Жаҳон Қочқинлар кунида ўшлик қочқинларнинг бугунига бир назар...

Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг баён қилишича, дунёдаги жаъми қочқинларнинг 80 фоизи қашшоқ давлатларда бошпана топишган.

Шу сабаб, уларнинг фуқаролик олиш имкониятлари ҳам деярли йўқ, дейди ташкилот.

Сўнгги рақамлар, шунда ҳам, фақат 2010 йилги вазиятни акс этдиради, холос.

Аён бўлишича, ўтган йил қарийб ўн беш ярим миллион киши қочқин сифатида расман рўйхатга олинган.

Аммо уларнинг сирасига араб дунёсида кузатилаётган ғалаёнлар сабаб, қочқинликка юз тутганлар киришмайди.

Бирлашган Миллатлар расман қочқин, деб топганларнинг ярмидан кўпроғини афғонлар ва ироқликлар ташкил этишган.

Покистон эса, дунёда энг катта сондаги қочқинларга бошпана берган давлат экан.

Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида кечган қонли низолар ҳам ўн минглаб кишиларнинг муҳожиратга юз тутишларига сабаб бўлган.

Аксарияти ўзбеклардан иборат қочқинлар бутунбошли оилалари билан ўз уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлишган.

Улардан аксарияти бугун Россия ёки Туркиядан бошпана топишган.

Муҳожиратдаги ҳаёт

Икки боланинг онаси 35 ёшли Гуласал бир йилдирки Туркиянинг Газиантеп вилоятида яшайди.

Асли ўшлик. Қирғин кунлари уй-жойини ташлаб, бир амаллаб Туркияга қочиб борган.

У Газиантепдаги ўзи билган қирғизистонлик қочқин оилаларнинг сони юздан ортишини айтади.

Гуласал Бирлашган Миллатларнинг барча мулоқотларидан ўтишгани, аммо тақдирлари ҳануз мавҳум қолаётганини таъкидлайди.

"Муҳожирлик хизматига қўнғироқ қилсак, фақат кутинглар, дейишдан нарига ўтишмаяпти", дейди у.

Гуласалнинг айтишича, қочқинларга бирор бир молиявий ёрдам кўрсатилмагани боис, кўпчилик Қирғизистонга қайтиш ёки Россияга чиқиб кетишга мажбур бўлишяпти.

Орамизда иккиланиб, нима қилишини билмай турганлар ҳам бор, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан англашилишича, айрим қочқинлар қўлларидаги Қирғизистон паспорти ва Бирлашган Миллатларнинг расмий ҳужжати билан Россия фуқаролигини ҳам олишаётган экан.

"Чунки Россия фуқароси бўлсангиз, Ўзбекистонда ҳам яшашингиз осон бўлади, кўпчилик шуни ҳам ўйлаяпти-да..."

Қочқинлик...

Гуласал қочоқ бўлиб яшашнинг ниҳоятда қийин эканини айтади.

"Қўлингизда фақат ушбу давлатда қолишга изн берувчи ҳужжат бўлади, холос. На бир фуқаролик ололасиз, на бир ишлаш ҳаққингиз бўлади..."

Пул керак бўлгани учун, мен билган қочқинлар яширинча, кунлик ишларда ишлашади, дейди у.

"Қандайдир қурилишларда, ресторанларда идиш-товоқ ювиб, подъездларни тозалаб, кунига 20-30 лира топиб, шунга тирикчилик қилишади".

Ўзининг турмуш ўртоғи эса, Россияда ишлайди. Шу боис, юбориб турган пулига унча-мунча тирикчилик қилишади.

Гуласал ҳалиям кунларига сахий одамлар яраб турганлигини айтади.

"Чўнтагингизга яраша ижарага уй оласиз. Бир амаллаб фақат музлатгич сотиб оласиз. Чунки бусиз иложи йўқ. Қолган ҳаммаси хайрия. Қўшниларимиз Аллоҳ розилиги йўлида деб, гилам, диван, газ плитаси, ҳатто, телевизоргача чиқариб беришган. Бу ердаги ҳамма ўзбек қочқинларнинг уйи ана шундай тўлган", дейди у.

"Чунки топган пулингиз фақат қорин ва бир амаллаб, ижара ҳақига етади, холос".

"Устига устак, сувга, электр токига пул тўлашингиз керак. Газ йўқлигидан, бутун қишни кўмир ёқиб, ўтказдик. Чунки бизни юборган жойида табиий газ йўқ. Шароитлари жуда қийин".

Гуласал учинчи давлатга чиқиб кетиш имкони бўлиб қолар, деган умидда шунча қийинчиликларга чидаб яшаётганларини айтади.

Бирлашган Миллатлар идорасига кўра эса, ривожланган давлатларни муҳожирлар оқими керагидан ортиқ чўчитаётган бир пайтда, камбағалроқларининг кунлари ёлғиз ўзларига қолган.