ОХҲТ расмийси: 'Ўринбой Усмон масаласида Тожик ҳукуматининг сукутидан норозиман'

Image caption Ўринбой Усмон 23 кундан бери ҳибсда ушлаб турилибди

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоннинг қамоқда сақланаётганидан яна бир бор норозилик изҳор қилди.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг Хўжандда Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси томонидан ҳибсга олинганига бугун 23 кун тўлди.

Тожикистон Хавфсизлик қўмитаси аввалига журналистни фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқасига аъзоликда айблаган, бироқ кейин мазкур айблов бекор қилинганди. Ҳозир эса, Ўринбой Усмон "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси ҳақида расмий идораларга хабар бермаганликда айбланиб, ҳисбда ушлаб турилибди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўринбой Усмоннинг зудлик билан озод қилишни талаб қилиб чиққан қатор халқаро ташкилотлари сафига қўшилганди.

Ташкилотнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович мазкур масала бўйича Тожикистон расмийларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан таассуф билдиради.

"Афсуски, ҳеч қандай жавоб олганим йўқ. Мен ҳали ҳам кутаяпман. Кўпроқ маълумот олиш учун Венага келган тожикистонлик делегация билан ҳам боғландим, бироқ ҳеч қандай жавоб олмадим. Мен Тожикистон расмийларининг бундай сукут сақлаётганини ҳушқаршиламайман. Бундай сукут Ўринбой Усмонов иши ҳақида яхши таасурот уйғотмаяпти", дейди Дуня Миятович Би-би-си билан суҳбатда.

Дуня Миятович Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ жараён "аввал бошиданоқ қонуний тарзда" олиб борилганига шубҳа билдиради.

"Бу масаланинг инсонпарварлик тарафини кўздан қочирмаслик керак, чунки Ўринбой Усмоннинг саломатлиги ёмон. Шунинг учун, мунтазам равишда бу ишни кузатиб бораяпмиз. Душанбедаги идорамиз ҳам қўшимча маълумот олишга уринаётир. Мен ўзим бир неча кундан сўнг Душанбега сафар қилишни режалаяпман. Лекин, сафаримдан олдин Ўринбой Усмонни озод қилишади деб умид қилиб турибман", дейди Дуня Миятович.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти расмийси Тожикистонга сафари чоғи ҳукумат билан музокараларда Ўринбой Усмоннинг иши асосий масала бўлишини урғулайди.

"Одатда менинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоси бўлган турли давлатларга сафарларим турли характер касб этади. Тожикистон билан боғлиқ қатор муаммолар бор ва мен бу муаммоларни тожик ҳукумати билан муҳокама қилишни режалаяпман. Шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашаман. Лекин, бугунги кунда Ўринбой Усмоннинг масаласи менинг учун устивор масала бўлади", дейди у.

Дуня Миятович қамоқхонага бориб, Би-би-си мухбирини кўриш ниятида экани, "унинг ўзи ва адвокати билан" гаплашишни режалаётганини айтади.

"Ундан ташқари ҳукумат расмийлари билан ҳам Ўринбой Усмон иши борасида сўзлашаман. Агар бу ишларни амалга оширмасам, сафарим фойдасиз ўтган бўлади", дейди ОХҲТ расмийси.