Чегара билмас мухбирлар Ўринбой Усмоновни озод қилишга чақирмоқда

Чегара билмас Мухбирлар ташкилоти Би-би-си Жаҳон хизматининг мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинганидан қаттиқ хавотирда эканини айтган.

“Биз Тожикистон полицияси ва ҳуқуқ –тартибот органларидан Усмоновнинг қўлга олиниши сабаблари ва унга қарши гумонларга асослар очиқлашини сўраймиз. Ҳозирга қадар, ноқонуний ҳаракатларни фақат полиция содир этган”, дейилади баёнотда.

Баёнотда шунингдек, Озодлик радиосининг Ўзбек таҳририяти директори Алишер Сиддиқов ўзининг собиқ ҳамкасби ҳақида хавотирларини изҳор этади.

Image caption Чегара билмас Мухбирлар: "Ҳозирга қадар ноқонуний ҳаракатларни фақат полиция содир этган"

“Ўринбой Усмоновнинг экстремист гуруҳларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва унинг хабарлари ҳеч қачон нохолис бўлмаган”, дейди Алишер Сиддиқов.

Чегара билмас Мухбирларга кўра, Ўринбой Усмонов ўзининг касбий фаолияти учун ҳибсга олинган.

“Тожикистонда экстремизмга қарши кураш баҳонаси билан ўзгача фикрловчилар овозини бўғиш одатий ҳолатга айланган. Жиддий далиллар йўқ экан, мулозимлар зудлик билан Ўринбой Усмоновни озод этишлари керак".

Чегара билмас Мухбирларга кўра, “Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг мустабид тузуми остида мустақил матбуот ва диний гуруҳларга нисбатан тазйиқлар кучайган”.

Ташкилот ўзининг айрим манбаларига таянган ҳолда ўз баёнотида, "Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши Тожикистондаги ўзбек жамоасини қўрқитиб қўйиш ҳаракати билан ҳам изоҳланиши мумкин. Ўзбеклар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги дипломатик зиддиятлар учун “товон” тўламоқда.”, деб ёзади.