'Икки йилки Хитой Шинжон-Уйғур бўлгасини дунё кўзидан панада тутмоқда'

Image caption Икки йил олдин Урумчи кўчаларига намойишга чиққан уйғурлар Хитой кучлари ўқига тутилган ва шу асно зўравонликлар бошланиб кетганди.

"Ўтган икки йилда жуда кўп дўстларим ҳибсга олинди. Уларга нима бўлганини билмайман, ўликми, тирикми - бирон хабар йўқ".

Бир неч ой олдин Оврўпога келган бу уйғур йигит Хитойнинг Шинжон-Уйғур бўлгасидаги намойишдан кейинги ҳаётни ана шундай тасвирлайди.

"Ҳали-ҳамон хан хитойликлар ва уйғурлар бир-бирига ишонмайди. Муносабатлар совуқ" - дея қўшиб қўяди ўз исмини ошкор этмасликни сўраган шинжонлик йигит.

Бу уйғур йигитнинг гаплари дунё нигоҳидан панада қолаётган Шинжон-Уйғуристонидан чиқаётган жуда кам маълумотлардан бир парча, холос.

Икки йил олдин Хитой жанубидаги корхонада хан хитойликлар тарафидан ўлдирилган уйғурлар учун адолат талаб қилиб, Урумчи кўчаларига чиққан уйғур ёшлари Хитой ҳарбийлари ўқига тутилганди. Тинч намойиш шу асно зўравонликка айланиб кетиб, икки юзга яқин инсон нобуд бўлган.

Пекин зўравонликлар учун уйғурларни айблади ва мингдан зиёд уйғурни ҳибсга олиб, улардан бир неча юз нафарини қатл этди.

Лекин орадан ўтган шу икки йил ичида Шинжон-Уйғуристонида аслида нималар бўлаётганини яшириш учун Хитой ҳукумати қаттиқ чоралар кўрмоқда.

"Хитой ҳукумати Шинжон-Уйғуристонидан аниқ маълумот олишга умуман йўл қўймаяпти" - дейди Халқаро Амнистия ташкилотидан Корина-Барбара Франсис - "Биз олаётган маълумотларга кўра эса, охирги икки йил давомида уйғурлар қаттиқ таъқиб ва тазйиқ остида қолишмоқда. Ҳибслар давом этаяпти".

Image caption Хитой Шинжон-Уйғур бўлгасини шунчалик қаттиқ иҳоталаганки, у ердаги ҳаёт ҳақида дунё ҳозир жуда кам нарса билади.

"Ҳозир фақат расмий рақамларга кўра, мингга яқин уйғур ҳибсга олинган, адолатсиз маҳкама ҳукмлари билан уларнинг бир неча юз нафари қатл этилган. Қамоқхоналарда уйғурлар ўлдирилаяпти. Бироқ ҳақиқий рақамлар бундан кўра анча баланд бўлиши керак" - деб айтади Халқаро Амнистия вакили.

Халқаро ташкилотларга кўра, бугун Пекин нафақат Хитой бўйлаб, балки бошқа мамлакатларда ҳам уйғурларни таъқиб остига олишга интилмоқда. Сўнгги йиллари Қозоғистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар бир неча уйғурни тутиб, Хитой қўлига топширишди.

"Қозоғистон тутиб топширган Эршиддин Исроил исмли уйғур Хитой қамоқхонасидаги ўлим ҳолларига гувоҳ бўлганди. Хитой ҳозир шу каби маълумотларни дунёга ошкор қилиши мумкин бўлган уйғурларни қамоққа ташламоқда" - дейди Корина-Барбара Франсис.

Хитойдан ташқаридаги энг катта уйғур жамоасига эга Марказий Осиёда ҳам бугун уйғурлар босим остида қолишаётир. Кузатувчиларга кўра, Хитой ўз етакчилигидаги Шанхай Ҳамкорлиги каби ташкилотлардан бу ўринда самарали фойдаланмоқда.

"Марказий Осиёда уйғурлар ҳақ-ҳуқуқлари борасида гапира олмайсиз" - дейди Халқаро Уйғурлар Қурултойининг Қозоғистондаги вакили Қаҳрамон Хўжамберди - "Ўзбекистондаги Андижон қирғинидан кейин уйғурлар масаласини гапириб бўлмай қолди. Ҳозир Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам очиқ гапиришга йўл йўқ".

Хитой Марказий Осиёга шиддат билан кириб келмоқда. Автомагистрал ва темир йўллар ётқизмоқда. Кўп миллиард долларлик сармоялар киритиб, Қозоғистон нефти, Туркманистон газини олмоқда. Қирғизистон бозорлари аксар Хитой моллари ҳисобига ишлайди, Тожикистонда аллақачон йирик ер майдонларини хитойликлар узоқ муддатли ижарага олишмоқда.

Фақат иқтисод эмас, ҳурмат ҳам керак

Пекиннинг Урумчи ғалаёнига жавоби ҳам қайсидир маънода иқтисодий бўлмоқда. Уйғурлар Шарқий Туркистон, деб ҳам атайдиган бу ривожланмаган минтақага катта миқдорда сармоялар киритилмоқда. Лекин ҳамма муаммо иқтисодга боғлиқ эмасга ўхшайди.

"Икки йилдан бери вазият ҳамон таранг қолмоқда. Иқтисодни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Лекин уйғурлар маданиятини ҳурмат қилиш кераклиги ёддан кўтарилган" - дейди Би-би-си шарҳловчиси Шеронг Чен - " Масалан, Рустам деган уйғурча исмингизни туғилиш гувоҳномасига ёздирмоқчи бўлсангиз, уни аввало хитойчага ўгиришади. Кейин яна қайтадан уйғурчага таржима қилишади. Қарабсизки, Рустам оқибатда Растиа-му бўлиб қолади. Бу эса, табиий, уйғурларнинг нафсониятига тегади".

Image caption Уйғурларнинг айтишича, ҳозир масжидларда ҳам кузатувчи камералар ўрнатилган.

Ҳозирда уйғурлар ўз тилларини ўқиб-ўрганиш ҳам чекланаётганидан шикоят қиладилар. Уларнинг айтишича, мактабларда аввало хитой тили ўрганилади ва бир неча йилдан кейингина уйғур тилини ўқитиш бошланади. Хитой тилини билмаганлар эса умуман яхши иш топа олишмайди.

"Ҳатто университетни битирган уйғурлар ҳам иш топа олмай, бозорларда савдо қилишмоқда. Лекин негадир Шинжонда очилган иш ўринлари учун четдан хитойликларни келтириб, иш беришмоқда" - дейди шинжонлик йигит.

Шеронг Ченнинг айтишича эса, уйғурлар орасида янги очилаётган корхоналарда ишловчи малакали мутахассислар етишмайди ва натижада, ҳамон бошқарувчи ё муҳандислик ўринларига хитойликлар ишга олинмоқда.

Бу ҳолат эса уйғурлар наздида уларнинг юртини хитойлаштиришдир. Негаки, Хитой юритган сиёсатга мувофиқ шу пайтгача бошқа минтақалардан Шинжон-Уйғуристонига шунчалик кўп хан хитойликлар кўчириб келтирилганки, ҳозир уйғурлар ўз ерида озчиликка айланиб қолган.

"Ёрдам баҳонасида яна кўплаб хитойликлар кўчиб келишмоқда" - дейди шинжонлик уйғур суҳбатдошим - "Бу тараққиётдан биз уйғурларга наф йўқ. Чунки янги ишларга биринчи бўлиб хан хитойликларни олишади".

Хитойда ики йил олдин бўлиб ўтган исён ва унинг куч билан бостирилиши дунё эътиборини уйғурлар масаласига қаратганди. Пекин бу ишда хориждаги уйғурларни айблади. Бироқ уйғур фаоллари ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Хитой кўп сабабларни ичкаридан излаши ҳамда уйғурлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йўлида илдам қадамлар қўйиши керак.

Хитой эса жазога тортилаётган уйғурларни террор ва жангари исломий гуруҳларга алоқадорликда ҳам айбламоқда.

Бироқ Халқаро Амнистия вакилларига кўра, бугун уйғур тилида блог ёзганлар ҳам, уйғурларга қарши тазйиқлар борасида гапирганлар ҳам бирдек - жангари Ислом ва ё террор айблари билан ҳибсга олинмоқда. Шу асно Хитой дунё эътиборини Уйғур масаласидан чалғитишга уринаяпти.