Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" сафида Қирғизистон фуқаролари борми?

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси (МХДҚ) бир неча юз мамлакат фуқароларининг жангариларни тайёрлаш бўйича афғон жамлоқларига ташлангани ҳақида ҳозирча ишончли маълумотга эга эмас.

Бу ҳақда МХДҚ бошлиғининг ўринбосари Марат Иманқулов КирТаг ахборот агентлигига маълум қилган.

Бироқ, унинг таъкидлашича, бундай хабарларга хавфсизлик ходимлари диққат билан ёндашишади.

"Ушбу маълумот текширилаяпти ва ҳозирча ватандошларимизнинг жамлоқларга ташлангани ҳақида ишончли маълумот бизда йўқ," деб айтган қирғиз юқори мулозими.

"Бу илгарилари ҳам бўлган. Бундай жамлоқларда 2001 йилдан буён бизнинг фуқароларимиз бор. Улар Афғонистонда толиблар тарафидан туриб иттифоқчи кучларга қарши жанг қилишаяпти," деб айтган Марат Иманқулов.

Аввалроқ Ўш шаҳар Ички ишлар идораси бошлиғи Марат Ўрўзбаев Афғонистонда "ал-Қоида" тармоғига тегишли махсус жамлоқларда 200 нафарга яқин Қирғизистон фуқаролари ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганини айтганди.

"Афғон махсус хизматларидан 200 га яқин қирғизистонлик Афғонистон ҳудудида экани ва, афтидан, "ал-Қоида"нинг махсус лагерларида тайёргарликдан ўтаётганликлари ҳақида бизга дастлабки маълумот келиб тушди," - деб айтди Ўш шаҳар Ички ишлар идораси бошлиғи Марат Ўрўзбаев. - "Улар бизнинг фуқароларимиз экани ва уларнинг яқинлари ўтган йил Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисаларда ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда."

Қирғизистон расмийлари мамлакат ҳудудида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи"га мансуб жангарилар фаолиятда эканини даъво қилиб келишади.

Ўтган июн ойида кечган миллий низоларда ҳам ушбу гуруҳларнинг қўли борлиги айтилганди.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг собиқ аъзоси Би-би-си билан суҳбатда 2001 йил кузида Америка бошчилигидаги иттифоқчи кучлар Афғонистонни ишғол этгунга қадар ҳаракат таркибида Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлганини билдирди.