Халқаро Амнести Ўринбой Усмон озод қилиниши учун кампания бошлашга чақирди

Халқаро Амнести жамоатчиликка мурожаат қилиб, Би-би-си журналисти Ўринбой Усмонни озод қилиниши учун кампания бошлашга чақиради.

Ташкилот Ўринбой Усмоннинг журналистик фаолияти ва тинч йўл билан сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланганига жазо сифатида ҳибсга олинишидан хавотирларни изҳор қилишга ундайди.

"Расмийларни журналистик ишига алоқадор барча айбловларни бекор қилишга ва уни озод қилишга унданг", дейди Халқаро Амнести ташкилоти.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳ ушбу мурожаатларни Тожикистон раҳбарияти - Президент Имомали Раҳмон, Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ва Бош прокурорга йўллашга чақиради.

Ташкилот Тожикистондаги Ўринбой Усмон "Ҳизбут Таҳрир" фирқаси хусусидаги журналистик фаолияти учун ҳибсга олинганига ишонишини баён қилади.

Айни пайтда Халқаро Амнести инсон ҳуқуқлари гуруҳи ҳибсхонада унга нисбатан қийноқ ва ё бошқа шаклдаги номақбул муносабат қўлланилган бўлиши мумкинлигини айтади.

Ташкилот чиқарган мурожаатномада 59 ёшли Би-би-си журналисти Ўринбой Усмонов 13 июн куни ишга кетганча қайтмагани, 14 июн куни Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган уйига Миллий Хавфсизлик қўмитаси ходимлари билан бирга кириб келганини тилга олади.

МХҚ ходимлари журналистнинг уйини тинтув қилишади. "Ўринбой Усмоннинг яқинлари унинг бўйнида жароҳатлар кўришган ва улар ҳибсхонада журналистга нисбатан қийноқ ва ё бошқа турдаги номақбул муносабат қўлланилганига ишонадилар", дейди Халқаро Амнести ташкилоти ўз мурожаатномасида.

"Ўринбой Усмонни қийноқлар ва ё бошқа турдаги номақбул муносабатдан ҳимоя қилиш, ҳибсхонада унга нисбатан қийноқ қўлланилганига оид даъволар юзасидан зудлик билан холис ва мустақил текширувлар бошлаш ҳамда масъулларни жавобгарликкка тортишга унданг", дея даъват қилади ташкилот.

Халқаро Амнести ташкилоти Ўринбой Усмоннинг тутиб турилиши жараёнидаги воқеалар ривожига, унинг бир ҳафта давомида ҳимоячи ёллашга имконсиз бўлгани, бошида у билан учрашувга рухсат берилмаганига тўхталади.

Айни пайтда ташкилот жамоатчиликни ҳимоячи у билан кўришишига 20 июнгача рухсат берилмагани юзасидан хавотир изҳор қилишга ундайди.

Халқаро Амнести 28 июн куни қамоқхонада журналист билан кўришишга муваффақ бўлган Би-би-си Марказий Осиё Хизмати раҳбари Ҳамид Исмоиловнинг изоҳлари келтиради:

"Мен жисмонан заиф одамни кўришни кутаётгандим, аммо у руҳий жиҳатдан ҳам заиф эди...У мен билан гаплашарди, аммо кўзлари хавфсизлик ходимларига қадалганди".

Бундан олдин ҳам Халқаро Амнести дохил кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, Хюман Райтс Вотч, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, ҳамда Британия ва АҚШ элчихоналари Ўринбой Усмоннинг айбсиз эканини айтиб, унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилишган. Оврўпо Иттифоқи сешанба куни худди шу талаб билан иккинчи бор баёнот чиқарганди.

Аммо, ҳозиргача Тожикистон ҳукумати бу чақириқларга бирон расмий баёнот билан жавоб берганича йўқ.