'Ўринбой Усмон дарҳол ва шартсиз озод этилсин!'

Image caption Ҳамид Исмоилов: 'Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши абсурд эканини тан олиш вақти етди'

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти 13 июндан буён Хўжанддаги ҳибсхонада ушлаб турилган Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмонни яна бир марта зудлик билан ва шартсиз озод этишга чақирган.

Ташкилот чиқарган баёнотда айтилишича, ноқонуний ташкилотга аъзолик айбининг олиб ташланиши Ўринбой Усмонга нисбатан айбларнинг қанчалик омонатлигини кўрсатади."Чегара билмас мухбирлар"га кўра, тожик расмийлари ҳозирда юзларини сақлаб қолишга уринмоқда.

"Унга нисбатан янги айблов асоссиз ва матбуот қонунларининг жиддий бузилишидир", дейилади баёнотда.

Ҳимоячиси Файзинисо Воҳидовага кўра, асосий айбнинг олиб ташланиши Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг Ўринбой Усмонга нисбатан етарли далилларга эга бўлмаганини кўрсатади.

Аммо Ўринбой Усмон ҳануз ўзининг Ҳизбу Таҳрир билан боғлиқ журналистик алоқалари ҳақида расмий идораларга хабар бермаганликда айбланмоқда.

Воҳидова хоним журналист ўзининг тадқиқотлари борасида расмийларга маълумот бериш мажбуриятида эмаслиги, бу манбаъларни ошкор этмаслик ҳақидаги матбуот тамойилларига зид эканини таъкидлаган.

Унга кўра, Ўринбой Усмонга қарши ягона "далил" унинг компютеридан топилган Ҳизбу Таҳрир ҳақидаги бир-ики китоб ва ҳужжатлардир.

"Биз у ҳибсга олинган пайти айтганимиздек, бу каби материалларга эга бўлиш ва икки партия аъзоси билан учрашгани унинг бу ташкилотни тадқиқ этишга қаратилган нормал журналистик фаолиятининг бир қисмидир", дейилади "Чегара билмас мухбирлар" баёнотида.

'Абсурд'

Сешанба куни Хўжанддаги ҳибсхонада Ўринбой Усмон билан учрашган Би-би-си Марказий Осиё хизмати раҳбари Ҳамид Исмоиловга кўра, Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши "абсурд" эканини тан олиш вақти келган.

Ҳамид Исмоилга кўра, Ўринбой Усмоннинг ҳаракатларида жиноят таркиби ҳам, жиноятга тил бириктириш ҳам, жиноятнинг натижаси ҳам йўқ.

"Фақат журналистик фаолият бор, одамлар билан учрашувлар, материалларни архив қилиш, яъни журналистик фаолият доирасига сиғдириш мумкин бўлган ҳамма нарса", дейди Ҳамид Исмоилов.

Би-би-си ўз мухбирининг фақат журналистик фаолият билан шуғулланганини таъкидлаб, уни озод этишни талаб қилиб келмоқда.

Чоршанба куни Би-би-си Жаҳон Хизматининг Лондондаги қароргоҳи - Буш Хауз олдида Ўринбой Усмон ҳамкасбларининг яна бир норозилик намойиши бўлиб ўтган.

Намойишда сўзга чиққан Би-би-си Тил Хизматлари Бош Муҳаррири Лилиан Ландор ўтказилаётган босимларга қарамасдан, тожик ҳукумати Ўринбой Усмонни озод қилиш талабларини жавобсиз қолдираётганидан таассуф билдирган.

"Журналистларни ўз фаолияти учун ҳибсга олиш жуда афсусланарли ҳолат" - деган Лилиан Ландор.

Ўринбой Усмонни озод қилиш чақириғини такрорлаган Оврўпо Иттифоқи Би-би-си мухбирининг ҳибсга олиниши атрофидаги вазиятни яқиндан кузатаётганини айтган.