Қирғизистон президентлигига номзодлар сони 40 дан ортди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғизистон Марказий Сайлов ҳайъатининг билдиришича, бугунга келиб президентликка номзодларнинг сони 40 дан ортган.

Қирғизистон президентлигига сайловлар эса, шу йилнинг 30 октябр куни бўлиб ўтади.

Масъулларга кўра, номзодларнинг фақат 10 га яқини Қирғизистондаги сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган. Қолганлари эса, мустақил номзодлардир.

Қирғизистон президентлигига номзодларнинг мамлакат парламентининг амалдаги ёки собиқ аъзолари, дипломатлар, тижоратчилар, ишсизлар, уй бекаси, фермер, истеъфодаги юқори мартабали ҳарбийлар ва журналистлардан иборат эканликлари айтилади.

Президентликка даъвогарларнинг ўз номзодларини илгари суриш жараёни 16 августга қадар давом этади. Шундан сўнг уларни расмий рўйхатга олиш ишлари бошланади.

Аммо расман қайддан ўтишлари учун номзодлар 100.000 қирғиз соми (тахминан 2.2 минг АҚШ доллари) миқдорида гаровга пул қўйишлари, 50 миллион сом(1.1 минг АҚШ доллари)дан ошмайдиган миқдорда жамғарма тузишлари, ўзларини дастакловчи 30 минг сайловчининг имзосини тўплашлари ва қирғиз тилидан имтиҳон топширишлари лозим бўлади.

Маҳаллий сиёсатчиларга кўра эса, 40 дан ортиқ номзоддан фақат саноқлисигина президентлик пойгасида муваффақият қозонишларига умид қилишлари мумкин.

Улар бу каби номзодлар сирасида "Бутун Кыргызстан" партияси лидери Адахан Мадумаров, "Ата Журт" партияси раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ Ички ишлар вазири ва Норин вилоятининг собиқ губернатори Омурбек Суваналиевларни тилга олишади.

Экспертлар эса, молиявий ва ташкилий муаммолар сабаб, президентлик сайловлари санасига яқин номзодларнинг сони жиддий қисқаради, деган ишончдалар.

Маҳаллий кузатувчилар, ўз ўрнида, ҳалича обрўлари "тош босадиган" сиёсатчилар президентликка ўз номзодларини илгари суришмаганига эътибор қаратишади.

Бу каби сиёсатчиларнинг шу яқин кунлар ичида ўз даъволарини эълон қилишлари кутилмоқда.

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти эса, Қирғизистон Марказий сайлов ҳайъатини сайловолди амалиётлари ва сайлов жараёнини ёритиш учун ахборот агентликларига ҳам рухсатнома беришга ундаган.

Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистон Марказий сайлов ҳайъати 21 июл куни 40 та теле ва радиокомпания, 100 дан ортиқ нашрларга аккредитация берган, аммо 11 та ахборот агентлигининг сўровини рад этган.

Қирғизистон президенти 6 йилга сайланади.

Президентликка номзоднинг ёши 35 дан кичик бўлмаслиги, аммо 70 дан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, бўлажак номзод Қирғизистон республикаси фуқароси бўлиши ва сўнгги 15 йил мамлакатни тарк этмаган бўлиши керак.

Жорий пайтда Қирғизистонга ўтган апрел ойидаги оммавий намойишлар ортидан президент Қурмонбек Бакиев ўрнига қудратга келган ва ўтган июн ойидаги сайловларда президент этиб сайланган Роза Ўтинбоева раҳбарлик қилади.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, Ўтинбоева хоним ўз номзодини яна бир бор президентликка илгари сура олмайди.

Унинг ваколати расман шу йил охирида ўз ниҳоясига етади.