Имомали Раҳмон Тожикистон ёшларининг радикаллашувидан хавотирда

Имомали Раҳмон
Image caption Имомали Раҳмон тожик жамиятининг радикаллашувидан хавотирда

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакат жамиятининг радикаллашиб бораётганидан ўз хавотирларини билдирди.

Турсунзода шаҳрида чиқиш қилган Имомали Раҳмон ота-оналарни ўз фарзандларини "террорчиларга айланмасликлари учун хорижга диний таълим олгани" юбормасликка чақирди.

Ўтган йил ёзида хорижий диний ўқув даргоҳларида таълим олаётган юзлаб талаблар Тожикистонга қайтарилганди.

Тожикистон президентига кўра, диний таҳсилни болалар кўпроқ уйда, ота-оналаридан ёда мамлакат ичкарисидаги уламолардан олганлари маъқул.

Тожикистон президентининг хавотирлари қанчалар асосли?

Би-би-си ушбу савол билан Лондонда жойлашган "Жадид-Онлайн" интернет саҳифаси муҳаррири Дориюш Ражабиёнга мурожаат этди.

Дориюш Ражабиён: Расмий статистика йўқлиги сабабли Тожикистондан қанча сондаги ёшлар чет элга ўқишга кетганлари ҳақидаги саволга аниқ жавоб бўлмаса керак. Лекин уларнинг сони кўп. Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида кўп ёшлар Афғонистон, Покистон ва Саудия Арабистонига кетишган эди. У ёқларда таҳсил олиб Тожикистонга қайтган ёшларнинг айримлари бошқача дунёқараш, Тожикистондаги анъанавий Ҳанафий мазҳабидан фарқ қиладиган Исломнинг ўзгача талқини билан қайтдилар. Бугун Тожикистонда ваҳҳобийлик, салафийлик каби оқимлар тарафдорларини кўриш мумкин. Уларнинг ҳозирлиги масжидларда ҳам кўзга ташланади ва улар ўзларининг тартиб-қоидаларини, намоз ўқиш қоидаларини жорий этишга уринадилар. Шунинг учун ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон анчадан буён огоҳлантириб келаётган таҳдид амалда мавжуд. Лекин бу хавф ёки таҳдидни бартараф этиш мақсадида Тожикистон расмийлари танлаган йўлни самарали йўл, деб бўлмайди. Балки бу амаллар акс натижа беради, дейиш мумкин. Таъқиқланган мева ширин кўрингани сабабли бу ҳаракатлар қайтага радикал Ислом кучайишига олиб келиши мумкин. Бунга қарши энг самарали йўл - маърифат йўли экани кўпчиликка аён. Аммо, биз ҳозир маблағ етишмаслиги туфайли бу мавзулардаги адабиётлар деярли йўқлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Тожикистонда бир йилни "Авеста йили" деб эълон қилиниши, орадан сал вақт ўтиб, "Имом Аъзам йили" эълон қилиниши ҳали тожик расмийларининг ўзлари ҳам бу борада қандай йўл тутиш масаласида қарорлари қатъий эмаслигини кўрсатиб турибди.

Би-би-си: Бугунги Тожик жамиятида динийлашиш ёки исломийлашиш нақадар кенг тарқалмоқда?

Дориюш Ражабиён: Мен ҳар гал Тожикистонга борганимда, тобора кўп одамлар масжидга қатнаётганларини, жамият муҳити тобора исломийлашиб бораётганини кузатаман. Аллақачон 18 ёшга тўлмаганларнинг масжидга боришларини таъқиқлайдиган қонун қабул қилинган бўлса-да, Душанбе ёки Хўжанддай шаҳарларда ҳам болаларни ибодатга бораётганларини кўриш мумкин. Ҳаётнинг оғирлиги, иложсизлик инсонларни динга кўпроқ мурожаат этишларига ундайдиган асосий омил деб кўрилади.

Би-би-си: Тожикистон мисолида одамларнинг тобора кўпроқ ибодатгўй бўлиб бораётганларига яна қандай омиллар таъсир қилмоқда?

Дориюш Ражабиён: Албатта, оғир иқтисодий аҳвол асосий сабабчидир. Бундан ташқари омиллар ҳам бор, улардан бири сифатида мафкуравий бўшлиқни тилга олиш мумкин. Узоқ йиллар давомида муайян бир мафкура билан яшаб келган халқлар бу мафкура ўзининг долзарблигини йўқотганидан кейин, собиқ Шўро мамлакатларида коммунистик мафкура бекор қилинганидан кейин, Тожикистонда ҳам, бу мафкуравий бўшлиқ ўрнини нимадир билан тўлдириш ҳаракатлари бошланди. Айниқса, буни ёшлар орасида сезиш мумкин эди. Тожикистонда коммунизм инқирозидан кейин мафкура майдонида одамларга ниманидир тақдим этмоқчи бўлдилар. Аммо бунинг уддасидан чиқилмади. Шунинг учун ҳам бугунги Тожикистон шўролар келгунича бўлган босқичга қайтаяпти, дейиш мумкин.