Мари Поул: Қирғиз милициясида хоҳлаган ишни қилиш ва жазосиз қолиш маданияти шаклланган

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида 41 ёшли Усмонжон Холмирзаевнинг қийноқлардан ўлгани ҳақидаги даъволарни ҳар томонлама текширишга чақирган.

"Қирғизистон расмийлари қийноқ айбловлари бўйича зудлик билан самарали ва тўлақонли терговни таъминлашлари ҳамда унинг оиласига товон пули тўлаши керак", дейилади Human Rights Watch ташкилоти баёнотида.

Ташкилот милиционерларнинг Усмонжон Холмирзаевни қамоқхонадан қўйиб юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилганини маълум қилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Усмонжон Холмирзаевнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган полиция зобитлари вазифаларидан бўшатилган.

Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда тергов пайтида қийноқларнинг жуда кенг қўлланишини айтадилар.

Шу кунларда Бозорқўрғонда юз берган ҳодиса ҳам бунга оддий бир ўрнак бўла олади.

Хўш, Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тазйиқ ва таҳқирлашларнинг тўхтамаётганига сабаб нима? Би-би-си ушбу савол билан Қирғизистон жанубида бир муддат яшаган британиялик журналист Мари Поулга мурожаат қилди.

Мари Поул: Бу саволга жавоб бериш қийин деб ўйлайман. Бу саволни ҳозирда кўплар сўраяпти. Чунки бундай ҳодисалар юз бермаслиги керак. Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси учун адолат бўлиши керак. Бироқ ўтган йилги миллий можародан буён қирғизлар ва бошқа миллий озчиликлар орасидаги қутблашиш кучайиб бораяпти деб ўйлайман. Бу қутблашиш айниқса қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида кўппроқ кўзга ташланади. Полиция, ҳукумат ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари расмийлари орасида ўзбекларга қарши истаган ишни қилиш ва бунинг учун ҳеч қандай жазо олмаслик маданияти шаклланган.

Би-би-си: Қирғизистонда буни тўхтатиб қололадиган куч бор деб ўйлайсизми?

Мари Поул: Бунга ишончим комил эмас. Менинг ўйлашимча, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Human Rights Watch юз берган воқеаларни жуда кескин қоралаб чиқди. Лекин, ҳеч ким амалий қадамларни ташлашга тайёр эмасга ўхшайди. Қирғизистонда нима бўлаётганини ҳаттоки қирғиз ҳукуматининг ўзи ҳам эътироф этди. Бироқ қутблашишни, ўзбекларни фақат ўзбек бўлгани учун таҳқирлаш тизимини бартараф этишга қаратилган чораларни кўришга ҳеч ким тайёр эмасга ўхшаяпти.

Би-би-си: Сиз бир муддат Қирғизистон жанубида яшагансиз. Қирғиз полицияси менталитети Ғарб полицияси ходимлариникидан қандай фарқ қилади деб ўйлайсиз?

Мари Поул: Қирғизистон полициясида коррупция ниҳоятда юқори деб ўлайман. Сен пора беришинг, кимдандир тамаъгирлик қилишинг, кимнидир содир этмаган жиноятини бўйнига олишга мажбурлашинг мумкин. Ва бу оддий ҳол ҳисобланади. Кўп ҳолларда буни ҳаттоки сезишмайди ҳам. Бозорқўрғондаги ҳодиса бундан мустасно албатта. Ғарб полициясида ҳам коррупция бор. Аммо бу коррупция миқёси жуда жуда кичкина. Қирғиз полицияси ниҳоятда ишончсиз. Чунки қирғиз полицияси асосан бир миллат вакилларидан иборат. Қирғизистондаги ўзбеклар ваё бошқа миллат вакилларига полицияда иш топиши жуда жуда қийин. Афсуски, Қирғизистон полициясида боя айтганимдай, бошқа миллат вакилларини таъқиб этиш маданияти шаклланиб бўлган.

Би-би-си: Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон полицияси билан 11 йилдан буён ҳамкорлик қилади, уларга таълим беради. Аммо бу самара бермаётганга ўхшайди. Нима учун қирғиз полициясида ижобий томонга ўзгариш йўқ деб ўйлайсиз?

Мари Поул: Менинг ўйлашимча, ўтган 11 ичида вазият нафақат ўзгарган, балки ёмонлашган. Менимча бунга қисман миллатчиликнинг кучайиб бораётгани ва иқтисодий вазиятнинг ёмонлиги сабаб деб ўйлайман. Қирғизистон жуда қашшоқ мамлакат. Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисалар кўпчиликни жуда қўрқитиб юборди. Аммо ҳозир ҳам халққа янада кучлироқ босим ўтказиш сиёсати давом этмоқда.

Би-би-си: Аммо қийноқлар нафақт қирғиз полициясида, балки бутун Марказий Осиё мамлакатларига хос бир нарса. Куч ишлатар тизимларидаги зўравонлик маданиятини нима билан изоҳлаш мумкин деб ўйлайсиз?

Мари Поул: Зўравонлик фақат Марказий Осиё мамлакатларига хос эмас. Бошқа собиқ Совет республикаларида, мисол учун Россияда ҳам коррупция ва зўравонлик даражаси Марказий Осиёдан қолишмайди деб ўйлайман. Бу советлардан қолган меърос. Аммо Марказий Осиёдаги полиция кучлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон ва Туркманистонда режимлар ўта авторитар ва кучли. Қийноқлар амалда улар томонидан татбиқ этилади. Қирғизистонда эса ҳукумат мамлакат устидан назоратни бой берган. Ҳукумат жуда кучсиз. Бу ўз навбатида жойларда ҳукумат қудратли шахслар ва гуруҳлар назоратига ўтиб қолганини англатади.