Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара қатновини енгиллаштирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Ўзбек-Қозоқ чегарасидан ўтиш учун одамлар бир неча соатлаб тик оёқда навбат кутишга мажбур бўладилар

Қозоғистон парламенти аъзолари қўшни Ўзбекистон билан чегара ўтиш нуқталарида муаммолар кўпайиб кетаётганидан хавотирдалар.

Депутатларга кўра, бу борада улар кўплаб шикоятлар олишмоқда. Мажлис вакиллари, икки қўшни давлат чегарасида тартиб бузилиши тез-тез учраётганини қайд этиб, одамларнинг ўтиб-қайтишини енгиллаштириш зарур, деган қарорга келдилар.

Худди шу мақсадда қуйи парламент вакиллари мавжуд "Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги чегара ўтиш нуқталари тўғрисидаги келишув"га қўшимча баённома имзоладилар.

"Икки халқ ўртасида қадимдан давом этиб келаётган борди-келди бор. Чегара масаласининг ҳаммаси ратификация қилинган. Бироқ ҳозирги қўшимча баённома чегарадан ўтиш жараёнида одамлар юз тутаётган қийинчиликларни енгиллаштиради" - деди Мажлис депутатларидан Камол Бурхонов.

Бурхонов жаноблари ушбу енгилликлар нималардан иборат бўлишини изоҳламади. Аммо Ўзбек-Қозоқ чегарасидан ўтадиган одамлар сунъий тўсиқларга, бир неча соатлик навбат, қўпол муносабат ва ортиқча текшир-текширларга дуч келишларини айтишади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида виза тизими йўқ, лекин қоғозбозлик, сунъий тўсиқлар кўплиги айтилади. Ўзбекистонга кириб-чиқишда ҳар бир киши қарийб 10 дақиқача вақт кетказиб, махсус декларация тўлдиришга мажбур. Декларация тўлдириш ҳозир Марказий Осиёда фақат Ўзбекистонда ишлайди ва қўшни мамлакатлар уни аллақачон бекор қилганлар. Ушбу декларация икки нусхада тўлдирилади ва кўпи билан икки нафар божхона хизмачиси унга муҳр босиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, паспорт назоратида ҳам икки ходим бир кунда ўртача беш-олти минг одамни ўтказади. Муаммо, айниқса, Тошкент вилоятидаги чегара масканларида кучли.

Сабаби, Тошкент каби кўп миллионли шаҳар ва вилоят билан Қозоғистоннинг энг аҳоли зич жанубий вилоятлари ўртасида борди-келди кўп.

Бунинг устига, Ўзбекистон томонидаги ўтиш нуқталарида керакли сонда мутахассислар ўтирмайди. Шу боис одамлар ё соатлаб чегарада туриб қолишади ва ё навбатсиз ўтиш учун пора беришга мажбур бўладилар.

Баҳор ва ёз чоғи катта сондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистонга ўтишади. Кеч куз ва қиш пайти эса улар яна ватанга қайтиб келадилар.

Натижада чегара масканларида йил бўйи узун навбатлар узилмайди. Ўзбекистон томони ҳозир ушбу меҳнат муҳожирларини бошқа фуқаролар ва қозоғистонликлардан ажратилган ҳолда чегарадан ўтказишмоқда.

Қозоғистон томонида декларация тўлдириш каби ортиқча машаққат йўқ, аммо у тарафда ҳам одамларнинг тўпланиб қолиш ҳоллари учраб туради.

Қозоғистонлик чегарачиларга кўра, бу - Ўзбекистон томонида одамлар тўпланиб қолганидан сўнг вазият таранглашмаслиги учун қозоғистонликлар мажбуран қўл урган чора.

Қозоғистон томонидан навбатсиз ўтиб олиш учун бир йил олдин 10-20 долларгача пора олингани айтилади. Аммо чегара хизматида ўтказилган чора тадбирлар туфайли бундай таъмагирликнинг кескин камайгани билдирилмоқда.