Танҳолик азоби: Ўринбой Усмонов оиласи билан мулоқот

Image caption Ўринбой аканинг оила аъзолари ҳар куни ундан хушхабар кутадилар.

Гоҳида инсон оломоннинг нақ ўртасида турса ҳам, ўзини кимсасиз саҳрода бўлганидек ҳис қилиши мумкин.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг Хўжанддаги ҳовлиси дарвозасидан киришимиз биланоқ унинг оиласи аъзолари кўзида ҳудди ана шундай ҳиссиётларни ўқиш мумкин эди.

Ўринбой ака оиласининг ҳаёт тарзи охирги ўн кунда бутунлай ўзгариб кетди ва уларнинг таъбирига кўра, "дўст-у душман ғалвирдан ўтди".

Ўринбой аканинг турмуш ўртоқлари Малоҳат опанинг толиққан овозларидан бу ибора ҳақиқат эканлигини англаш мумкин эди. Оила дўстларининг жуда оз сони бу "ғалвирдан ўтган"...

Ўринбой аканинг қизларидан бири Диёранинг айтишича, ҳибга олинганидан бери ўтган 11 кун мобайнида оиланинг энг яқин дўсти кўрилганлардан аксари ушбу хонадон остонасини ҳатлаб ўтмади ва отасининг аҳволини сўрамади.

"Ҳамма ўзидан қўрқади", дейди Диёра.

Қўшнилар ўзларини узоқ тутишга ҳаракат қиляптилар

Ўринбой аканинг ҳовлиларини топиб боргунга қадар бир неча қўшниларидан йўлни сўрадик. Лекин энг яқин қўшнилари ҳам "бундай одамни танимаймиз", "бу киши бу ерда турмайди", деб жавоб беришди.

Адабиёт соҳасида Ўринбой Усмонов билан йиллар мобайнида ҳамкорлик қилган, рус адабиётининг таржимони Муанввара Ойматова ушбу оила бошига тушган ҳодисалар атрофидаги сукутни ўзича талқин қилди: "Балки бу исён сукутидир"...

Ойматова хонимга кўра, матбуотда Ўринбой Усмоновга нисбатан келтирилаётган айбловларга "умуман ишониб бўлмайди".

"Ўринбой ака ўтказган тўйларда қатнашган ҳамма биладики, "Ҳизбут-таҳрир" русумлари у ёқда турсин, бу маракалардан биронтасида ҳатто сунний диний амалларга риоя қилинмаган. Мен "Ҳизбут-таҳрир" расм-русумларидан яхши хабардор эмасман, лекин аёл-у эркакнинг бир ерда ўтириб, қўшиқ-рақс бўлиши бу русумларга кирмаслигини биламан", дейди Мунаввара Ойматова.

Image caption Мунаввара Ойматова кўра, Ўринбой Усмонга нисбатан қўйилаётган айбловлар "кулгили".

Ўринбой аканинг уйида бўлган вақтимиз фарзандари "Нима учун Тожикистон расмий доирлари шу вақтгача сукут сақламоқдалар. Бизнинг очиқ мактубимиз Президентга етиб борган бўлса керак. Ҳеч бўлмаса улар ҳақиқатни айтмайдиларми? ", дея бир неча бор саволга тутишди.

Оила аъзолари Ўринбой аканинг ҳисбга олинишидан беш кун ўтиб, 18 июн куни Тожикистон Президентига мурожаат қилиб, унинг озод этилишини сўраган эдилар.

Инсонпарвар ёзувчи

Ўринбой Усмонов нафақат тажрибали мухбир, балки таниқли шоир ва ёзувчи ҳамдир. Унинг иш хонасидаги столи устида ўзбек тилида нашр этилган тўрт асари териб қўйилган.

"Кўргилик", "Спитамен қотили", "Анқонинг уруғи" ва "Синчли уй" китоблари терилган столда ўн кундан бери ҳеч ким ўтириб ишламайди.

Ўринбой Усмонов Тожикистон ёзувчилар уюшмасинин Сўғд вилотия ўзбек бўлими раиси ҳамдир.

"Ўринбой жуда ҳассос инсон, ҳамиша ҳар кимга ёрдамга тайёр, тўғри йўлни кўрсата билувчи одам. Унинг бу хислатларини мен яхши биламан. Шуни ҳам яхши биламанки, у тожик-ўзбек дўстлиги йўлида ҳамиша уриниб келган", дейди ёзувчилар уюшмаси ўзбек бўлимида Ўринбой акага ўринбосарлик қилган Шариф Нуриддинов.

Жаноб Нуриддиновга кўра, тожик ва ўзбек миллатларини бир-бирларининг адабиётлари билан яхшироқ таништириш мақсадида Ўринбой ака қатор тожик шоир ва ёзувчиларининг асарларини, жумладан Меҳмон Бахти асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Image caption Диёранинг айтишича, отаси бирон маротаба "нимага бошингга рўмол ўрамайсан", деб сўрамаган.

Сўғдда ақидапарастликка қарши кураш

Сўғддаги аксар таҳлилчилар, расмий доиралар ва ғарб дипломатлари маҳаллий жамоанинг исломлашиб бораётганлигидан бохабарлар.

Бу минтақада кўплар турли диний гуруҳларга алоқадорликда гумон қилиниб ё ҳибсга олинган, ё турли қамоқ муддатларига ҳукм қилинган.

2001 йилдан бери шу вақтгача "Ҳизбут-таҳрир"га аъзоликда айблар билан 500 дан ортиқ киши қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, улардан аксари Сўғд вилояти яшовчиларидир.

Айтиш керакки, бир йил аввал Ҳўжанд шаҳридаги милиция идорасида содир этилган худкушлик ҳужуми ортидан "экстремистик гуруҳлар" га қарши кураш янада шиддатли тус олган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва қатор халқаро ташкилотлар эса экстремистик гуруҳларга қарши кураш инсон ҳуқуқларига зарар етказиш ҳисобидан амалга оширилётганлигини айтишади.

Ўринбой Усмоновнинг адвокати Файзинисо Воҳидованинг айтишича, нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки матбуот воситлари ҳам унинг ҳисбга олингани ҳақидаги хабарни етказиш йўлида айбсизлик презумпцияси принципини назадан қочирмоқдалар.

Ўринбой ака яқинларига кўра унга нисбатан қўйилаётган айбловлар "кулгили" бўлса ҳам, у ҳақда берилаётган хабарларда ҳануз "собиқ мухбир", "экстремист" деган иборалар қўлланмоқда.

Бирон маротаба ҳам қизидан "нега бошингга рўмол ўрамайсан", деб сўрамаган...

"Мамлакат вазирликларидан бирининг матбуот котиби отам 2009 йилдан бери "Ҳизбут-таҳрир"га аъзо бўлгани ҳақида айтганини хабар беришди. 2009 йилда укамни уйлантиргандик. Тўйга санъаткорлар, шоир-у ёзувчилар, қўшиқчи-раққосалар келишганди. "Ҳизбут-таҳрир"чилар бундай тўй қилмайдику ахир", деди биз билан суҳбатлашган Ўринбой аканинг қизи Диёра.

"Отам ҳар уччала қизларини ўқитишга ҳаракат қилганлар. Бирмиз иқтисод, биримиз муҳандислик, яна биримиз ҳуқуқни ўқидик. Отам бирон маротаба мендан "нега рўмол ўрамайсан", деб сўрамаган. "Ҳизбут-таҳрир"чи шундай йўл тутармиди?", деди Ўринбой аканинг яна бир қизи Ойдин.

Ўринбой аканинг ҳовлиси охирги 11 кун ичида ҳудди азахонага айланган. Лекин бир фарқи билан, бу азахонанинг остонасидан ҳеч ким кириб келмайди.

Биз билан суҳбатлашар экан турмуш ўртоқлари Малоҳат Абдуазимованинг овози баландлаб бориб, йиғига айланди.

"Тожикистонда нега ҳамма жим!? Бутун жаҳон айтяпти уни "бегуноҳ", деб, нега Тожикистон жим?! Тожикистонда ҳокимият йўқми?", дейди Малоҳат опа.

Малоҳат опанинг суҳбати йиғига айланар экан, ўғли Ойбек паришонхотирлик билан "эҳ худо, яна бошланди", деб уҳ тортди.

Неча кундан бери бу ҳовлидан чиққан аёл йиғиси овози маҳалладаги сокинликни бузади, лекин бу нолага қулоқ тутадиган йўқ.

"Мен кўрдим, фақат мен эмас, тўрт киши, ҳаммамиз кўрдик уларнинг юзларини. Бошлари ёрилган эди, қон кўрдик. Нима қилди, деб сўрасам, "ўзим бошимни уриб олдим" дедилар. Лекин мен кўр эмасман, кўзим бор, ақлим ҳам етади", деди Малоҳат Абдуазимова.

Image caption Маъсум Муҳаммадражаб Би-би-си мухбирининг ҳисбга олиниши ортидан журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш кучайиб кетишини башорат қилади. .

Ушбу ҳибснинг журналистлар фаолиятига таъсири

Ўринбой Усмонов оила аъзоларининг асосий хавотири унинг саломатлигидан. Унинг ҳимоячиси ҳибсдан озод қилиш ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Биз Хўжанд шаҳрини тарк этар эканмиз, ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг айтишича, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортган бу ишни терговчилар дастлабки текширув жараёнидаёқ ёпиш йўлларини излашга ҳаракат қилаётган кўринадилар.

Бошқа томондан маҳаллий журналистлардан бири Маъсум Муҳаммадражабнинг айтишича, жорий текширув жараёни нима билан тугашидан қатъий назар бир мухбирининг, хусусан Би-би-си мухбирининг ҳибсга олиниши вилоятдаги ва бутун мамлакат бўйлаб журналистлар фаолиятига жудда жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Унга кўра, қўрқув, турли эҳтирослар ва ўз-ўзини цензура қилиш бу ҳодисадан кейин янада кучаяди.