Малоҳат Абдуазимова: 'Мени Ўринбой Усмоннинг иши яхшилик билан тугашига умидлантиришди'

Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитасининг Сўғд вилояти бўлимига суҳбатлашиш учун таклиф этилган Малоҳат Абдуазимованинг айтишича, терговчилар турмуш ўртоғи, Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг иши хайрли тугашига умидлантиришган.

Унга кўра, кеча ўзи, ўғли ва яна бир қўшнисини олиб, зудлик билан вилоят хавфсизлик қўмитаси идорасига боришлари айтилган.

"Боришимиз сабаби кўрсатилган бирор бир расмий чақирув қоғози олганимиз йўқ. Туман хавфсизлик хизмати ходимлари банкда ишлайдиган тўнғич қизим орқали айтдириб юборишибди", дейди Малоҳат опа.

Ўринбой Усмон аёлининг айтишича, уларни яхши кутиб олишган.

"Олдингига қараганда, ўзлари ҳам, муомалалари ҳам буткул ўзгарган", дейди Малоҳат Абдуазимова.

Унга кўра, шундан сўнг бошқармадаги юқори мартабали терговчилардан бири Шамсиддин Холмуродов томонидан алоҳида чақириб олиниб, ярим соат сўроқ қилинган.

Уйидан "Ҳизбут-Таҳрир"га оид бирор нарса чиққан, чиқмагани, фирқанинг Тожикистондаги амири экани даъво этилаётган Шариф Ёқубовни таниган, танимагани ва эрининг "бу гуруҳга қўшилиб қолганидан хабари бўлганми ёки йўқлиги сўралган.

Малоҳат Абдуазимованинг айтишича, терговчининг барча саволларига рад жавобини берган.

Унга кўра, ўғли сўроқ қилинмаган, аммо қўшнисидан ҳам ўзига берилганига ўхшаш саволларни сўрашган.

"Менимча, улар оила аъзолари ва қўшниларининг Ўринбой Усмон ҳақида фикрларини билмоқчи бўлишган", дейди Малоҳат опа.

Ўринбой Усмон рафиқасининг айтишича, ана шу суҳбат ортидан терговчи турмуш ўртоғининг иши яхшилик билан тугашига ўзини умидлантирган.

Учрашишга изн йўқ

Малоҳат опа, ўз ўрнида, ҳануз Ўринбой Усмон билан учрашишга муваффақ бўлмаганликларидан шикоят этади.

Журналист қарийб бир ойдан буён ҳибсда тутиб турилган эса-да, оила аъзолари у билан фақат бир марта кўришишга муваффақ бўлишган, холос.

Аммо Малоҳат опанинг ҳимоячи сўзларига таяниб айтишича, турмуш ўртоғи унга ўзининг аҳволи яхши эканини билдирган.

"Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова Ўринбой Усмоннинг сўзларига ишонмай, уни шифокорга кўрсатиш лозимлигини айтиб, ўзи истаган шифокорни чақиртириш, бундан ҳам ташқари, бошларини рентген қилдиришга ваъда берибди".

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, бугун ҳимоячи билан бирга ҳибсхонага келган шифокор Ўринбой Усмонни тиббий текширувдан ўтказишга муваффақ бўлган.

Шифокор масъулларга Ўринбой Усмонга зудлик билан рисоладагидек тиббий муолажа кўрсатилиши лозимлигини айтган.

"Бугун бизга ҳимоячи орқали эртага бирорта яхшироқ овқат пишириб келинг, бошқарманинг ичида дастурхон тузатиб, болалари билан ўтириб, дийдорлашиб, хоҳлаганча овқатланиши мумкин, майли, биз рухсат берамиз", деб ҳам айтдириб юборишган экан. Аммо бошқармага кириб, сўраганимда, "Эртага Душанбедан "катта"лари келиши ва ўша нима деса, шу бўлиши, ўзлари ҳеч нарса деёлмасликларини айтишди", дейди Малоҳат опа.

Аммо у кишига кўра, ҳибсдаги турмуш ўртоғига олиб борган егулик, кийим-кечак ва дори-дармонларни ҳеч бир эътирозсиз қабул қилишмоқда.

Малоҳат опанинг энг сўнггида айтишича, Ўринбой Усмонни оилалари бағрига қайтаришни сўраб, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга йўллаган мурожаатларига ҳануз жавоб олишмаган.