"Қирғизистонда миллатлараро муносабатлар бобида эришилган ютуқлар ҳақида гапиришга ҳали эрта" - ОХҲТ

Image caption Қирғиз милициясига аҳолининг фақат саккиз фоизи ишониши аниқланган

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус гуруҳи қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва аҳоли ўртасида ўзаро ишончни қайта тиклаш учун бир ойдан буён Ўш ва Жалол-Ободда иш олиб бормоқда.

Гуруҳга швейцариялик дипломат Маркус бошчилик қилаяпти. Би-би-си Маркус Мюллердан гуруҳнинг ҳозирга қадар бажарган ишлари ҳақида сўради:

Мюллер: Биз Қирғизистон жанубида деярли бир ойдан буён иш олиб бораяпмиз. Аммо, ҳозирча муваффақиятлар ҳақида гапириш эрта деб ўйлайман. Қирғизистон милициясида мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бир ой етарли эмас. Қисқа вақт ичида ҳеч ким мўъжиза кўрсата олмайди. Қирғизистон милициясидаги муаммолар 20 йиллик тарихга эга. Милиция ўз вазифасини Совет тузумида тўлақонли бажара оларди, лекин ҳозир бундай эмас. Қирғизистон мустақилликка эришган илк йилларда Ички ишлар вазирлигида 26 минг ходим ишларди. Орадан 20 йил ўтган бўлса ҳамки, милиция вазифалари ҳозиргача ўзгармасдан келаётир. Қирғизистон милициясини ислоҳ қилиш бўйича ҳукумат ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамкорлик қилиб келади. Бу давр ичида милицияда баъзи жузъий ўзгаришлар бўлди, аммо биз истаган ислоҳот амалга оширилгани йўқ. Чунки Акаев ва Бакиев ҳукуматлари милициядаги муаммога деярли эътибор беришмас эди. Аҳоли ишончи ва ҳамкорлиги бўлмас экан, полиция самарали иш олиб бора олмайди. Лекин, Қирғизистон аҳолисининг мамлакат милициясига муносабати ниҳоятда салбий. Мисол учун, Финландияда аҳолининг 95 фоизи полицияни қўллаб-қувватласа, Қирғизистонда эса, сўнгги сўровларга кўра, аҳолининг бор йўғи 8 фоизи милицияни дастаклар экан. Шунинг учун, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 20 маслаҳатчиси туманлар миқёсида милиция билан ҳамкорлик қилмоқда ва улар воситасида аҳоли вакиллари билан учрашмоқда, норасмий мулоқотлар ўтказмоқда.

Би-би-си: Гуруҳингизга Кирғизистон фуқаролари билан бевосита алоқада бўлиш ваколати берилмаган. Шундай бўлса-да, сизлар қирғиз ҳамкорларингиз билан бирга шаҳар маҳаллаларига, қишлоқларга бориб, вазиятни кузатаяпсизлар. Аҳолининг милицияга бўлган ишончини қозониш учун қандай чоралар кўраяпсиз?

Image caption Маркус Мюллер собиқ президент Акаев ва Бакиевлар ички ишлар соҳасини эътиборсиз қолдиришганини айтади

Мюллер: Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ҳам шу - ўзаро ишончни тиклаш. Ўзаро келишувимизга мувофиқ, биз аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Бу ички ишлар вазирлиги талаби билан бўлаяпти. Бу, бир маънода, бизнинг фаолиятимизни чеклаб қўяди. Аммо, бошқа томондан аҳоли билан милиция воситачилигида мулоқот ўтказишга бизда чекловлар йўқ. Аҳоли билан мулоқот ўтказишда маҳаллий милиция нозирлари, маҳалла қўмиталари ва ёшлар гуруҳлари бизнинг асосий ҳамкорларимиз ҳисобланади. Бир қарашда аҳоли билан алоҳида учрашувларнинг йўқлиги бизнинг фаолиятимизга халақит берса, полиция билан ҳамкорлик қилишимиз баробарида уларга амалий маслаҳатлар бераётганимиз яхши бўлаяпти.

Би-би-си: Лойиҳа бошланган пайт Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти мутахассислари билан маҳаллий милиция ходимлари ўртасидаги муносабатлар қандай эди ва ҳозирда қандай?

Мюллер: Январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида бу ерга илк бор келганимизда, маҳаллий милиция биз учун махсус жой ажратиб қўйишган эди. Илк дамлари шаҳар ва район ички ишлар идораларида хорижийларнинг юриши осон бўлмаган эди. Орадан тўрт ой ўтиб, биз ва маҳаллий милиция ўртасида яхши алоқалар ўрнатилганини айтиб ўтишим лозим. Улар биз ҳам полиция ходимлари эканлигимизни ва бизда ҳам тажриба борлигини англаб етишди. Энг муҳими биз бу ерга уларни танқид қилиш учун эмас, балки уларга ёрдам ва маслаҳат бериш учун келганимизни тушуниб етишди.

Би-би-си: Ҳозирга келиб, қирғиз ҳамкорларингиз билан режалаган мақсадларга эриша олдингизми?

Мюллер: Ҳали айтганимдек, биз яхши ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Жорий йил охирига қадар, яхши ўзгаришлар бўлганини кўрсак бўлади деб ўйлайман. Аммо, инсон ҳуқуқлари соҳасида милиция фаолиятидан қониққаним йўқлигини ҳам айтиб ўтишим зарур. Биз инсон ҳуқуқларининг бузилаётгани ҳақидаги хабарларни мунтазам олиб турамиз. Биз бу соҳада кузатилаётган қонунбузарликлардан хавотирдамиз. Биз Халқаро Амнистия ва ё БМТ Инсон Ҳуқуқлари қўмитаси эмасмиз, албатта. Аммо, биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам милиция билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Биз уларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кузатувлар олиб бориш ва эришилган ютуқлар ҳақида аҳолини бохабар этишни маслаҳат бераяпмиз. Миллатлараро муносабатлар масаласида ҳам эришилган ютуқлар ҳақида гапиришга ҳали эрта деб ўйлайман. Ушбу муаммони бартараф этиш учун ҳали кўп вақт ва махсус стратегия керак. Ҳукумат ҳозирга келиб миллатлараро муносабатга оид сиёсатни ўзгартириш кераклигини тушуниб етди. Бу йўналишда ҳам биз ўз дастагимиз ва маслаҳатимизни беришга тайёрмиз.