Британия ва Америка элчихонаси вакиллари Ўринбой Усмоннинг оиласи билан учрашди

Буюк Британия ва Америка элчихонаси вакиллари Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятига сафар қилиб, 11 кундан бери ҳибсда қолаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг оиласи ва ҳимоячиси билан учрашишган.

Дипломатлар билан учрашувда хўжандлик журналист Парвона Фируз ҳам бўлган. Журналистга кўра, элчихоналар вакиллари ҳибс ва тинтув жараёнлари қандай юз бергани ҳақида қатор саволлар сўрашган.

"Ишхона тинтув қилинганида шу ерда бўлган техник ходим Фаррух тинтув пайти қонун бузилгани, керакли ҳужжат ва рухсатномалар кўрсатилмагани ҳақида гапирди. Учрашувда Ўринбой усмоннинг ўғли ва ҳимоячиси ҳам бор эдилар. Дипломатлар асосан саволлар сўрашди ва ўз ҳисоботларига нималарни киритиш, нимани ёзиш ҳақида қизиқишди", дейди у.

Ўз ўрнида дипломатлар Ўринбой Усмоннинг иши яқиндан кузатилаётгани ва уни озод қилиш йўлида барча ҳаракатлар қилинишини айтишган, бироқ ҳеч қандай аниқ ваъдаларни беришмаган.

"Улар, айниқса, Британия элчихонаси бу иш бўйича қаттиқ ишлаётганини айтишди. Уларга кўра, элчихона ҳар куни Би-би-сининг Лондондаги бош идораси билан мулоқотда ва хабарларни яқиндан кузатиб бораётган экан. Элчихона вакиллари ҳибс хато бўлганини ва биз хавотир бўлмаслигимиз кераклигини айтиб, далда беришди", дейди Ўринбой Усмоннинг ўғли Ойбек Усмонов.

Би-би-сига тушунилишича, Ўринбой Усмоннинг масаласи Президент Раҳмон ва Америка элчиси ўртасидаги учрашувда ҳам кўтарилган.

'Журналистлар қўрқиб қолишди'

Журналист Парвона Фируз "Ўринбой Усмоннинг ҳеч қанақа диний партия аъзоси эмас"лигига ишонишини айтади.

"Мен у билан 10 йилки ёнма - ён ишлайман. Ўзим неча маротаба гувоҳ бўлганман - Ўринбой ака доимо ёшларни бу каби диний партияларга кириб қолишдан қайтарганлар. У киши Исломни яхши биларди ва бу партия аслида Исломга зарар етказади деб биларди", дейди Ўринбой Усмон билан бир бинода фаолият қилиб келган журналист.

Би-би-си мухбири ҳибсга олиниши, унинг айтишича, кўп журналистларнинг ғазабини келтирган.

"Кўп журналистлар ҳайратда, кимлардир ғазабда. Кўпчилик ҳозир қўрқиб қолди. Улар журналист сифатида ёзган мақолалари ортидан бошларига қандай кун тушиши мумкинлигидан хавотирдалар. Кўпчилик бу ерда қонунлар ишламаслигини билишди. Биз инсон ҳуқуқлари жуда қўпол равишда топталиши ҳеч гап эмаслигини кўриб турибмиз ҳозир. Афсус", дейди хўжандлик журналист Парвона Фируз.

Ашёвий далиллар кўздан кечирилди

13 июн куни ҳибсга олинган Ўринбой Усмон аввалига Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасида сақланган ва кеча Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига ўтказилганди. Журналистга нисбатан экстремист ташкилотга алоқадорлик айблови қўйилди.

Бугун Тожикистон расмийлари Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонни ҳибсга олиш жараёнида қўлга киритилган ашёвий далилларни кўздан кечиришган. Хўжанддаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ўтган бу жараёнда журналистнинг ўзи ва унинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова ҳам иштирок этишган.

"Бугун сўроқ қилишмади, аммо унинг ишхонасини тинтув қилган пайти қўлга киритилган ашёвий далилларни кўздан кечиришди. Унинг ишхонасида қўлга олинган нарсалар - иш компютери ва шахсий ён дафтарчасини кўриб чиқишмоқда. Ҳозирча кўздан кечириш давом этмоқда ва жараён тугамади. Компютери эса махсус мутахассисга топширилган, у текшираяпти. Жараён ҳали тугагани йўқ ва натижалар ҳали маълум эмас", дейди ҳимоячи.

Файзинисо Воҳидова бугун Ўринбой Усмоннинг руҳи анча тетик эканини айтган.

Image caption Ҳимоячи бугун Ўринбой Усмоннинг руҳи анча тетиклигини айтади

"Олдин анча тушкун эди. Соғлиғидан шикоят қилганди. Бугун эса, дадил эди, кўздан кечириш жараёнида фаол иштирок этди. Нотўғри нарсани рад қилди, керакли жойда ўз фикрни айтиб турибди. Умуман, ўзини ҳимоя қилишаётганини тушуниб етган. Ҳозир тергов изолятори эмасми, бу ерда аҳвол ҳам анча яхши. У ерда уриш ва ё қийнашга йўл қўйишмайди. Изолятор унинг аҳволи ва соғлиғи учун жавобгардир", дейди у.

Воҳидова хонимга кўра, Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасида унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги даъволарни ҳали ҳам тасдиқлаш имкони бўлмаган.

"У мен билан суҳбатда буни рад этди. Чунки, мен бу борада Ўринбой билан уни ҳибсга олишган жойда сўраган эдим. Шу боис ҳам уни калтаклашгани ҳақидаги саволларни рад этди. Мен эрта-индин у билан яккама-якка учрашишга ҳаракат қилаяпман. Балки шунда у очиқ гапирар, ниманидир айтар... Лекин илк учрашувда рад этганди", дейди журналистнинг ҳимоячиси.

Ҳозир Ўринбой Усмонга 307-модданинг 2-қисми бўйича айблов илгари сурилмоқда. Бу - Тожикистонда таъқиқланган сиёсий партияга аъзо бўлишни назарда тутади.

Воҳидова хонимга кўра, олдинда яна икки ойлик тергов жараёнлари турар экан, унга яна қандай айбловлар илгари сурилиши мумкинлиги аниқ эмас.

"Келаси икки ой мобайнида улар яна қандай айбларни қўйишади, билмаймиз. Бошқа қисмлари бўйича ҳам айбловларга далил топишса, қўйишади, бўлмаса - йўқ. Мен вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, тергов пайти унинг озодликда бўлишини талаб қилганман. Ҳали жавоб олмадим. Аммо, жавоб бериш учун керакли муҳлат ҳали тугагани ҳам йўқ", дейди ҳимоячи Файзинисо Воҳидова.

Яқинлари Ўринбой Усмоннинг соғлиғидан хавотир билдиришган. Унинг юраги хаста, қанд касаллиги билан оғрийди. Ҳафта бошларида оиласи билан учрашувда эса, боши оғриётганини ҳам қайд этган.

Ҳимоячига кўра, у кеча тергов изоляторида шифокорга мурожаат қилган.

"Унга тиббий карта очиб, ҳисобга қўйишибди. У ерда махсус тиббий бўлим ҳам бор. Керак бўлса, мутахассис шифокор ҳам чақиришади", дейди Файзинисо Воҳидова Би-би-си билан суҳбатда.