Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова Ўринбой Усмонни уй қамоғига ўтказишни сўради

Хўжанд ҳибсхонасида 25 кундан буён сақланаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг адвокати терговчидан дастлабки тергов суриштирув ишлари тугагунга қадар, уни ҳибсхонадан уй қамоғига ўтказишни сўраган.

Ҳозирда Ўринбой Усмонга нисбатан қўлланаётган чора "ҳибс" бўлиб қолмоқда.

Аммо адвокат Файзинисо Воҳидованинг айтишича, 59 ёшли Ўринбой Усмоннинг соғлиги уни ҳибсхонадан уй қамоғига ўтказишни тақозо этади.

Ҳимоячи Ўринбой Усмонов ҳибсга олинган пайти адвокатга эга бўлмагани учун бундай сўровни бериш имкони бўлмаганини айтган.

7 июл куни Ўринбой Усмонни хжандлик шифокор Маҳмуджон Мамажонов тиббий кўрикдан ўтказган.

Ўринбой Усмоннинг ўғли Ойбекнинг маълум қилишича, отаси адвокат орқали терговчидан шифокор билан кўришишга изн беришни сўраган.

Ўринбой Усмон турли, жумладан қанд ва юрак хасталикларига эга.

Профессор Маҳмуджон Мамажонов Би-би-си мухбирини тиббий кўрикдан ўтказган ва ташхис натижалари аниқ бўлгандан кейингина унинг саломатлиги борасида шарҳ беришини айтган.

8 июл куни Би-би-си Форс хизматининг Душанбедаги мухбири Исфандиёр Одина Хўжанд хавфсизлик мулозимлари ва Ўринбой Усмоннинг ўзи билан учрашган.

Ўринбой Усмон анча ориқлаган ва руҳий кайфияти ҳам тушкун кўринарди, деди Исфандиёр Одина.

Ўринбой Усмон ўз ҳамкасблари билан суҳбат чоғида ҳеч қачон "Ҳизбут-Таҳрир" аъзоси бўлмагани ва бу ҳаракат ғояларини мутлақо қўллаб-қувватламаслигини айтган.

Тожикистон Хавфсизлик қўмитаси Би-би-си мухбирини Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси ҳақида расмий идораларга хабар бермаганликда айбламоқда.

Халқаро жамоатчилик Тожикистон ҳукуматидан Ўринбой Усмонни зудлик билан озод этишни талаб қилмоқда.