Қирғизистон жанубида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ортиб бормоқда

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, ўтган йил қонли миллий низоларга саҳна бўлган жанубий Ўш шаҳрида одамлар орасида худкушлик ҳоллари ортиб бормоқда.

AKIpress ахборот агентлигининг Ўш шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, июл ойининг илк саккиз кунида етти киши ўз жонига қасд қилишга уринган.

Маҳаллий милиция эса, худди шу вақт оралиғида шаҳар дарё ва каналларидан топилган тўрт жасадда бирор бир зўравонлик аломатининг йўқлиги ҳам уларнинг ўзларини ўлдирганликларига далолат қилишини айтади.

Ўш шаҳридаги июн қирғини жабрдийдаларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари Иззатулла Раҳматуллаев ҳам Би-би-си билан суҳбатида вазиятнинг жиддий эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унга кўра, яшаш шароитининг кун сайин оғирлашиб кетаётгани, июн воқеалари ортидан асосий боқувчилари бўлмиш эркакларининг четга чиқиб кетишгани сабаб, аксарият оилаларнинг қаровсиз қолгани ва жабрдийдаларга психолик ёрдамнинг етарлича эмаслиги одамлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларига сабаб бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси катта ёшдагилар орасида бунақа кўринишлар кам учраши, асосан аёллар ва ёшлар орасида бу каби ҳолатлар кўпроқ кузатилишини айтади.

Унга кўра, милиция ходимларининг зўравонликлари ва таъмагирликлари ҳам ёшларни сўнгги чорага ундаётган асосий омиллардан бири бўлмоқда.

Ўш ва Жалол-Обод вилоятида аёллар ва ёшлар руҳий мададга ниҳоятда муҳтож, чунки келажакдан умидларини узиб қўйишгани учун ҳам, уларнинг орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Июн ойидаги зўравонликлардан энг кўп жабр кўрган ва руҳий мададга муҳтожларнинг ҳам аксарияти ўзбеклар экани айтилади.

Аён бўлишича, ёшлар ўзларини осиш йўли билан ҳаётларига нуқта қўйишаётган бўлса, аёллар ва қизлар сирка ёки турли дори-дармонлар ичиб, ўзларини ўлдиришга ҳаракат қилишар экан.

Иззатулла Раҳматуллаев масъуллар томонидан бу каби ҳолларнинг олдини олиш учун муайян чора-тадбирлар қўл урилаётгани, дейлик, Ўш шаҳар касалхонаси биносида руҳий ёрдам кўрсатиш маркази очилганини ҳам қайд этиб ўтади.

Аммо, унга кўра, ишонч марказига чиқиб, руҳий мадад олишларига одамларнинг менталитети йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам уларнинг фаолияти самарали бўлмаяпти, дейди ҳимоячи.

У аҳолининг орасига кириб, жабрдийдаларга қандай кўринишда бўлмасин, руҳий ёрдам кўрсатадиган бирор бир ташкилотнинг ўзи йўқлигини таъкидлайди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли мавжуд вазиятни назарда тутиб, одамларга психологик кўмак беришда махсус телевизион дастурларнинг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқлигини айтади.

Бундан ҳам ташқари, менимча, руҳшунослар ёрдамга муҳтож одамлар билан яккама-якка иш олиб боришлари муҳим, дейди у.

Ўтган йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида кечган миллий низоларда юзлаб одамлар қурбон бўлишганди.

Минглаб кишиларга тан жароҳати етиб, бутунбошли маҳаллалар, тижоратлар вайрон бўлганди.

Маҳаллий кузатувчилар орадан бир йил ўтиб ҳам, Қирғизистон жанубида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ҳануз танглигича қолаётгани ва одамларнинг турмуш кечиришлари ниҳоятда қийинлашганини айтишади.