Расмий Ашхобод: Ободондаги портлашларда 15 киши ҳалок бўлган

Image caption Интернетда Ободондаги аҳвол ҳақида тасаввур ҳосил қилишга имкон берадиган суратлар эълон қилинди

Туркманистон расмий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Ободондаги портлашларда икки ҳарбий ва 13 тинч фуқаро ҳалок бўлган.

"Turkmen Dowlet Habarlary" агентлиги хабар қилишича, Ободон шаҳридаги фавқулодда вазиятни ўрганган Туркманистон ҳукумат комиссияси портлашлар сабабини аниқлаган.

Ҳукумат комиссияси хулосасига кўра, "охирги кунларда юзага келган ўта иссиқ об-ҳаво туфайли келиб чиққан ёнғин пиротехника воситаларининг портлашига ва уларнинг катта ҳудудларга сочилишига сабаб бўлган. Бу радиусда эса Шўролар Иттифоқи давридан қолиб йўқ қилиниши керак бўлган қурол-яроғ портловчи воситалари армия омбори бўлган".

Ҳукумат комиссиясининг ҳисоботидан кейин Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Мудофаа вазири Бегенч Гундогдиевга қаттиқ ҳайфсан эълон қилгани ва унинг ҳарбий унвонини полковникликка туширгани ҳақида хабар қилган TDH агентлиги.

Туркман президенти бошқа жавобгарларнинг ҳарбий унвонларини бекор қилиш, Қуролли кучлар сафидан ҳайдаш ва ҳарбий трибуналга топширишга буйруқ берган.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор этган, Ободон ўрнида "мутлақо янги, барча талабларга жавоб берадиган замонавий шаҳар қуришга" ваъда берган.

Туркман расмийларининг ҳалок бўлганлар ҳақидаги дастлабки ахбороти Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг айрим Россия телеканалларини нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаши ортидан юз берган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай хабарларни рад этиши ҳақида эълон қилган.

Туркман мухолифатининг "Хроника Туркманистана" веб-сайти Ободондаги портлашларда 200 инсон ҳалок бўлгани, фавқулодда ҳодиса қурбонларининг жасадлари яқинларига қайтарилмаётгани ҳақида хабар тарқатган.

Би-би-си Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиндан ҳалок бўлган инсонларнинг жасадлари оилаларига қайтарилмаётгани ҳақидаги хабарлар қанчалар ишончли, деб сўради.

Фарид Тухбатуллин: Ободон ва унинг атрофидаги жойлардан ахборот олиш тобора қийин бўлиб бораяпти. Чунки Туркманистон расмийлари у ердаги вазият ҳақидаги маълумотлар имкони борича мамлакатдан ташқарига чиқиб кетмаслигининг олдини олишга уринмоқдалар. Бизда Ободонда тасвирга олмоқчи бўлган бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар бор. Бу одамларнинг тақдири ҳам номаълум қолмоқда. Шаҳарнинг кўп жойларига ўтиб бориш ҳозир ҳам тақиқланган. Аскарларнинг айтишларича, у жойларда ҳали ҳам портламай қолган снарядлар қолган ва шунинг учун тинч аҳолининг у томонларга ўтишига рухсат берилмаяпти. Ҳалок бўлган инсонларнинг жасадлари яқинларига қайтарилмаётгани ҳақидаги хабарларга келсак, бу хабар илк бор Россиядаги "Эхо Москвы» радиосининг Интернет саҳифасида пайдо бўлди, биз ҳали ўзимизнинг манбаларимиз орқали бу хабарларни текшира олганимиз йўқ. Шунинг учун, бу хабарларни биз ҳозирча на тасдиқлай оламиз, на рад эта оламиз. Лекин биз ҳақиқатда ҳам шундай бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Чунки, бундан олдин биз портлашлар зарби кучли бўлганидан айрим жасадлар шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаётгани ҳақидаги хабарларни олганмиз. Ҳозир аҳвол қандайлигини билишга ҳаракат қилаяпмиз, аммо боя айтганимдек, бизнинг манбаларимизнинг Ободон бўйича ахборот тўплаши мушкул бўлаяпти. Аввалроқ биз олган маълумотларга кўра, портлашлар натижасида 200 инсон ҳалок бўлган. Ҳозир Ашхободда 1000 дан ортиқ қурбонлар сони ҳақидаги овозалар тарқалган, аммо бундай вазиятларда ваҳима туфайли ҳам бўрттириб кўрсатиш ҳоллари бўлишини биз яхши тушунамиз ва ўзимизнинг манбаларимизнинг 200 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги ахборотни яна текширишга ҳаракат қилаяпмиз.

Би-би-си: Айнан ҳозир Туркман расмийлари хорижий оммавий ахборот воситалари ва Туркман мухолифатини Ободондаги ҳодиса бўйича ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатишда айбламоқдалар. Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳи ўзининг манбаъларини нақадар ишончли, деб билади? Бу манбалар бераётган маълумотларга қанчалар ишонса бўлади?

Фарид Тухбатуллин: Биз ўзимизнинг манбаларимиз билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қиламиз. Шу пайтгача бизнинг манбаларимиз берган маълумот асосида тарқатган хабарларимиз тасдиқланмаган ёхуд охир-оқибат ҳақиқатлиги инкор этилган ҳоллар бўлмаган. Албатта, Туркман расмийлари бу хабарларни ёлғон деб рад этишлари мумкин. Агар чиндан ҳам биз тарқатган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаса, чиндан ҳам биз айтаётган қурол-яроғ омбори портламаган ва улкан шикастлар етказилмаган бўлса, марҳамат, расмийлар Ободонга бир нечта хорижий оммавий ахборот воситалари журналистларини олиб бориб кўрсатишсин. Мухбирлар у ердаги аҳволни ўз кўзлари билан кўрсинлар, Туркманистон ҳукумати ҳақ ёки ноҳақлигига ўзлари ишонч ҳосил қилсинлар. Бу расмийларнинг ихтиёрида. Лекин, улар бу ишни қилаётганлари йўқ. Улар фақат бизни ёлғон ахборот тарқатишда айблаяптилар. Аммо, биз биламизки, қурбонлар бор, жуда катта вайроналар бўлган. Расмийлар портлашлар оқибатида қанча зарар етказилгани ҳақида ҳеч нарса айтмаяптилар, агар улар қурбонлар ҳақида гапиришни умуман исташмаётган бўлса, ярадорлар бор-ку. Улар қанча одам жароҳатлангани ҳақида ҳам маълумот бераётганлари йўқ. Би-би-си: Мана портлашлардан кейин бир неча кун ўтди. Бугунга келиб Ободоннинг қайси қисмига кўпроқ зарар етгани ойдинлашдими?

Фарид Тухбатуллин: Кўпроқ шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмига кўп шикаст етган. Бу жойда ҳарбий омборлар ва бу омборларга яқин Гунеш посёлкаси жойлашган. Ҳаммадан ҳам кўра, ўша ҳудуд кўп зарарланган. Ҳозир у ерга оддий одамларнинг ўтишига рухсат берилмаяпти. Лекин Ободоннинг бошқа қисмларига сув таъминоти, электр узатиш қайта тикланган. Ҳудудларни тозалаш ишлари олиб борилаяпти.

Би-би-си: Хабарларда Ободонда жойлашган Безмеин ГРЭСи Ашхобод шаҳрининг ғарбини электр энергияси билан таъминлагани, бу ГРЭС қурол-яроғ омборларига яқин ойлашгани ва портлашлардан кейин пойтахт ғарбида электр таъминоти тўхтаб қолгани айтилган. Бу электр станцияси қанчалар шикастланган?

Фарид Тухбатуллин: Ҳа, у ер шикастланган, портлашлар бошланган пайтда у ерга бир неча снаряд бориб тушган. ГРЭСнинг ходимларини эвакуация қилишган. Ашхободга электр узатишни тўхтатиб қўйишган. Портлашлардан кейин бу иншоот қандай аҳволда эканлигини биз ҳам ўрганишга ҳаракат қилаяпмиз. Аммо шу пайтгача буни аниқлай олганимиз йўқ.