Шимолий Афғонистонда cаккиз полициячи ўлдирилган

Image caption Доимо тинч бўлиб келган Шимолий Афғонистонда ҳам сўнгги пайтлари жангарилар фаолияти кучайган.

Шимолий Афғонистоннинг Жоузжон вилоятида йўл четида ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 8 нафар полиция ходими ҳалок бўлган.

Ҳужум Файзобод туманидаги Кўкалдош қишлоғида содир этилган. Жоузжон расмийларига кўра, полициячилар ўтирган автомашина йўл четида ўрнатилган бомбага дуч келган ва бутунлай вайрон бўлган.

Улар бу минтақадаги деҳқонлар орасида суғориш суви туфайли юзага келган можарони ҳал қилиш учун боргандилар.

Мулозимлар айни дамда ҳужум ортида турган шахсларни излашаётганини айтишмоқда. Ҳозиргача бир неча киши ҳибсга олинган. Аммо уларнинг кимлиги ва ҳужумга неқадар алоқаси борлиги хусусида бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Мозори Шарифдаги мухбиримизга кўра, исёнкорлар ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган.

Сўнгги ойлари Афғонистон шимолидаги одатда тинч бўлиб келган вилоятларда ҳам исёнкорлик амалиётлари кучайган.

Айниқса, Тожикистон чегарасига яқин минтақаларда жангарилар жуда фаоллиги айтилади.

Туркманистон билан чегарадош Фарёб ва Жоузжон вилоятларида ҳам қатор нотинч туманлар пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонга туташ Балх вилоятида ҳам исёнкорлик амалиётлари рўй бериб турибди.

Расмийлар аксилисёнкорлик амалиётларини кучайтиришмоқда. Бироқ, афтидан, шимолий Афғонистонга четдан жангарилар сизиб кириши ҳам тўхтамаётир.

Мулозимларга кўра, ҳозир Покистондан ўтиб келган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ҳам, асосан, Афғонистон шимолидаги минтақаларда ўрнашганлар.