Шошилинч хабар: ҳибсда қолаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон озод этилди

Тожикистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат Бош прокурори бир ойдан буён ҳибсда қолаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонни махсус шарт билан озод этишга қарор қилган.

Журналист Ўринбой Усмон ҳибсхонадан озод этилиб, уйига қўйиб юборилган ва ҳозир оиласининг бағридадир.

Лекин, масъулларга кўра, Ўринбой Усмоновнинг иши кўриб чиқишда давом этилади.

Журналистга мамлакатдан чиқмаслик шарти қўйилган.

Мазкур хабар Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган.

Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Сўғд вилоятида Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" ноқонуний гуруҳига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Журналистнинг ҳибсга олинганига кеча роппа-роса бир ой бўлганди.

У дастлаб "Ҳизбут-Таҳрир" диний гуруҳига аъзолик ва "Тожикистондаги конституцион тузумни куч билан ағдаришга ошкора даъват этишда" айбланганди.

Аммо орада тожикистонлик терговчилар Ўринбой Усмоновга қўйилган мазкур айбловларни олиб ташлашди.

Шундан сўнг, Би-би-си мухбири "Ҳизбут-Таҳрир" ноқонуний диний фирқасининг фаолияти ҳақида тегишли идораларга хабар бермасликда айбланаётганди.

Сешанба куни Тожикистон Бош прокурори мамлакат Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг Би-би-си мухбири устидан олиб бораётган тергов жараёни ўз ниҳоясига етгани ва иш кўриб чиқиши учун вилоят прокуратура идорасига юборилганини айтганди.

Жаноб Салимзода қўмитадан тергов хулосасини президент Имомали Раҳмонга юборишни сўраганини ҳам билдириб ўтганди.

Би-би-си Жаҳон Хизмати томонидан кеча чиқарилган сўнгги баёнотида ҳам яна бир бор ўз мухбирига қўйилган айбловларнинг асоссиз экани урғулаганди.

Корпорация ўз мухбирининг саломатлиги юзасидан ҳам хавотирда эди.

Ўринбой Усмоновнинг юраги хаста ва қанд хасталигидан азоб чекади.

Ўтган ой ҳибсдаги турмуш ўртоғи билан илк ва ҳозирча сўнгги бор кўришишга муваффақ бўлган рафиқаси Малоҳат Абдуазимова ҳам эрини зўрға танигани, унинг озиб-тўзиб, ниҳоятда ҳолсизланиб қолганини айтганди.

Ҳибсда экани чоғида унинг қийноқларга тутилганига оид хавотирлар ҳам ўртага чиққанди.

Ўринбой Усмонов 22 июн куни Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг Сўғд вилоятидаги ҳибсхонасидан Ички ишлар вазирлигига қарашли вақтинчалик ҳибсхона - СИЗОга ўтказилганди.

АҚШ, қатор Оврўпо давлатлари ва дунёнинг кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлари қайта-қайта баёнот билан чиқиб, унинг зудлик билан озод этилишини талаб этиб келишаётганди.

Тожикистон ҳукумати мамлакатда радикал Исломнинг барча кўринишларини йўқ қилиш учун ўта кескин чораларга қўл уриб келади.

Ҳукумат танқидчиларига кўра, "Ҳизбут-Таҳрир" аъзоларини қўлга олиш йўлидаги бу қадар саъй-ҳаракатлари гуруҳнинг янада яширин фаолият олиб боришга ўтишига сабаб бўлиши мумкин.