Қозоғистон: Намойишчи нефтчиларнинг юристи 6 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистон ғарбида норозилик намойишлари ташкил қилаётган нефтчиларнинг юристи 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Наталья Соколова “Қаражанбасмунай” компанияси касаба уюшмасининг юристи эди ва ишчиларнинг ҳаққини талаб қилишда анча фаол бўлган.

70 кундан ортиқ давом этаётган норозилик акцияларининг боши берк кўчага кириб қолгани кузатилмоқда. Акция бошида маошларни кўтаришни талаб қилган ишчиларнинг бугунги кундаги асосий талаби ўзларини ишга қайта тиклашни сўраш бўлиб қолгани айтилмоқда.

Кузатувчилар компания раҳбарияти ишчиларнинг талабига қулоқ солмаётганини, маҳаллий ҳокимият эса муаммони ечишда ожиз қолаётганини айтишмоқда.

Наталья Соколовага ижтимоий низо қўзғаш, митинг ва намойишлар ўтказишда қонунни бузиш каби айбловлар қўйилди.

Иш ташлаш натижасида “Қаражанбасмунай” компаниясига катта миқдорда молиявий зарар етказганликда айбланган Соколова хоним 6 йил умумий жазо колониясида муддатини ўташи белгиланди.

Маҳкама жараёнини яқиндан кузатган Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунга амал қилиш бюроси вакили Галим Агелеуовга кўра, маҳкамада Наталья Соколова ўзига қўйилган айбларни тан олмаган ва воқеаларнинг бундай тус олишига компания раҳбарларининг мулоқотга чиқмаганлиги сабаб бўлгани айтиб ўтган.

“Бу мамлакатдаги барча касаба уюшмалари ва биринчи навбатда Қозоғистон ғарбидаги нефтчилар учун кўргазмали жазо бўлди. Бу ҳаракат мамлакатдаги касаба уюшмаларининг ривожини бостириш учун ҳам амалга оширилди”, - дея баҳо беради Галим Агелеуов.

70 кундан бери Қозоғистон ғарбидаги икки компания ишчилари норозилик акцияси ўтказиб келмоқда.

“Қаражанбасмунай” ва “Ўзенмунайгаз” компаниясининг ишчилари бир қатор талаблар билан компания раҳбариятига чиққан эди.

Талабларнинг ичида инфляция муносабати ва оғир шароитлар туфайли маошларни кўтариш, ишлаш жараёнидаги шароитларни ҳам хорижликлар ва ҳам маҳаллий ишчилар учун бир хил қилиш кабилар бор эди.

Компания раҳбарияти ишчиларнинг талабларига қулоқ солмади, аксинча намойишчиларни ишга вақтида келмаганлик ва ноқонуний равишда иш ташлашда айблаб ишдан бўшатди.

Бу амал ишчиларнинг янада норозилига сабаб бўлди. Очлик эълон қилишлар ва Жанаўзен ҳамда Ақтау шаҳридаги кўзга кўринарли жойларда узликсиз намойишлар ташкил этиш бошланди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бугунги кунга келиб ушбу компанияларда ишлаёган 2.000 дан ортиқ ишчи қудратдаги "Нур Отан" партиясидан чиқишини маълум қилган.

Ишчиларга кўра улар ушбу партияга мажбурий равишда кирганлар ва бугунга келиб партиянинг муаммони ечишда ожиз қолганига амин бўлишган.

Кузатувчилар компаниялар ишчиларнинг талабига умуман қулоқ солмаётганини маҳаллий ҳокимият эса ўртада воситачилик қила олмаётганини айтишмоқда.

Танқидчилар вазият ижтимоий муаммодан сиёсий жараёнга кўтарилганини, муаммони ечиш учун марказий ҳукумат вакиллари аралашиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Ҳукуматга қарашли матбуотда ушбу мавзу бир ёқлама ёритилмоқда. Газета мухбирлари намойишчиларни тўқликка шўхлик қилишда ва тинчликни бузиш учун провакация уюштиришда айбламоқда.

"Нур Отан" партиясига қарашли “Литер” газетасининг ёзишича, ушбу компанияда ишловчилар ўртача 1.500-2.000 доллар ойлик олишади, ишчилар ҳар йили иш ташлаш билан маошларни кўтаришга ўрганиб қолишган.

Бироқ бу сафар компания раҳбарияти бундай инжиқликларга учмаган ва иш ташлаганларни ишдан бўшатган. Намойишлар натижасида давлат бюджети 150 миллион доллар зарар кўргани айтилади.

Аммо воқеани яқиндан кузатаётган жамоатчилик вакиллари ҳукумат газеталарида айбловлар ёлғон эканини даъво қилишади.

“Қоғозга қарасангиз, ростдан ҳам ишчиларга 300 - 400 минг танга (2.000 – 2.700 доллар) ойлик берилиши керак. Аммо қўлга ушбу пулнинг 1/3 қисми тегаяпти, холос. Қолган пул қаёққа кетаётганини ишчиларнинг ўзи ҳам билмайди. Компания раҳбарлари айтмайди. Бу – пул бир одамнинг чўнтагига кетаётганини англатади”, - дейди нефтчиларни ҳимоя қилиш мақсадида тузилган “Халқ фронти” ҳаракатидан Жонпўлат Мамай.

Жонпўлат Мамайнинг қўшимча қилишича, нефтнинг устида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ҳам шароитлар яхши эмас. Шаҳарда қурилишлар йўқ ва йўллар абгор ҳолатда. Ишчилар ва шаҳар аҳолисига бундай муносабат оммавий норозиликларни кенгайишига сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Кузатувчилар нефтчиларнинг 70 кундан ортиқ давом этаётган намойишлари бирор ижобий натижа бермаганини, ҳукумат ва компания раҳбарлари нефтчиларга ён босмаётганини айтишади.

Аксинча, компания раҳбарлари намойишда иштирок этганларни ишдан бўшатиб, уни ташкиллаштиришда гумон қилганларни маҳкама орқали қаматишга муваффақ бўлмоқда.

Шу сабабдан бугунга келиб намойишчиларнинг талабларига муҳимроқ янги талаблар қўшилган.

Ишчилар 1 чи навбатда ўзларини ишга тиклашларини ва касаба уюшмаси юристи Наталя Соколовани озод қилиш ҳамда маошларни кўтаришни талаб қилишмоқда.