Қозоғистонда муътадил Исломни ривожлантириш ғояси ишлаб чиқилмоқда

Бир миллат – бир дин. Қозоғистонда мана шу шиор остида мўътадил Исломни ривожлантириш ғояси ишлаб чиқилмоқда.

Яқинда тузилган Диний ишлар бўйича агентлик мамлакатдаги диний бирлашмаларни янги қонунлар билан ислоҳ қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Қозоғистонда Ислом динини бир тартибга солиш ҳаракатлари мамлакатнинг йирик шаҳарларида содир этилган портлашлардан сўнг куннинг долзарб мавзусига айланган.

Диний ишлар бўйича агентлик Қозоғистонда Ислом динини мўътадиллаштириш бўйича ҳам қонунчиликда ва ҳам тузилмаларда улкан ислоҳoтлар қилишни ўз олдига мақсад қилган.

“Мақсадимиз Қозоғистонда диний аҳволни мураккаблашишига йўл қўймаслик. Дунёда содир бўлаётган айрим нарсаларга бўлган қарашни радикаллашиб кетишининг олдини олиш”, - дейди диний ишлар бўйича агентлик раҳбари Қайрат Лама Шариф.

Лама Шариф жанобларига кўра, Қозоғистоннинг 70 фоиз аҳолиси Исломнинг сунъий ақидасига амал қилувчиларни ташкил қилади.

Ислом ушбу мамлакатга 20-асрда эмас, азалдан кириб келган ва ўзининг маълум анъанасига эга.

Қозоғистонда бундан бир ой олдин Диний ишлар бўйича агентлик ташкил қилиниб, унга республиканинг Саудия Арабистонидаги элчиси Қайрат Лама Шариф тайинланганди.

Лама Шариф жаноблари агентлик асосий эътиборни диний эстремизмнинг олдини олишга қаратишини маълум қилган.

Ҳукуматнинг қўққисдан диний жабҳада ўзгаришларга қўл уришини кузатувчилар мамлакатдаги сўнги вақтларда содир бўлган турли қўпорувчилик портлашларига боғлашмоқда.

Мутахассисларга кўра, диний ишлар бўйича агентлик режадан ташқари ҳолатда пайдо бўлган. Сўнгги вақтлардаги Остона ва Ақтўбеда содир бўлган худкўшлик портлашлари давлатни мана шундай марказлашган агентлик тузишга мажбур қилган.

Қозоғистон Мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибековнинг айтишича, давлат ҳуқуқ-тартибот органлари жамиятда пайдо бўлаётган экстремистик қарашга эга шахслар билан кураша олмаяпти. Шунинг учун ақл ва қалбни эгаллашга ҳаракатлар бошланган.

“Давлат бошқа услубларга урғу бермоқчи бўлаяпти, куч ишлатар услубдан ташқари ғояни ишга солиб, диний жамоатчиликнинг ривожланиши ва бошқаришга ҳаракат қилиб кўрмоқчи”, - дейди Мурат Телибеков.

Қозоғистонда сўнгги вақтларда Ислом жадаллик билан қайта тикланишни бошидан кечираётгани айтилади.

Айниқса, шаҳар жойларида ушбу тенденция тез содир бўлаётгани эътироф этилади.

“Йирик шаҳарлар диндорлик кучайишининг маркази бўлиб бораётганини эътироф этиш керак. Ва бу - ушбу тенденциянинг ўта жиддийлигини англатади, ахир шаҳарлар бу қишлоқ эмас, улар замонавий жамиятнинг ривожланишини белгилаб беради”, - дейди Қозоғистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институти бош илмий ходими Тимур Козиров.

Ҳукумат ўз ҳаракатларида Ислом оламининг марказида фаол давлат бўлишга интилаётганини кўриш мумкин.

2011 йили Қозоғистон Ислом конференцияси ташкилотига раислик қилмоқда.

Остонада динлараро тоқатлиликка чақурувчи конференциялар шахсан президент Назарбоев ташаббуси остида ўтказилиб турилади.

Бундан ташқари, Қозоғистон Марказий Осиёнинг ҳалол саноат бўйича марказига айланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.