Қозоғистон ҳукумати миллий таомларга халқаро патент олиш ҳаракатида

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистон ҳукумати миллий таомларга халқаро патент олишни режаламоқда. Патент олинса қази-қарта, қимиз, бешбармоқ каби тамоалардан фойда кўриш учун Қозоғистондан руҳсатнома олишга тўғри келиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу мавзу Қозоғистон парламентида ҳам баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Мутахассисларга кўра, таом учун халқаро патент олиш жуда мураккаб иш ва исталган ҳолатда ушбу патентни четлаб ўтиш мумкин.

Миллий таомларга патент олиш восвосаси олмониялик тадбиркорнинг қозоғистонликларга қимиздан қандай фойда олишни ўргатмоқчи бўлганидан кейин бошланди.

500 дан ортиқ бияни соғиб қимиз бизнеси билан шуғулланадиган олмониялик Ганс Цолман яқинда Қозоғистонга келиб маҳаллий тадбиркорлар қимизни бозорбоп тайёрламаётганини ва бу борада қозоқларга ўз тажрибасини ўргатиши мумкинлигини айтди. Бу ўз навбатида оддий қозоқлардан тортиб расмийларнинг ҳам ғурурини уйғотиб юборди.

Маҳаллий матбуотда олмонлар қимизимизни, яҳудийлар қумронимизни тортиб олаяпти дея бонг урилди.

Бу масалага расмий равишда жавоб беришга тўғри келди. Адлия вазирлиги қозоқ миллий таомларини ҳеч ким эгаллаб олмоқчи эмас дея тинчлантирди.

"Бошқа мамлакатда бизнинг қимизимиз ва гўштимизни ишлаб чиқаришга ҳали ҳеч ким патент олгани йўқ. Бир немис қимиз чиқараяпти деган гаплар бор. Лекин, у қимизга бир нарсалар қўшади, шарбат ё олмага ўхшаш нарса қўшади. Бу каби патент олиб ётган кўп. Аммо, қозоқнинг қимизи ва қази қартасига ҳозирча ҳеч ким талабгор эмас. Қўрқмасангиз ҳам бўлади", дейди Адлия вазирининг ўринбосари Амирхан Аманбаев.

Аманбаев жаноблари Маданият вазирлиги билан ушбу таомларни ҳимоя қилиш учун қонун лойиҳаси устида иш бораётганини таъкидлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Парламент депутатлари ўртасида ушбу шов - шувлардан сўнг миллий таомлар билан қўшиб кўпкари, кураш каби миллий ўйинларни ҳам қозоқ номига боғлаш керак деган мавзуда баҳсу мунозаралар ҳам бўлган.

Депутатларга кўра Чехия пивосига патент олиниши уларни мана шу ишга ундаган. 1785 йилдан бери Чехиянинг бир шаҳрида ишлаб чиқилиб Америкага экспорт қилинган махсус пиво турига чехияликларнинг муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритиши халқ вакилларига илҳом берган кўринади.

Мажлис депутати Рўзиқул Холмуродов ҳамкасблари билан бу борада айни фикрда эмас. Унга кўра бирор таомга патент олиш учун унинг хусусияти бўлиши керак.

"Ҳеч ким патент ололмайди. Патент олиши учун одам бирор нарсани ўйлаб чиқиши керак. Таомлар эса қачондан бери бор. Уни ҳозир ким ўзиники қилиб олиши мумкин? Агарда шу қимизнинг 1-2 йил сақлаш услубини ўйлаб топса, ана унда патент олиш мумкин", дейди Қозоғистон Парламентининг қуйи палатаси депутати Рўзиқул Холмуродов.

Маҳаллий журналистлар агар миллий таомларга халқаро патент олинса, ер куррасининг исталган нуқтасида ушбу ном остида таом пишириб фойда олаётган тадбиркор Қозоғистон билан келишиши керак бўлишини айтишмоқда.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаровга кўра таом учун патент олиш жуда мураккаб ва ушбу чекловларни ҳар қандай йўл билан айланиб ўтиши мумкин.

"Агар таомни патентлаб, қазини пишириш услубини ёзиб чиқишса, пишириш услубида 70 ёки 90 даража пиширилади деб ёзилса мен 95 даража иссиқликда пиширсам, уларнинг патентига алоқаси бўлмай қолади. Бунинг нозик томонлари жуда ҳам кўп. Мисол учун, улар зирани 10 грамм солишса, мен 20 грамм солсам уларнинг патентидан чиқиб кетаман", дейди Акбар Умаров.

Акбар Умаровга кўра, бундан ташқари бу таомларни бир халққа тегишли эканлигини ҳеч ким исботлаб беролмайди. "Ушбу таомларни пиширувчи халқлар турк ҳисобланади ва уларнинг тарихи бир", дейди ўзбекистонлик таом устаси.