Россия, Қозоғистон ва Беларус орасида ягона бож тизими ишга тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Кўплаб қозоқларнинг қўрқишича, мамлакат ички ишлаб чиқариши энди анча сифатли Россия маҳсулотлари билан рақобат қила олмай қолиши мумкин

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида чегара божлари олиб ташланди. Энди бу уч давлатнинг биттасида сотиб олинган маҳсулотни бемалол бошқасига олиб бориб сотиш мумкин.

Лекин Ягона Божхона Иттифоқи ҳам умид ва ҳам хавотир билан қарши олинмоқда. Хусусан, ташқаридан келадиган маҳсулотларга қўйиладиган бож нархлари умумийлаштирилиши керак ва айни шу ҳолат кўплаб қозоқларда норозилик уйғотмоқда.

Масалан, Қозоғистонга келадиган Эрон ва Хитой маҳсулотларни нархи ошиб кетиши кутилаяпти. Худди шу сабабли бундан кейин Хитойдан Қозоғистонга ноқонуний маҳсулотлар киритишга уринишлар ҳам кўпайиши мумкин.

Ўз ўрнида, ягона бож тизими орқали собиқ Совет Иттифоқининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этувчи йирик ҳудудда иқтисодий интеграцияга эришилади, деган умидлар ҳам катта.

"Биз бирлашиб, халқаро доирада Евроҳудуд, АҚШ ва Хитой билан рақобатга кириша оламиз" - дейди Қозоғистондан иқтисодий таҳлилчи Қанот Берентоев - "Божхона Иттифоқи ишга тушиши билан собиқ ишлаб чиқариш тизими қайта бирлашади, эскирган технологиялар янгиланади, маҳсулотлар сифати эса дунё андазасига етказилади".

Ягона Божхона Иттифоқи орзуси ҳали 90-йиллардан бери мавжуд эди. Эндиликда унинг ишга тушишини кўпчилик Оврўпо Ититфоқи каби бир муваффақиятли гуруҳнинг туғилишига ҳам қиёсламоқда. Айни дамда 1922 йили СССРнинг пайдо бўлиши ҳолатини қайд этадиганлар ҳам бор.

Кимга фойда, кимга зарар

Россия Беларусга нефть, газ, гўшт маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникаси қисмларини сотади. Қозоғистон билан савдо алоқаларида ёқилғи қаторида метал ва кимёвий ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари муҳим ўрин тутади.

Эндиликда ягона бозор доирасида ушбу маҳсулотлар савдосидаги рақобат кучаяди. Кўплаб қозоғистонликларга кўра, бунинг ёмон жиҳати - Қозоғистон маҳсулотлари сифат бўйича Россия моллари билан беллаша олмайди. Бу эса Қозоғистондаги ички ишлаб чиқариш учун зарарли бўлиши мумкин.

Негаки, аксар нефть, газ, ғалла ва метал хомашёларини четга сотадиган Қозоғистонда иқтисоди ҳали кўп тармоқли бўлиб улгурмаган.

Қатор тайёр маҳсулотлар қўшни мамлакатлардан келади. Хусусан, Наманган ё Қирғизистонда тикиб чиқарилган кийим-бошлар ёки Тошкентдан келаётган пластик маҳсулотларни тилга олиш мумкин.

Аммо қозоқ тожирлари Хитойдан келтирган тайёр маҳсулотларини бемалол бож тўламасдан, Россия ва Беларусга олиб бориб сотишлари мумкин.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бу иттифоққа қўшилиш борасида ўйлашмоқда. Аммо Қирғизистоннинг Халқаро Савдо Ташкилотига аъзолиги ушбу иттифоқққа қўшилишини савол остига қўяди.

Қирғизлар, шунингдек, аллақачон Хитой маҳсулотлари оқимига бас келолмаётган ўз ишлаб чиқаришлари энди кўпаядиган Россия моллари билан рақобат қила олмаслигини ҳам тарозига солиб кўришмоқда.

Ўзбекистон эса ушбу Ягона Божхона Иттифоқига қарши бўлиб келган. Тошкентнинг мавқеига кўра, бу учун иштирокчи мамлакатлар иқтисоди ва ишлаб чиқариши ўзаро яқин бўлиши керак.

Ўзбекистон ички ишлаб чиқаришни риовжлантириш ниятида четдан келадиган тайёр маҳсулотларга катта миқдорда бож қўяди. Бунинг устига, Хитой ва Россияга қарам бўлиб қолмасликка қаттиқ интилмоқда.

Аммо ички ишлаб чиқаришидаги сифат ва технология муаммолари, иқтисоди ёпиқ, арзон Хитой маҳсулотлари аллақачон ўзбек бозорларини ҳам эгаллаган.

Аҳоли орасида ишсизлик юқорилиги боис эса миллионлаб ўзбекистонликлар Россия ва Қозоғистонда ишлаб пул топишмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бундай шароитда Ўзбекистон ўз инсоний заҳиралари ва улардан оқилона фойдаланиш борасида жиддий ўйлаб кўриши ҳамда Олма-Ота ва Москва билан биргаликда ушбу масалаларга ечим топишга интилиши керак.