Қонли июн низоларига саҳна бўлган Қирғизистон жанубида 16 та ёшлар маркази очилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бирлашган Миллатларнинг ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси Қирғизистон Ёшлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган йил қонли этник низоларга саҳна бўлган жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларининг ҳар бирида саккизтадан ёшлар маркази очмоқчи.

Хабарларга кўра, ўтган ҳафта Ўш вилоятининг Ўзган ва Жалол-Обод вилоятининг Ноокен туманларида эса, илк ёшлар марказлари катта тантаналар билан очилган.

Бунча катта сондаги марказларини очишдан мақсад - ёшларга лидерлик малакасини ўргатиш, миллий тоқатлилик ғояларини тарғиб этиш, компьютердан сабоқ бериш ва турли хорижий тилларни ўргатиш экани айтилади.

Марказларда ёшларга сабоқ беришдан ташқари, уларнинг мулоқот қилишлари, турли тадбирларни биргаликда режалаштиришлари ва амалга оширишлари ҳам кўзда тутилган.

Янги дастур кенг кўламли экани ва тинчликни тарғиб этиш шиори остида олиб борилиши айтилади.

"Албатта, ҳозир бундай ёшлар марказлари керак. Чунки улар миллатчиликни аритишга ёрдам беради", дейди биз билан суҳбатда ўшлик ёшлардан бири.

Мирзоҳид ҳозир Қирғизистон жанубида ёшларнинг дам олишлари, ҳордиқ чиқаришлари учун ҳеч бир шароит йўқлигини алоҳида урғулайди.

"Шахсан мен бундай ёшлар марказига борган бўлардим. Менимча, бу режа бошқа ёшларни ҳам қизиқтирса керак," дейди у ишонч билан.

Мирзоҳид ҳозир ёшлар ишлай дейишса, иш йўқлиги, уйда бекор ўтиришдан бошқа чоралари қолмаганини ҳам айтади.

"Маҳаллий ёшлар бунинг оқибатида четга, дейлик, Россия ёки Туркияга иш излаб кетишяпти," дейди у.

"Дейлик, менинг барча дўстларим Москвада. Кекса ота-онам бўлганлиги учунгина мен кетмадим".

Қирғизистон жанубида ўтган йили кечган қонли низолар сабаб ўн минглаб тижоратлар вайрон этилганди.

Ҳатто, расмий рақамларда ҳам йўқотилган иш ўринларининг ўн минглаб экани айтилганди.

Мирзоҳид ўзи ҳам ишсиз экани, ҳозир ҳаммоллик ва бироз ҳунармандчилик қилиб пул топишини таъкидлайди.

Бирлашган Миллатлар ходимларига кўра, шу йил апрел ойидан бошлаб қирғизистонлик ёшларга бизнес малакасини ўргата бошлашган.

Аён бўлишича, бу каби курсларни тугатган ёшларга ўз шахсий тижоратларини очишлари учун 7.000 АҚШ доллари миқдорида грант берилади.

Мирзоҳид ҳозир маҳаллий қирғиз тенгдошлари билан ораларида ҳеч бир муаммо йўқлиги, аммо четдагилари ҳақида ҳеч нарса дея олмаслигини ҳам айтади.

"Кўчада кўрамиз, бир-биримизга қовоғимизни солиб, миқ этмай ўтиб кетамиз".

Июн низолари ортидан Қирғизистон жанубида кучайган таъқиблар сабаб, аксарият хонадонлар ўсмир ёшидаги фарзандларини четга чиқариб юборишга ҳаракат қилишганди.

Мирзоҳид улар ҳам ўз уйларига доимий яшашга қайтмай, фақат келиб, кетиб юришибди, дейди.

Қирғизистон жанубида келиб чиққан қонли низоларда миллатчилик руҳида бўлган ёшларнинг ўринлари ҳам озмунча бўлмагани айтилганди.

Мирзоҳиднинг энг сўнггида таъкидлашича, "Яхши ёки ёмон томонга ўзгариши, барибир, одамнинг ўзига боғлиқ бўлади".