Ўринбой Усмонов ўзига қўйилган айбларни 'қатъиян рад этмоқда'

Image caption Журналист Элнура Мустафоева Би-би-сига Ўринбой Усмонов билан учрашув тафсилотлари ҳақида гапириб беришдан бош тортди

Олти кундан буён ҳимоячиси ва яқинларига кўрсатилмаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов Тожикистоннинг ҳукуматпараст Рressa.tj нашрига берган интервюсида "Ҳизбу Таҳрир"га алоқадорлиги ҳақидаги айбларни қатъиян рад этган.

Pressa.tj Ўринбой Усмонов билан ҳибсга олинганидан тўрт кун ўтиб, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг Сўғд вилоят бошқармасида ўтказилган суҳбат ўз журналистининг сўровига биноан амалга ошганини айтган.

Ўринбой Усмонов Pressa.tj журналистининг саволларига жавоб бераётгани акс этган сурат ҳам илова қилинган суҳбатда Би-би-си мухбири "Ҳизбу Таҳрир"га алоқадорлигини бутунлай рад этади.

Ҳукуматпараст янгиликлар нашрининг ёзишича, Ўринбой Усмонов хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида берган интервюсида аввалроқ ҳибсга олинган ва "Тожикистондаги "Ҳизбу Таҳрир" амири" экани даъво қилинаётган Шариф Ёқубов билан мулоқотда бўлганини эътироф этган.

Pressa.tj Ўринбой Усмонов "ўз вақтида "Ҳизбу Таҳрир" аъзолари билан таниш бўлгани ҳақида хавфсизлик идораларига хабар бермаганини "катта хато" деб ҳисоблашини айтган, аммо айни пайтда унинг "бу ерда менинг айбим йўқ, чунки мен журналистман ва касбий фаолиятим тақозоси, ҳар қандай одам билан учрашишим мумкин!", деган сўзларини келтирган.

Нашрнинг ёзишича, хавфсизлик мулозимлари Ўринбой Усмонов билан учрашувдан бир неча соат аввал Рressa.tj журналистига ҳибсдаги "Ҳизбу Таҳрир" аъзолари экани айтилган 26 ёшли Яҳё Раҳмонхўжаев ва 46 ёшли Абдунаби Абдуқодировлар билан ҳам учрашишга "имконият яратиб беришган".

Мақолада таъкидланишича, ҳар икки айбланувчи Ўринбой Усмонов билан учрашганлари ва унга "Ҳизбу Таҳир" адабиётларини етказиб берганликларини айтганлар.

Pressa.tj Яҳё Раҳмонхўжаевнинг Ўринбой Усмонов билан бир неча марта Би-би-сининг Хўжанддаги идорасида учрашгани, сафдошлари Ўринбой Усмонов ҳақида ўзаро "биродар" деб гапиришгани ва Ўринбой Усмоновнинг "Ҳизбу Таҳрир" аъзоси бўлганига шубҳа қилмаслиги ҳақидаги сўзларини келтирган.

'Босим ўтказилмаган'

Pressa.tj ҳибсдагилар билан суҳбат уларнинг розиликлари асосида олиб борилгани ва Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари томонидан "ҳеч қандай босим ўтказилмагани"ни айтган.

Pressa.tj журналистининг таъкидлашича, Ўринбой Усмонов суҳбат аввалида ҳибсга олиш чоғида ўзига нисбатан "ҳеч қандай тақиқланган усуллар қўлланмагани ва яқинларидан "передача"ни ўз вақтида ва тўлалигича олиб тургани"ни айтган.

"Ўринбой Усмонов биринчи уч кунда шок ҳолатида бўлгани ва ҳеч нарса емаганини тан олди, аммо унинг сўзларига кўра, эндиликда у ўзини яхши ҳис қилмоқда ва унинг иштаҳаси пайдо бўлган" деб ёзади Тожикистоннинг ярим расмий Рressa.tj нашри.

Рressa.tj журналистига кўра, суҳбат давомида Ўринбой Усмонов "тушкун ҳолда кўринмаган".

Суҳбат муаллифи Ўринбой Усмоновнинг "ҳибсхонада намоз ўқимай қўйгани" ҳақида ёзаркан, "афтидан, у Оллоҳга эмас-да, ўзининг жазосиз қолишига ишонмоқда" дея шарҳ беради.

Image caption Оила аъзолари Ўринбой Усмоновнинг тақдиридан жиддий хавотир билдиришмоқда

Айни пайтда Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси шанба куни Ўринбой Усмоновга нисбатан Жиноят Кодексининг "тақиқланган диний гуруҳга аъзолик" банди бўйича айбов эълон қилинганини маълум этган.

"Франс-Пресс" агентлигининг МХҚ баёнотидан келтирган иқтибосида "гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далилларга асосланган дастлабки терговда Усмоновнинг "Ҳизбу Таҳрирга аъзолиги тасдиқлангани" даъво қилинади.

Тунги суҳбат

Pressa.tj да эълон қилинган интервю Ўринбой Усмонов 16 июн куни Хўжандда ҳибсга олинганидан буён у ҳақда пайдо бўлган илк хабардир.

Расмийлар журналистнинг ҳимоячиси ва яқинларининг у билан учрашиш ҳақидаги сўровини турли баҳоналар билан рад этиб келишмоқда.

Pressa.tj журналисти Элнура Мустафоева Би-би-сига учрашув тафсилотлари ҳақида гапириб беришдан бош тортди.

"Мен тун бўйи тергов изоляторида эдим ва ухлаганим йўқ", деди журналист.

Pressa.tj таҳририяти Ўринбой Усмонов ва бошқа ҳибсдагилар билан суҳбатда келтирилган айблов ва иқрорликлар айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан қанчалик тўғри экани ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Адолатли маҳкама хавф остида

Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова ўзига ҳимояси остидаги шахс билан учрашишга рухсат берилмаётган бир вақтда журналистларнинг тергов ҳибсхонасига қўйилишини қоралади.

Би-би-си билан суҳбатда у МХҚ тергов ҳибсхонасидаги суҳбат Pressa.tj журналистларининг ташаббуси билан уюштирилганини савол остига олди.

"Буларнинг ҳаммаси Миллий Хавфсизлик Қўмитасидан чиқаяпти ва Ўринбой Усмонов ҳуқуқлари бузилаётганининг яна бир далилидир" деди ҳимоячи Би-би-си билан суҳбатда.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, Ўринбой Усмонов ҳимоячидан воз кечгани ҳақидаги ахборотни тарқатиш билан Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ўзини ўзи инкор қилмоқда.

"Улар Ўринбой Усмоновнинг молиявий сабаблар туфайли ўзига ҳимоячи олмагани ҳақидаги сўзларини келтиришаяпти. Аммо бу нотўғри. Бу ерда улар ўзларини ўзлари инкор этишмоқда. Жиноий Процессуал Кодексда айбланувчи фақат ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир бўлгани тақдирдагина ҳимоячидан воз кечиши мумкин, деб айтилган. Агар ҳимоячидан воз кечиш айбланувчининг молиявий аҳволи билан боғлиқ бўлса, бундай ҳолатда терговчи давлат ҳисобидан уни ҳимоячи билан таъминлашга мажбур", дейди Файзинисо Воҳидова.

Ҳимоячига кўра, ҳукуматпараст журналистларнинг Ўринбой Усмонов ҳақида ёзаётганлари унинг устидан кечадиган маҳкаманинг адолатли бўлишини хавф остига қўяди.

Халқаро хавотирлар

Жума куни АҚШнинг "Фридом Хаус" ташкилоти Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши ва дўппосланишини қоралаган ҳамда уни зудлик билан озод этишга чақирган.

Image caption RSF: 'Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши Тожикистондаги ўзбек жамоасини қўрқитиб қўйиш ҳаракатидир'

"Тожик расмийлари экстремизмга қарши курашдан ўзгача фикрни бўғиш ва журналистларнинг сиёсий нозик мавзуларни ёритишларига тўсқинлик қилишда фойдаланиб келишади. "Фридом Хаус" расмийларни Усмоновни озод қилиш ва ҳибсдалик чоғида унинг ҳуқуқларини тўла таъминлашга чақиради", дейилади ташкилот чиқарган баёнотда.

"Фридом Хаус" 2011 йилги ҳисоботида Тожикистонни эркин бўлмаган давлатлар ва тожик матбуотини эркин бўлмаган матбуот сирасига киритган.

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишини "Тожикистондаги ўзбек жамоасини қўрқитиб қўйиш ҳаракати" дея изоҳлаган.

"Ўзбеклар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги дипломатик зиддиятлар учун “товон” тўламоқда", деб айтган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўз баёнотида.

Таниқли ўзбек ёзувчиси бўлган Ўринбой Усмонов Тожикистондаги ўзбек жамоасининг энг кўзга кўринган вакилидир.

2001 йилда унинг 50 йиллик юбилейи Хўжанддаги адабий жамоатчилик томонидан кенг нишонланган.

Яқинларига кўра, Сўғд вилоят ҳокимияти бу йил Ўринбой Усмоновнинг 60 ёшга тўлишини расмий равишда нишонлаш ҳақида қарор чиқарганди.

Яқинлари шу йил бошида қанд диабетига чалинган Ўринбой Усмоновнинг аҳволидан жиддий хавотир билдиришмоқда.

Улар Ўринбой Усмоновнинг жума куни ўзларига ҳибсхонадан берилган кийимлари ювилгани, аммо уларда қон доғлари қолганини айтишган.

Шанба куни Президент Имомали Раҳмонга мурожаат билан чиққан журналистнинг оила аъзолари Ўринбой Усмоновнинг бегуноҳ эканини айтиб, уни озод қилишда ёрдам беришини сўрашган.

Тожикистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳларини ўзида бирлаштирган "Қийноқларга қарши Конвенциянинг бажарилиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлаш жамоат ташкилотлари Коалицияси" тожик ҳукуматини Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши, унга қўйилган айблар ва қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан зудлик билан холис ва ҳар томонлама текширув ўтказишга чақирган.

Би-би-си, Британия ва АҚШ ҳукуматлари Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишини қоралаганлар ва уни дарҳол озод этишни талаб қилишган.

Би-би-си тингловчилари Ўринбой Усмон ҳақида:

Meн Ўринбой акани жуда яхши биламан. У киши бу йўлларга кириб кетишларига мутлоқо ишонмайман. Ўринбой ака, ОЛЛОҲ хохласа оқ бўлиб чиқадилар.

Назиров Раҳим, Самара

...Ўринбой Усмонни тезроқ чиқариб юборишларини илтимос қиламан. Бу одам унақа эмас. Кейин ҳозир соғлиқлари ёмон. Ўша кунлари докторга кўринишим керак деб юргандилар...

Пўлат Аландар, Тошкент

Ўринбой ака лавҳаларни тайёрлашда бизга доимо пухта хушёрлик билан ёндошишни урғулаб келганлар. Устознинг бизга беминнат маслаҳатлари ҳар дом қўл келган. Мен жуда хайратдаманки, бу юмшоқ кўнгилли олийжаноб бир инсонни ақлга сиғмас айб қўйиб ҳибс қилсалар. Ўринбой ака икки дунёда ҳам ундай ташкилотлар орасида бўлишига ишониб бўлмайди. Мен Ўринбой акани жуда яхши биламан. Мен Тожикистон махсус химатига ҳам қойил қолмадим. Бир иш қилсинларки, одам сал ишонсин. Яқин дўстлари ишонмаган айблов бу - ақлсизлик!!!.

Сўғдлик тингловчи

BBC Ўзбек хизмати Марказий Осиёда ўзбеклар ҳаётини тўлақонли ёритиб келган жаҳон радиоси сифатида регион халқлари орасида катта обрў-эътиборга эга. Бунда албатта, маҳаллий ходимларнинг хизмати беқиёсдир. Ўринбой акани узоқ йиллардан бери биламан. Ўқувчилик йилларимда, хали журналистика факултетида ўқимасимдан олдин, бу инсон биз ёшларга устозлик қилганлар. Кейинчалик жаҳон радиолари ўзбек хизматида фаолият олиб борарканмиз, Ўринбой ака ҳар доим бизларга қимматли маслахатларини бериб келганлар.

Равшан Шамс, Спитамен.

Urunboy hides his courage in quietness. But it is courage, and kindness, that mark him out. He is that rare thing: a person who is naturally fair. In a fiercely partisan country, Urunboy thinks for himself. He sees neither goodies or baddies, just life in the round.

Colleague, Britain