Қозоғистон ва Қирғизистон биргаликда сармоя жамғармасини ташкил этишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Қозоғистон янги жамғарма ташкил этиш билан қўшниси Қирғизистоннинг иқтисодига сармоя киритмоқчи

Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида бошланғич капитали 100 миллион долларни ташкил қилувчи сармоя жамғармаси тузилгани маълум қилинмоқда.

Ушбу жамғарма Қирғизистон иқтисодига сармоя киритиш билан шуғулланиши, бизнеснинг хусусий тармоғини қўллаб-қувватлаши ва республикада саноат базасини яратишга хизмат қилиши айтилмоқда.

Қирғизистон Иқтисодий бошқарув вазири Учқунбек Ташбаевнинг КирТАГ ахборот агентлигига айтишича, жамғарма мутлоқо замонавий принциплар асосида ишлайди.

“Қозоқ ҳамкасбларимиз билан бутун иқтисодимиз учун топ-менежерлар тайёрлаш йўналишида ишлашга келишиб олдик”, - дейди Учқунбек Ташбаев.

Бу каби жамғарма икки давлат ўртасида илк бор ташкил қилинмаяпти.

2007 йилнинг охирларида, ҳали Қурмонбек Бакиев президентлиги даврида ҳам Қозоқ – Қирғиз сармоя жамғармаси ташкил қилинган.

Ўша вақтда ҳам Қозоғистоннинг бошланишига 100 миллион доллар капитал қўйиши айтилганди.

Жамғарма Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш йўлидаги илк қадамлардан дея баҳоланганди.

Аммо турли сабаблар туфайли ушбу жамғарма фаолияти ривожланмай қолди.

Қозоғистонлик мутахассиларга кўра, сиёсий барқарорлик бўлмаган ҳудудга сармоя ётқизиш пулни ҳавога совуришдек гап.

Олма отадан иқтисодий таҳлилчи Сергей Смирновнинг айтишича, Қозоғистон ва Қирғизистон оддий газ қувури билан боғлиқ масалада бир ечимга кела олмаяпти.

“Ўзбекистоннинг Қирғизистон орқали Қозоғистонга келадиган газ қувурини таъмирлаш ва унинг юридик мақоми борасида икки давлат бир келишувга келолмаяпти. Ҳар доим мулкни қайта бўлиш содир бўлиб турадиган республикага сармоя киритишни тасаввур қилолмаяпман”, дейди Сергей Смирнов.

Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида 2010 йилнинг апрелида ҳукумат алмашгач муносабат бир муддат таранглашиб турди.

Қозоғистон хавфсизлик нуқтаи назаридан чегараларни ёпган бўлса, Қирғизистоннинг янги ҳукумат раҳбарлари Қозоғистонга сотилган Иссиқкўлдаги бир нечта санаторияни қайтариб олиш таклифини ўртага ташлашди.

Бугунги кунга келиб ушбу санаториялар Қозоғистонга 49 йилга ижарага берилгани айтилмоқда. Аммо беқарор бўлган ушбу ўлкада бу қарорнинг ҳам ўзгариб қолиши мумкинлиги эътибордан соқит эмас.

Қирғизистондаги беқарорлик туфайли икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси кескин тушиб кетганлиги ва 2010 йилда унинг 350 миллион долларни ташкил қилгани айтилади.