Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистонда балоғатга етмаганларнинг масжидга бориши тақиқланди

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон "Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти" номли қонунни имзолади.

Аммо, исломий уламолар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари томонидан танқидга учраган ва турли баҳсларга сабаб бўлган.

Аввалроқ Эрондаги Хуросон радиоси орқали гапирган таниқли тожик уламоси ва собиқ мухолифат раҳбари Ҳожи Акбар Тўражонзода президенти бу мубоҳасали қонунни тасдиқламасликка чақирган.

Унинг айтишича, мазкур қонун фуқароларнинг диний ҳуқуқларини чеклайди. Қонунда, хусусан, 18 ёшга етмаганларнинг масжидда ибодат қилиши тақиқланади.

Image caption Ҳожи Акбар Тўражонзода янги қонун мамлакатдаги радикаллашувни тўхтатишига ишонмайди

"Уларни жамоатда ибодат қилишини ман қилиш бу катта гуноҳ. Бу дегани у Худонинг қарғишига қолади. Ал Бақара сурасида айтилганидек, Оллоҳнинг масжидларида ибодат қилишни ман қилган одамдан ёмонроқ золим йўқ," деб айтган у Эрон радиосига.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Тўражонзоданинг айтишича, янги қонун Исломга очиқча зиддир.

"Бизнинг қонунларимизда балоғат ёшини 18 деб эълон қилган бўлсада, Исломда 12 ёшдан бошлаб йигитлар болиғ саналади ва 12 ёшдан бошлаб уларга намоз фарз бўлади," дейди у.

Уламонинг айтишича, қонунга биноан оилаларга янги туғилган фарзандларига миллий руҳдаги исмларни қўйиш кўрсатмаси берилади ва бу борада махсус китоб чоп қилиниб, маҳаллаларга тарқатилаяпти.

"Бу китоблар билан мен танишдим. Буларнинг ичида аслан мусулмоний отлар йўқ. Яъни Абдулло, Аҳмад, Муҳаммад, Исмоил, Фотима, Заҳро, Абдураҳмон, Умар, Абубакир, Усмон, хуллас, бу исмлар йўқ," дейди у.

Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги диний радикаллашувга қарши курашиб келмоқда. Айниқса вояга етмаган авлоднинг диний таълими чекланмоқда, хусусан хорижий масжидларда илм олиши ман қилинган.

Бироқ, жаноб Тўражонзода янги қонуннинг исломий радикаллашувнинг олдини олишига ишонмайди.

"Булар сиёсий озодликларни, диний озодликларни маҳдуд қилганидан кейин у ишлар пайдо бўлади. Масжидлар Худонинг уйидир. Уларга терроризм ва экстремизм манбалари дея исм қўйиш бу мусулмон учун жуда ҳам таҳқир нарса," дейди у.

"Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти" қонунида, шунингдек, нафақат масжидда, балки уй шароитларида ҳам балоғатга етмаганларга диний таълим бериш учун 5 йилдан то 12 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Мардон Муҳаммаднинг айтишича, пойтахт Душанбеда рамазон пайтида ёшларнинг масжидга боришларининг олдини олиш учун қаттиққўл расмий чоралар кўрилмоқда.

Унга кўра, фарзандининг масжидга боришига рухсат берган ота-оналарга жиноий иш билан таҳдид қилинмоқда.