Тожикистонда ҳибсга олинган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон билан ташкилот раҳбарияти вакили учрашди

Image caption ББС муҳаррирларидан Алан Куортли билан учрашув мобайнида Ўринбой Усмон "Ҳезбут Таҳрир"га аъзо эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Би-би-сининг Тожикистонда ҳибсга олинган мухбири Ўринбой Усмон билан ташкилот раҳбарияти вакили Алан Куортли ва Душанбедаги ҳамкасби Исфандиёр Одина учрашдилар.

Хўжанд шаҳар Хавфсизлик Хизмати бўлими биносида бўлиб ўтган учрашув бир соатга яқин давом этган.

Би-би-си вакиллари дастлаб Хавфсизлик Хизмати Сўғд вилоят раҳбари билан суҳбатлашганлар.

Шундан сўнг уч ярим ҳафтдан бери ҳибсда ушлаб турилган Ўринбой Усмон олиб келинган.

Ўринбой Усмон анча ориқлаганини ва руҳий кайфияти ҳам тушкун кўринарди, деди учрашувда иштирок этган Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Исфандиёр Одина.

Image caption "Ўринбой Усмон анча ориқлаган ва руҳий кайфияти ҳам тушкун кўринарди", деди у билан учрашган ҳамкасби Исфандиёр Одина.

Ўринбой Усмон ўз ҳамкасблари билан суҳбат чоғида ҳеч қачон "Ҳизбут Таҳрир" аъзоси бўлмагани ва бу ҳаракат ғояларини мутлақо қўллаб қувватламаслигини айтган.

Аммо, Тожикистон фуқароси сифатида, Ҳизбу Таҳрир фаоллари билан бўлган учрашувлари ҳақида хавфсизлик ходимларини хабардор этмай, "хато" қилганини билдирган.

Бироқ, Би-би-си журналист ўз манбаларини ошкор этмасликка ҳақли, деб ишонади.

Қолаверса, бу тамойил журналистик фаолиятга оид Тожикистон қонунларида ҳам кўрсатилган.

Жума куни Ўринбой Усмоннинг адвокати Файзинисо Воҳидова Ўринбой Усмонни соғлиғи туфайли тергов жараёни мобайнида уй қамоғига ўтказишни сўраб, ариза берган.

59 ёшли Ўринбой Усмон қанд диабети ва юрак хасталигига чалинган.