Ашхобод яқинидаги портлашга нима сабаб бўлган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat

Туркман расмийлари ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетгани пойтахт Ашхобод яқинидаги пиротехника омборидаги портлашга сабаб бўлган, демоқдалар, бироқ Абадандаги қурол-яроғ омборидаги портлаш катта талофотларга сабаб бўлгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Портлашлар 7 июл куни Ашхободдан 20 километр узоқликдаги Абадан, собиқ Безмеин шаҳрида тушдан кейин рўй берган.

Ашхобод шаҳрида яшайдиган кишиларнинг айтишларича, Абадан тарафдаги тутунни ва портлашлар овозларини пойтахтда ҳам кўриш мумкин бўлган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилган, маҳаллий аҳоли қисман кўчирилгани хабар қилинган.

Ашхобод шаҳрида қисман электр таъминоти тўхтатилган, сабаби Туркманистон пойтахтига электр энергияси Абадандаги газ билан ишлайдиган Безмеин ГРЭСИдан узатилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматнинг махсус мажлисини ўтказгани хабар қилинган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, "Туркманистонда шу кунларда бўлаётган жазирама иссиқ туфайли мушакбозликка мўлжалланган пиротехника воситалари махсус омборида ёнғин келиб чиққан ва портлаш рўй берган".

"Қурбонлар ва катта вайроналар йўқ. Аҳолига азрур тиббий, ижтимоий ва бошқа кўмаклар кўрсатилаяпти. Ҳодиса жойига яқин жойда истиқомат қилган аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган", дея хабар тарқатган Ташқи ишлар вазирлиги.

Муҳожиротдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳи портлашлар қурол-яроғ омборида юз бергани ҳақида хабар қилади.

Гуруҳга кўра, дастлабки портлаш пайшанба куни соат 16.40 да содир бўлган.

"Дарҳол телефон алоқаси тўхтатилди. Қариндошлар бир-бирларига қўнғироқ қила олмай қолдилар. Кейинроқ, ярим соатдан кейин бутун мамлакат бўйлаб Интернет узиб қўйилди", деб хабар қилган Хроника Туркманистана веб-саҳифаси.

"Кўп инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида бизга хабар беришаяпти, лекин қурбон бўлганларнинг тахминий сонини аниқлаш ҳам имконсиз. Шаҳар кўчаларида кўплаб портламай қолган снарядлар ётгани ҳайида айтишмоқда, Абаданда ваҳима бошланган, оммавий талон-тарожликлар бошланган", деб ёзади инсон ҳақлари гуруҳи Интернет саҳифаси.

Туркманистондан олинаётган хабарларга кўра, Абадандаги портлашлар туфайли ўнлаб ва юзлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли жабр кўрган бўлиши мумкин.

Абадан шаҳрига элтувчи йўлларга текшириш нуқталари ўрнатилгани, шаҳар милиция ва ҳарбийлар билан ўраб олингани ҳақида хабар қилинмоқда.