Бин Лодиннинг битиклари:"Ал-Қоида" раҳбари нималарни ўйлаган?

Image caption Бин Лодин қаламига мансуб, деб ўйланаётган мана бу варақларда "Ал-Қоида" раҳбари ўз нутқларини ёзиб, машқ қилган.

Усама Бин Лодин ўз умрининг сўнгги даврларида нималар ҳақида ўйлаган, дейсиз?

Абботободда у яшаган уйдан топилган қўлёзмага қараганда, "Ал-Қоида" раҳбари ўз нутқларини машқ қилган.

Бу битиклар ростдан ҳам Бин Лодиннинг қаламига мансубми, йўқми - тўла аниқланмаган. Лекин битиклар "Ал-Қоида" раҳбари ирод этган нутқларнинг қораламаси, дейилмоқда.

Қизил сиёҳда ёзилган, ғижимланган ва бўялиб кетган икки варақдаги арабча ёзув Бин Лодин ётоғига туташ хонадан топилган.

Баъзи ёзувларга сув тўкилиб чаплашиб кетган, айримлари устидан ўчирилган. Аммо уларда дунёда иқлим исиши ҳақида, Саудия Арабистонидаги тошқинлар борасида эслатилган. Ушбу икки ҳолат ҳам Усама Бин Лодиннинг бир йил аввалги нутқида бор эди.

Ёзувда, шунингдек, Саудия қироли оиласи танқид қилинган. Бу Бин Лодиннинг севимли мавзусидир.

Ҳали 1996 йили Усама Бин Лодинни интервью қилган ва "Ал-Қоида" бўйича мутахассис Абдулборий Атван мазкур қўлёзмани "Бин Лодинга хос битик", деб таърифлади.

"Бу ёзувлар ҳақиқатан Бин Лодинга тегишли" - деди жаноб Атван - "Мен уни Бин Лодин ёзганми, ёки бошқа биров айтиб турганми - билмайман. Лекин ёзувнинг тили, услуби ҳамда ҳуснихатга қараб, ушбу битикларни Усама Бин Лодин ёзган дейишим мумкин".

АҚШ Конгрессида аксилтеррор масалаларида маслаҳатчи профессор Валид Фарес ҳам ёзувнинг "Ал-Қоида" раҳбари қаламига мансублигини урғулайди.

"У Саудия Арабистони келажаги ва бошқаруви ҳақида ёзган, бу эса жуда стратегик маълумот бўлиб, Бин Лодинга тааллуқли экани аниқ".

Лекин бу ёзув Бин Лодинники бўлмаса, у ҳолатда кимнинг қаламига мансуб бўлиши мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Абботободдаги бу уйда Усама Бин Лодин қандай ҳаёт кечирган, кимдан мадад олган - номаълум қолмоқда

"Қўлёзма 13-16 ёшлар чамаси ўспириннинг ёзувига ўхшайди" - дейди Яқин Шарқ масалалари бўйича таҳлилчи Абдулла ас-Салмий - "Балк бу ёзувни шу уйда яшаган ва унинг ўлдирилишига гувоҳ бўлган кенжа қизи ёзгандир?"

Покистоннинг жаннатмакон тоғлари бағридаги мўъжазгина шаҳарчада яшаган Бин Лодинни АҚШ махсус кучлари ўлдирганидан бери кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда.

Аввало, у Абботободдаги уйда АҚШ вакиллари айтганидек беш йил яшаган бўлса, шунча вақт давомида кимдан мадад олиб келган? Покистон армияси ва ёки хаввфсизлик хизматларига алоқаси бўлганми?

АҚШдаги Нью-Йорк Таймс нашрига кўра, қўл телефонлари текширувлари Покистон жосуслик хизматларига ишора қилмоқда. Исломобод бу каби даъволарни рад этади.

Ҳалигача Абботободдаги уйга журналистлар кира олишмаган. Покистон хавфсизлик манбалари эса ҳамон текширувлар кетаётганини айтишади.

Ҳозирча дунё эътиборига ҳавола этилган қўлёзма эса Усама Бин Лодин ҳаётининг сўнгги йиллари борасида мавжуд муҳим саволларга жавоб топиб беролганича йўқ.