Қирғизистон парламенти вакиллари қандай қилиб ростгўйликка эришишмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аён бўлишича, ҳаммасига Қирғизистон парламентидаги мажлислар залини қандай қилиб безатишга оид мунозара сабаб бўлган.

Қирғизистоннинг АКИpress ахборот агентлиги эса, бу хусусда парламент вакилларининг ўзига хос таклифларига бирма-бир тўхталиб ўтган.

Дейлик, мухолифатдаги "Ар-Намис" партияси вакили Акылбек Жапаров мажлислар зали деворига "Биз Худога ишонамиз," деган ёзувни илиб қўйишни таклиф этган.

Жаноб Жапаров ўзи ғоясини асослаш учун худди шундай ёзув илиғлиқ турган Америка парламентини мисол қилиб келтирган.

"АҚШ собиқ президенти Билл Клинтонга нима учун импичмент эълон қилишганди: Қандайдир ёмон иш қилгани учун эмас, "Биз Худога ишонамиз," деган сўзлар ёзилган парламент биносида ёлғон сўзлагани учун. Бу каби ёзув парламентда ҳеч ким алдамаслиги, ҳамма фақат рост гапириши лозимлигини англатади", деб айтган жаноб Жапаров.

Социал-демократлар партияси вакили Дониёр Тербишалиев ҳам ундан қолишмаган.

Хабарларга кўра, жаноб Тербишалиев , "Биз халқ учун хизмат қиламиз," деган сўзлар ҳам қўшиб қўйилса, ёмон бўлмасди, деган ғоя билан чиққан.

"Ар-Намис" партиясидан бошқа бир вакилнинг таклифи эса, қолган ҳаммасиникини ортда қолдириб кетган.

Аён бўлишича, вакил Турсунбой Бакир уулу парламент минбарида ёлғонни тутувчи жиҳоз ўрнатишни таклиф этган.

Аммо унинг ташаббуси парламент раҳбарияти томонидан олқишланмаган.

Парламент қўмитасидагилар техник жиҳатдан буни амалга ошириш қийин бўлишини айтишган.

Улар махсус ускунадан ташқари, уни ишлатишни биладиган мутахассис ҳам керак бўлишини таъкидлашган.

Жин қувиш

Шу йил апрел ойида эса, вакиллар "ёвуз руҳларни ҳайдаш" учун парламент биносида қўй сўйиб, қурбонлик ҳам келтиришганди.

Барча депутатлар иштирок этган маросимда еттита қўй сўйилиб, қурбонлик гўшти қариялар ва ногиронлар уйларига тарқатилганди.

Улар қилган қурбонликларимиз боши берк кўчага кириб қолган уч партиядан иборат коалицион ҳукуматнинг ишларига барака беради, деб ҳам умид қилишганди.

Маросим учун 120 депутатнинг ҳар биридан ихтиёрий равишда 700 қирғиз сўмидан (15 доллар) йиғиб олинганди.

Собиқ президентлар Асқар Акаев ва Қурмонбек Бакиевлар даврида ҳам қирғиз ҳукумати ва Олий Кенгаш биноларида жиндан асраш, кўз тегишдан ҳамда турли бало-казолардан сақлаш йўлида турли маросимлар ўтказилган.

Янги парламент

Қирғизистондаги янги парламент сайловлари ўтган октябр ойида, мамлакат жанубида юз берган қонли этник низолардан қарийб ярим йил ўтиб бўлиб ўтганди.

Мамлакат Жокоргу Кенеши сайловда энг кўп овоз тўплаган беш партия аъзоларидан таркиб топганди.

Парламентда мухолифатдаги миллатчи "Ата Журт" партияси 28, ҳукуматпараст Социал-демократик партия 26 ўрин, Кремлпараст "Ар-Намис" партияси 25, Республикачилар 23 ва ҳукуматпараст "Ота макон" партияси 18 ўринни эгаллаганди.

Бунинг ортидан Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг парламент спикери ва Бош вазирни тайин этишга қаратилган бир қатор уринишлари бесамар якунланганди.

Янги қирғиз ҳукумати бир неча борлик уринишлар ортидан ўтган декабр ойининг ўрталарида ташкил топганди.

Парламент сайловларидан нақ икки ой ўтиб, Қирғизистонда янги ҳукумат қасамёдга келтирилганди.

Бунинг ортидан Қирғизистонда Марказий Осиёдаги илк парламент бошқарувига асос солинганди.

Янги бошқарув моделига мувофиқ, энди Қирғизистонда Бош вазир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлади.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева эса, 2011 йилнинг 31 декабрида расман ўз вазифасини топширади.