ОИ ва ХИГ Ғарб ёрдамига муҳтож Тожикистонда журналистнинг ҳибсга олинганидан ҳайратда

Image caption Ғарбда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонни озод қилиш талаблари кучаймоқда

Тожикистон шимолида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши ортидан Оврўпо Иттифоқи Тожикистондаги аҳволни яқиндан кузатиб бораётганини айтмоқда.

ОИ Ташқи ишлар бўйича идорасига кўра, Тожикистонда матбуот эркинлигига оид аҳволнинг ёмонлашиб кетаётгани Душанбенинг Оврўподаги ҳамкорлари назаридан четда қолмайди.

Оврўпо Иттифоқи Ташқи алоқалар идорасидан Майя Кочиянчичнинг Би-би-сига айтишича, ташкилот бирон давлатга ёрдам бераётганида, албатта, ўша мамлакатдаги муайян ислоҳотларни эътиборга олади.

Ташкилот Би-би-си мухбирининг озод қилинишини ва Ўринбой Усмонга нисбатан қонуний меъёрлар бузилиб, қўпол муносабат қилингани ҳақидаги даъволар текширилишини талаб қилган.

Айни дамда, Халқаро Инқироз Гуруҳи ҳам Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши Тожикистондаги дунёдаги обрўсига путур етказиши мумкинлигига ишора қилган.

"Оврўпо ва Америкадан катта миқдорда кўмак олиб келадиган Тожикистондек бир мамлакатда бундай ҳолнинг рўй бериши кишини ҳайратга солади" - деб айтди Халқаро Инқироз Гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз -"Умид қиламанки, Тожикистон ҳукумати бу ишни тезда қайта кўриб чиқади".

Жаноб Делетрознинг айтишича, Помирни деярли қўриқлай олмаётган, бангивор моддалар оқимини тўхтатишга ноқобил ва ўз хавфсизлик хизматлари инқироз ёқасига келиб қолган Тожикистондек мамлакатда бир журналистнинг, яна Би-би-си мухбиринигн таъқиб қилиниши ўта нохуш ҳодисадир.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг умид қилишича, Тожик ҳукумати тез орада Ўринбой Усмон ишини қайта кўриб чиқиб, минтақа ва журналистларга ҳамда жаҳондаги ўз донорларига ижобий ишора беради.

Олдинроқ, Хўжандда Ўринбой Усмон билан учрашган Би-би-си Марказий Осиё Хизмати раҳбари Ҳамид Исмоилов журналистнинг аҳволидан чуқур хавотир билдирганди.

Ҳозир Ўринбой Усмонга қўйилган Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айби олиб ташланган, аммо у Ҳизб ут-Таҳрир фаолияти ҳақида расмий идораларни огоҳ этмаган, деган айбловга юз тутмоқда.

Би-би-си ўз мухбири фақат иш юзасидан Хизб ут-Таҳрир борасида хабарлар тайёрлаганини, аммо унинг бу гуруҳга аъзо эмаслигини айтади.