Туркман президентлик сайловлари санаси эълон қилинди

Image caption Президент Бердимуҳамедов шахсга сиғиниш маданиятини давом эттираётир

Туркманистон парламенти мамлакат президентлигига сайловлар 2012 йилнинг 12 февралида бўлиб ўтишини эълон қилган.

Туркманистон президенти лавозимига номзодларни илгари суриш сайловларга 60 кун қолганда бошланади ва 30 кун қолганда тўхтатилади.

Сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар гуруҳлари президентликка номзодларни илгари суриш ҳуқуқига эгалар.

Туркман конституциясига биноан, мамлакат президенти этиб Туркманистонда туғилган, 40 ёшдан ошган, аммо 70 ёшига етмаган, давлат тилини билган ва Туркманистонда ўтган 15 йил давомида доимий тарзда яшаган, ҳамда давлат идораларида, жамоат уюшмалари, ширкатлар ва ташкилотларда ишлаган шахс сайлана олади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат президенти этиб 2006 йил 21 декабрида тайинланганди. У Туркманистонни 20 йилдан ошиқ бошқарган Сапармурот Ниёзов ўлими ортидан лавозимни эгаллаган.

2007 йил 11 февралида бўлиб ўтган президентлик сайловларида жаноб Бердимуҳамедов 89% овозни йиққани эълон қилинган.

Сайловларни кузатган халқаро кузатувчилар олти номзод иштирокида ўтган сайловлар эркин ва адолатли тарзда ўтмаганини айтиб, овоз берувчиларнинг 98 фоизи сайловларда қатнашгани борасидаги расмий баёнотни рад қилишганди.