Президент Раҳмоннинг она шаҳрида юз берган тартибсизликлар юзасидан жиноий иш очилди

Хатлон вилояти прокуратураси Кўлобдаги футбол учрашуви ортидан келиб чиққан тартибсизликлар билан алоқадорликда 5 кишига қарши жиноий иш очган.

Улардан икки нафарининг вояга етмаганлар экани айтилади.

Бешовлон ҳам "Безорилик"да айбланишмоқда.

Тартибсизликлар билан алоқадорликда камида 20 кишининг ҳибсга олингани айтилганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 14 июн куни юз берган ҳодиса юзасидан кеча расмий баёнот ҳам берган.

Унда тартибсизликларга қўл урган ишқибозларнинг сони 100 ча бўлгани айтилади.

Милиция махсус кучлари уларни тарқатиш учун махсус портловчи ускунадан фойдаланишга мажбур бўлганликлари тан олинади.

Аён бўлишича, ярим соат давом этган норозиликлар чоғида жаъми 16 киши яраланган.

Вазирлик баёнотида жароҳат олганлар барчасининг Кўлоб шаҳар касалхонасига келтирилганликлари, улардан уч нафарининг ҳануз у ерда қолаётганликлари айтилади.

Масъулларга кўра, улар ишқибозлар томонидан отилган тош ва портловчи моддалар оқибатида турли кўринишда тан жароҳати олишган.

Учрашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тартибсизликларга Тожикистон президентининг ўғли Рустам Раҳмон сардорлик қилувчи "Истиқлол" жамоаси ғолиб чиққан учрашув сабаб бўлганди.

"Равшан"(Кўлоб) жамоаси ўз стадионида ашаддий рақибларига 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйганди.

Кўлоблик ишқибозлар эса, адолатсизликда айблаб, учрашув ҳакамлари ва "Истиқлол" ўйинчиларини тошбўрон қилишга тушишганди.

Уларнинг даъво қилишларича, учрашув тақдирини белгилаган ягона тўп ўйиндан ташқари ҳолатда урилган.

Ўша пайтда стадионда жаъми 20 мингга яқин одамнинг бўлгани айтилади.

Тартибсизликлар стадион ташқарисида ҳам давом этади.

Ғазабнок кўлобликлар "Истиқлол" жамоасига қарашли автобус ва машиналарга ҳужум қилишади.

Ҳодиса сатҳига махсус милиция кучлари ёрдамга етиб келишади.

Портловчи моддалар ва кўздан ёш сиздирувчи газ ишга солинади. Ҳавога қарата ўт очишади.

Шундан сўнг норози ишқибозлар шаҳар марказига йўл олишади.

Кўлоб шаҳар Ички ишлар бошқармаси идораси қаршисида тартибсизликлар уюштиришга уринишади.

Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари вазиятни ўз назоратлари остига олишга муваффақ бўлишади.

Футболчилар, милиция ходимлари ёки ҳакамларга бирор бир зиён етмайди.

Мамлакатнинг бош ҳужумчиси

"Истиқлол" жамоасининг сардори ва ҳужумчиси Рустам Раҳмон яна бошқа раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлайди.

Тожикистон президентининг 24 ёшли ўғли ҳукумат қошидаги Божхона хизматининг контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи, мамлакат Ёшлар Иттифоқи раиси муовини, Тожикистон Футбол Уюшмаси президенти ўринбосари ва Осиё Олимпия қўмитаси аъзосидир.

Рустам Раҳмон 19 ёшида "Истиқлол" жамоасига асос солганлардан бирига айланади. Клуб Тожикистон чемпиони саналади.

"Истиқлол" бу йилги футбол мавсумида ҳам турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Ўзи билан изма-из келаётган "Равшан" жамоаси билан ораларидаги фарқ 4 очкони ташкил этиб турибди.

Аммо "Равшан" иккита ўйин кўпроқ ўтказган.

Тожикистон миллий чемпионатида жаъми 11 та клуб тўп суради.