Туркманистонда ўнлаб кишилар норозилик намойиши уюштиришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat

Туркманистон пойтахти Ашхободдаги ҳашаматли Оғузкент меҳмонхонаси қаршисида элликка яқин киши намойишга чиқишган.

Намойишчилар ўз ҳовли-жойларининг бузилишига норозилик билдиришган.

Аммо уларнинг намойишлари қисқа вақт ўтмай милиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилган.

Ҳодиса ўтган ҳафта юз берган.

Халқаро миқёсда тузуми "авторитар," деб баҳоланувчи Туркманистонда аҳолининг норозилик чиқишлари деярли кузатилмайди.

Шу боис, бу каби камдан-кам намойишлар кўпчилик томонидан ҳайрат билан кутиб олинади.

Бу ҳақда Британияда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти хабар тарқатган.

Оғузкент меҳмонхонаси

Хабарларга кўра, намойишчилар Оғузкент меҳмонхонасини бекорга танлашмаган.

Беш юлдузли ушбу меҳмонхона французлар томонидан барпо этилган.

У Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг Ашхободдаги резиденцияси ҳисобланади.

Бу ерда олиймақом анжуманлар ҳам уюштирилади.

Меҳмонхона, ўз ўрнида, жаноб Бердимуҳаммедов қарорлари остида амалга оширилаётган осмонўпар қурилиш лойиҳаларининг рамзи бўлиб хизмат қилади.

'Ноқонуний уй-жойлар'

Қувиб солинган намойишчиларнинг уй-жойлари Ашхободнинг жанубий қисмида жойлашгани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, одамлар бу ерда ноқонуний равишда ҳовли-жой тиклаб олишган.

Бузилиши режаланаётган ҳудудга улар 90-йиллар бошларида кўчиб келишган. Янгитдан уй-жой солишган.

Йил сайин уларнинг сони кўпайиб борган. Бу ерда икки қаватли бинолар ҳам қад ростлаган.

Аммо ер расман уларга қарашли бўлмаган. Шу сабабдан ҳам, фуқаролар маҳкамага чиқиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этишга имконсизлар, дейди Уруш ва тинчликни ёритиш институти.

Янги қурилишлар

Ўтган ой охирида ҳам бир гуруҳ ашхободликлар шаҳарни ривожлантириш дастуридан шикоят қилиб, маҳаллий масъулларга чиқишган.

Дастурга мувофиқ, уларнинг уй-жойлари текислаб ташланиши кўзда тутилган.

Мулозимлар эса, шикоят билан келган одамларнинг ҳовли-жойлари устидан янги муҳим йўл ўтиши, уларни бузишдан бошқа чора йўқлигини айтишган.

Уй-жойлари бузилганларга товон пули берилиши кўзда тутилган.

Аммо бунинг учун янги қурилишлар ҳукумат миқёсида муҳим саналиши лозим.

Бундан ташқари, расман уй-жойга эгалик ҳуқуқингиз бўлиши керак.

Камдан-кам кузатилаётган намойишларга эса, айнан қўлида лозим ҳужжати бўлмаганлар чиқишмоқда.

Янги қурилишларга йўл очиш учун масъуллар узоқ йиллардан бери эски биноларга қарши "уруш" очишган.

Янги Уй-жой кодекси

Ашхободда кечган намойишдан қисқа вақт ўтмай, масъуллар янги Уй-жой кодекси ишлаб чиқилишини эълон қилишган.

Айрим кузатувчилар бунга одамларнинг норозилик чиқиши сабаб бўлганини ҳам айтишади.

Янги ташаббус аҳолининг ўз уй-жойларини хусусийлаштириб олишларига имкон беради.

Аммо ҳукуматнинг қайта қуриш режаларидан қанчалик ҳимоя эта олиши ҳозирча савол остида қолмоқда.