд этди. Аммо Қирғиз расмийлари бу ҳолатларни рад этишмоқда. Улар нафақат инкор қилишмоқда, балки ҳали-ҳамон мунтазам равишда миллий озчиликларни таъқиб қилишмоқда. Ҳозир Қирғизистонда фақат Қирғиз миллати тан олинмоқда. Қирғиз давлатининг ўзи ўзбекларга қарши бўлиб қолган. Давлат адолат ўрнатишни эмас, балки бўлиб ўтган зўравонликни яширишга уринмоқда", - дейди у.

Бугун Қирғизистондаги озчиликлар тажовузкор миллатчиликдан қўрқиб яшашмоқда.

Кўпчилик Қирғизистондаги тажовузкор миллатчилик муаммоси бартараф этилиши зарурлигини таъкидлайди.

Акс ҳолда бу иллат азалдан турли миллатлар ёнма-ён яшаб келган минтақа учун таҳдид солиши мумкин.

Халқаро кузатувчиларга кўра, келажакда яна шу каби хунук низо юзага келмаслиги, кўп тарафдан, минтақавий ҳамкорликка ҳам боғлиқ.

Қуролли низолар ва уларни бартараф этиш дастури раҳбари Доктор Нейл Келвин бу ўринда Ўзбекистон ва Россия етакчи ўрин тутишини айтади.

"Ўзбекистон бу ўринда жуда муҳим мамлакат. Россиянинг ҳам ўрни аҳамиятли. Бу икки давлат халқаро ҳамжамият билан биргаликда иш тутиб, Қирғизистондаги миллий озчиликликлар интеграциясини таъминлаш муҳимлигини Қирғиз сиёсатчиларига англатишлари керак. Айни дамда бу миллий озчиликларнинг муайян ҳақ-ҳуқуқларини Қирғизлар тан олиши йўлида ҳам ҳаракат қилишлари лозим. Бу каби бир ёндашув ҳозир жуда муҳим. Акс ҳолда, ҳозирги ҳолат минтақа хавфсизлиги борасида турли саволларни юзага чиқаради", - дейди Нейл Келвин.

Бироқ минтақадаги кузатувчиларга кўра, бу каби инқирозий ҳолатларга тезкор жавоб бериш учун Марказий Осиё ичкарисида ҳамкорлик етишмайди.

Тошкентдаги ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиевнинг ўйлашича, минтақа давлатлари керакли чоралар борасида жиддий ўйлаб кўришлари даркор.

"Балки парламент доирасидами, бошқа йўлдами, ишқилиб, бу каби ҳолларга тезлик билан жавоб бериш йўлини мубояса этишлари керак. Бу каби инқирозларни зудлик билан ҳал этиш йўлида Марказий Осиё давлатлари ўзлари ҳаракат қилиши керак", - дейди у.

Бир миллат етакчилигида давлатчилик барпо этиш ғояси бугун деярли бутун собиқ Совет Иттифоқида кузатилаётган ҳолат.

80чи йиллар охирида кучайган миллатчилик эҳтирослари ҳозир бироз тингандек кўринади.

Аммо миллий озчиликлар ҳақлари камситиб келиниши ва бир миллатни устун қўйиш ҳаракатлари ҳамон миллатпарварлик шиори остида амалга оширилмоқда.

Александр Князевнинг фикрича, бир миллат етакчилигида давлатчилик юритиш ғоясидан минтақа ҳалиям воз кечиши керак.

"Энг аввало мамлакат раҳбарияти бир миллатни етакчи ва юқори турадиган миллатга айлантирмаслиги керак. Айниқса, ўша мамлакат номини кўп сонли бир миллат номида атаб, кейин худди ана ўша миллатни етакчига айлантиришни тўхтатиш керак. Яъни иқтисод, давлат бошқаруви, сиёсат, тижорат, маданият ва таълимда ҳам фақат ана шу бир миллатни етакчига айлантириш ҳаракатларини бас қилиш лозим. Афсуски, бу ҳозир ҳамма собиқ Совет Республикаларида давом этмоқда", - дейди таҳлилчи.

Бир неча йил илгари ҳам Марказий Осиёдаги "демократия оролчаси" деб аталган Қирғизистондаги бу воқелик - бутун Марказий Осиё келажагида демократиядан чекинишга етаклаши мумкин, деган таҳликалар кучайган.

Кўпчилик наздида - Қирғизистон тажрибаси ўзини оқламагани тайин.

Маҳаллий таҳлилчи Алишер Ҳамидовнинг ўйлашича, хусусан, қирғизистонлик ўзбеклар учун бугун демократия эмас, балки эркинликлар чекланган, аммо тинч мамлакат авло кўринмоқда.

"Мен доимо Қирғизистондан фахрланиб келганман. Биз ўзбеклар камситилсак ҳам, бу камситишлар ҳақида очиқ гапира олардик. Бироқ мана бу воқеалар ортидан шунга амин бўлдикки, демократияни кучли хавфсизлик идоралари ҳимояламаса, у хунук оқибатларга етаклаши мумкин экан. Ҳозир кўплаб қирғизистонлик ўзбеклар балки бунақа демократия эмас, аксинча, Ўзбекистондаги каби барқарор тузум авлодир, деб ўйламоқдалар. Чунки, ҳеч бўлмаса, болаларимиз ўлиб кетишмайди, деб ўйлашади", - дейди у.

Июн низоси ортидан ўн минглаб қирғизистонлик ўзбеклар хорижга чиқиб кетишди.

Бироқ аксарият имконсиз ўзбеклар Ўш ва Жалол-Ободдаги хонавайрон ҳаётларини тиклашга интилмоқдалар.

Ҳозирги ҳолатда кўпчилик бир нарсани яхши билади - бошларига оғир кун тушганда ҳеч ким келиб уларни ҳимоя қилмайди.

Қирғиз давлати эса - яна бу каби оғир кун қайтарилмаслигини кафолатлашига ҳали ўзбекларни ишонтира олмаган.