Стинг қозоқ нефтчилари пикети туфайли Остонадаги концертини бекор қилди

Image caption Стинг Ўзбекистондаги томошаси ортидан қаттиқ танқидларга учраганди

Таниқли британ қўшиқчиси Стинг ўзининг "Симфонисити" концерт тури доирасида Қозоғистон пойтахти Остонада бугун, 4 июлда, бўлиб ўтиши режаланган концертини бекор қилган.

Стингнинг расмий веб саҳифасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Халқаро Амнести ташкилоти Стингни Қозоғистондаги нефт ишчилари, уларнинг касаба уюшмалари раҳбарлари, ҳимоячилари ва улар билан ишлаётган инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг "репрессия ва босимлар"га тутилаётганидан огоҳ қилгани баён қилинади.

Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида икки ойдан бери нефть соҳаси ишчилари ғалаёни давом этмоқда. "Каражанбасмунайгаз", "Озенмунайгаз", "Разведка Добыча "Казмунайгаз" ширкатларининг юзлаб ишчилари очлик эълон қилишган ва қолган ўн минглаб ҳамкасблари иш ташлашган.

Улар маошлари ва иш шароитларидан норозилар.

Аллақачон 150 миллион фунтга тенг бойликка эга Стинг 2009 йил октябрида Тошкентда ўзбек президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг санъат тадбирида иштирок этгани ва бунинг учун 1 ва 2 миллион фунт стерлинг орасида тўлов олгани хабар қилинган.

Бу хабарлар ортидан инсон ҳуқуқлари ва табиат муҳофазаси учун курашиб келувчи Стинг ғарб матбуотида қаттиқ танқид остига олинганди.

"Чизиқни кесиш ниятим йўқ"

Бугунги баёнотда айтилишича, нефт ишчиларининг вазияти ёмонлашганидан ёмонлашиб бормоқда ва Стингнинг Остонада концерт бериши президент маъмуриятига бўлган дастакдек талқин қилиниши мумкин. "Бу Стинг ишонган барча қадриятларга қарши" дейилади унда.

Баёнотда Стинг айтган сўзлар ҳам келтирилади.

Image caption Стинг ўзини дунё хабарлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари вазиятидан огоҳ фаол сифатида тақдим этишга уриниб келади

"Очликлар, қамоққа олинган ишчилар ва иш ташлаган ўн минглаб одамлар мен учун пикет чизиғини англатади ва бу чизиқни кесиб ўтиш ниятим йўқ. Қозоқ газ ва нефт ишчилари ва уларнинг оилалари бизнинг дастагимизга, ҳамда халқаро матбуот эътиборига муҳтож", деб айтган Стинг.

У Остонага келиб ўз томошасини тақдим этиш билан бирга 6 июлга мўлжалланган йиллик Остона куни ва Президент Нурсултон Назарбоевнинг туғилган куни тантаналарида иштирок этиши кутилганди.

Нима учун айнан нефтчилар?

Олма-отада фаолият юритувчи мустақил журналист Жоанна Лиллисга кўра, аслида Стинг учун қозоқ ишчиларининг тақдири эмас, ўз обрўи муҳимроқ.

"Нефтчилар иши Стинг учун мутлақо муҳим деб ўйламайман. Ўзи умуман Стинг айнан мана шу масалани тутиб олгани мени ҳайрон қолдираяпти. Нима учун, масалан, сиёсий репрессияларни тилга олмаяпти, нима учун парламентда умуман мухолифат йўқлиги ёки ваколати чексиз бўлган авторитар президент ҳақида норозилик билдирмаган? Ўйлайманки, аслида у бу концерт унга анча даромад келтириш билан бирга обрўсига жуда катта путур етказишини англаб етган", дейди Жоанна Лиллис.

Стинг, шунингдек, бироз аввалроқ Беларус пойтахти Минскда яқинда бўлиб ўтиши режаланган концертини ҳам бекор қилди ва уни Литва пойтахти Вилнюсга кўчирди.

Жоанна Лиллисга кўра, у "Оврўпонинг энг охирги диктатори" Александр Лукашенкони қўллаб-қувватлаётгандек кўринмаслик учун шундай чора кўрган. "У афтидан Ўзбекистондаги томошаси ортидан еган қарсакилари туфайли бундай мамлакатларда томоша бериш ўз обрўсини туширишини англаб етган", дейди журналист.

Хўш, Стинг энди Остонада концерт бермаслиги Қозоғистон ёки Назарбоев учун нимани англатади? Улар учун бирон фарқи борми бунинг?

"Менимча, фарқи бор, чунки Қозоғистон ўзининг халқаро саҳнадаги имиджи устидан жуда чуқур қайғуради. Бу Қозоғистон обрўси учун, ва айниқса Назарбоев обрўси учун катта зарба дегани. Буни эшитган Назарбоев ғазабланиши ва уятга қолишига мен аминман. Ҳукумат ҳозирча бирон муносабат билдиргани йўқ, аммо у халқаро хабар агентликлари сарлавҳаларига чиққан бу янгиликдан таассуф изҳор қилиши ва уятга қолиши турган гап", дейди қозоғистонлик журналист.