Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўринбой Усмонни озод этишга чақирди

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Тожикистон ҳукуматини Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонни озод этишга чақирди.

Бу каби мурожаат билан халқаро ташкилотнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Дунья Миятович чиқди.

ОХҲТ вакиласининг билдиришича, 16 июн куни бу хусусда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга мактуб йўллаган.

"Мен мактубда Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши қалтис мавзуларни ёритишни цензура қилишга уриниш эканини айтдим", дейди Миятович хоним.

Унга кўра, Ўринбой Усмоннинг иши бўйича ҳануз Тожикистон томонининг расмий жавобини кутмоқда.

"Мен яна бир бор тожик расмийларини унинг айбсизлик презумпциясини ҳурмат қилиш ва зудлик билан озод этишга чақираман", деб айтган халқаро ташкилот вакиласи.

Дунья Миятович, "Ўринбой Усмоновнинг юраги хаста ва қанд касаллигидан азоб чекиши, бошқа ҳибсхонага ўтказилган ва тиббий муолажага имконли бўлса ҳам, унинг саломатлиги абгорлигидан чуқур ташвишда" эканини ҳам изҳор этади.

10 йилдан буён Би-би-си мухбири бўлиб ишлаб келган Ўринбой Усмон шу йилнинг 13 июн куни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" гуруҳига аъзолик гумони билан ҳибсга олинди.

Яна бир акс-садо

Айни дамда Ўринбой Усмонни озод этишни талаб қилиб, баёнотлар тарқатаётган халқаро ташкилотлар ва таниқли шахсиятлар сони тобора ортиб бормоқда.

Колин Турнборн Марказий Осиёга кўп марта сафар қилган таниқли ёзувчилардан биридир:

Колин Турнборн: Мен ёзувчи ўлароқ касбдошимни тушунишимни айтган бўлардим. Ёзувчи сифатида бирон нимани англаб етиш ёки билиш учун ҳаракат қилар экансан, сени айбинг бўлмаган нарсаларда айблашларини мен яхши тушунаман. Одамлар англаб етиш ёки билишга уринганларида фитнада айблашади, аммо бу фитна эмас. Бирон нимани англаш ё билишга уриниш ёзувчи ва журналистнинг касбий иши. Мен Ўринбойга бошингни баланд тут ва таслим бўлма демоқчиман. Сен нималар ёзганинг ва нималар ҳақида гапирганингни ўқиган ё эшитган ҳар қандай инсон сен гижгижловчи ва кўпиртирилган гапни гапирмаганингни билади ва сенинг қандай оққўнгил ва иқтидорли мухбир бўлганингга асло шубҳа қилмайди.

Би-би-си: Ўринбой Усмон иши нақадар эркин фикр, эркин ахборот ва матбуотни чеклашга қилинган ҳаракат деб ўйлайсиз. Айблар асосан ким билан мулоқот қила олишинг, кимларнинг фикр қарашларидан иқтибос келтириш мумкинлигига асосланган...

Колин Турнборн: Мен англашимча, бирон нима ҳақида хабар бераётган бўлсанг, шу мавзуда китоблар ва компьютер файлларига эга бўлиш бу - ўта оддий ҳол. Агар у бу ишни қилмаганида, журналист сифатида ўз вазифасини бажармаётган бўларди. Бу унинг ким биландир фитнага тил бириктиргани ёки уларни дастаклашини асло англатмайди. Менда Толибон ҳақида китоблар кўп, аммо ахир бу мен Толибонни қўллаб- қувватлашимни англатмайди-ку.

Би-би-си: Сиз Ўринбой ишлаётган ҳудудни яхши биласиз. Аммо эркин ёзиш ёки матбуот тарқатиш бу ҳудудда Ғарб билан солиштирганда маданий жиҳатдан фарқли эмасми?

Колин Турнборн: Ҳа, мутлақо фарқли. Журналистика у ерда ерости амалга ошириладиган мухолиф фаолиятдек кўрилади. Бу минтақа учун журналистнинг душман деб саналган киши ё гуруҳ билан мулоқотга кириши ўта ғайриоддий ҳол. Бундай амаллар бўлгинчилик саналади. Буни тушуниш эса, жуда Ғарбона қадрият.

Би-би-си: Биз Ўринбой Усмоннинг журналист ҳамкасблари сифатида унинг тез орада озод этилишига жуда умид қилаяпмиз. Лекин сиз ёзувчи сифатида нима дейсиз, тутқунликда сақланиш ва ҳафталаб сўроқларга тутилиши ёзувчининг ёзиш қобилиятига, унинг ижодига қандай таъсир қилади?

Колин Турнборн: Мутлақо таъсир қилади. Мен бу жуда хавотирли нарса деб биламан. Бу тутқунлик Ўринбойга қандай таъсир қилар экан, билмадим. Буни айтиш қийин, чунки у жуда нозик табиатли инсон. Айниқса, соғлиғи жиҳатидан нозик. Умуман, агар эҳтиёт бўлмасангиз, бу каби кечмиш инсонни барбод қилиши мумкин. У адибнинг талантини қуритиб, ижодини барбод қилиши мумкин. Бунинг ортидан давлат чизиғига тушиб қолиб, моҳиятсиз хабарлар узатиш йўлига ўтиб қолишингиз хавфи бор. Чунки, Ўринбойга ўхшаб, ортиқча қадам қўйишга ва душман деб кўрилган шахсларни интервю қилишга қўрқиб қоласиз. Бунинг учун жасорат ва ташаббус керак. Тутқунлик эса ана шу жиҳатларни нобуд қилишга қодир. Тутқунлик Ўринбойнинг ёзувчилик ва журналистик қобилиятига таҳдид солаётгани аниқ.