Қозоғистон Президентининг номзоди яна бир бор Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурилди

Бу гал Норвегиянинг Bike for Peace ноҳукумат ташкилоти Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурган.

Ташкилот раҳбари Торе Наэрландга кўра, қозоқ раҳбари ушбу шарафли мукофотга лойиқдир.

"2010 йилнинг 29 август куни Қозоғистон ва бутун дунё илк бор Халқаро Ядровий синовларга қарши кураш кунини байрам қилди. Бирлашган Миллатлар томонидан ҳам дастакланган ушбу санани нишонлаш ташаббуси билан эса, президент Назарбоев чиққанди. Шунинг учун ҳам биз Қозоғистон президентининг номзоди Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурилиши керак деган ишончдамиз", деб айтган у.

Жаноб Наэрланд бу каби баёнот билан ўтган ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада уюштирилган матбуот анжумани чоғида чиққан.

Унинг айтишича, бу ҳақдаги мактуб АҚШ Конгресси, Норвегия парламенти ва 1976 йилги Нобел Тинчлик мукофоти соҳибаси, Шимолий Ирландия парламенти аъзоси Мейрид Корриганга юборилган.

Торе Наэрланднинг урғулашича, Корреган хоним ўзларининг таклифлари аллақачон қўллашини ҳам билдирган.

Остонадаги матбуот анжумани эса, Bike for Peace ташкилоти томонидан шу ой Қозоғистонда бўлиб ўтажак веломарафонга бағишланган.

Веломарафон Қозоғистон Мустақиллиги ва Семипалатинскдаги ядро полигони ёпилишининг 20 йиллик санаси муносабати билан уюштирилмоқда.

Тадбирда 10 норвегиялик ва олти қозоғистонлик велосипедчи иштирок этаётир.

6 август куни Семипалатинскдан пойтахт Остонага қараб йўлга чиққан велосипедчилар 29 август - Халқаро Ядровий синовларга қарши кураш куни кўзлаган манзилларига етиб келишади.

Семипалатинск ядро полигони 1991 йилда Қозоғистон ҳукуматининг қарори билан ёпилганди.

1949 йилда ишга туширилган полигон собиқ Шўролар ҳудудидаги энг йирикларидан бири эди.

Айнан Семипалатинскда советларнинг илк атом қуроли синаб кўрилган.

Айрим маълумотларга кўра, 40 йиллик фаолияти давомида полигонда 450 дан ортиқ ядровий синовлар ўтказилган.

Уларнинг таъсири эса, юз минглаб аҳолининг саломатлигига зиён етказгани айтилади.

Ўтган йил ҳам Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзоди бу йилги Нобел Тинчлик мукофотига тақдим этилганди.

Бу каби таклиф билан Турк Халқлари Умумжаҳон Ассамблеяси чиққанди.

Бундан аввал ҳам икки америкалик конгрессмен ва Қозоғистон Халқ Ассамблеяси томонидан жаноб Назарбоевнинг номзоди Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурилган.

Аммо ҳар икки гал ҳам қозоқ раҳбарига ушбу шарафли унвон насиб этмаган.

Собиқ Шўро раҳбарларидан Михаил Горбачевгина Нобелнинг Тинчлик мукофотини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Жаноб Назарбоев номзоди бу каби олий мукофотга қайта-қайта илгари сурилаётган илк Марказий Осиё президентидир.

Назарбоев нимани қойиллатган?

Президент Нурсултон Назарбоев 2003 йилда Остонада илк Умумжаҳон динлари конгресси ўтказади. Орадан уч йил ўтиб эса, Қозоғистонда Тинчлик ва Тотувлик маркази очилади.

Қозоғистон президенти, бундан ташқари, 1995 йилда мамлакатининг йириклиги бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгалловчи ядровий арсеналидан воз кечишга қарор қилади.

Кўплаб кузатувчилар эса, қозоқ раҳбарининг мустақиллик ортидан тутиб келаётган нейтрал ташқи сиёсатини алоҳида урғулашади.

Қозоғистон парламенти ўтган йили жаноб Назарбоевни "Миллат раҳнамоси" мақоми билан ҳам сийлаганди.

Қозоғистон президент Назарбоев бошчилигида 2010 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига ҳам раислик қилганди.

Расмий Остона Қозоғистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ваъдаси билан ушбу мақомни қўлга киритганди.

Аммо қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари жаноб Назарбоевнинг бошқаруви авторитар ва нодемократик эканини айтиб келишади.

Қозоғистонда матбуот эркинлиги ҳамон абгор аҳволда, кўплаб сиёсий фаоллар таъқиб остида ва уларни ҳибсга олиш ҳоллари ҳам тез-тез учрайди.

Кўплаб маҳаллию халқаро сиёсатшунослар эса, Қозоғистонни ўтган июн ойида Қирғизистонда кечган этник низоларни бостиришда сусткашлик қилганликда айблашади.

Уларга кўра, миллий зўравонликлар чоғида Қозоғистон минтақада эга бўлган қудрати ва ОХҲТ раислиги имкон берган даражада иш тутмаган.

Нурсултон Назарбоев собиқ Шўролар Иттифоқининг сўнгги кунларидан бошлаб, қарийб чорак асрдан буён Қозоғистонни бошқариб келади.