Халқаро ташкилот Қирғиз ҳукуматидан Бозорқўрғондаги қийноқ даъволарини ўрганишни талаб қилди

Image caption Қирғиз милициясининг таъмагирлик мақсадида қийноқ қўллаши ҳоллари кўп бора қайд этилган

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида 41 ёшли Усмонжон Холмирзаевнинг ўлимига милиция ходимларининг қаттиқ қийноқлари сабаб бўлгани даъволарини пухта текширишга чақирган.

"Қирғизистон расмийлари қийноқ айбловлари бўйича зудлик билан самарали ва тўлақонли терговни таъминлашлари ҳамда унинг оиласига товон пули тўлаши керак", дейилади Human Rights Watch ташкилоти баёнотида.

Халқаро ташкилот милиционерларнинг Усмонжон Холмирзаевни қамоқхонадан қўйиб юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилганини маълум қилган.

Қирғиз милицияси уриб ўлдирган асли ўзбек Россия фуқароси иши бўйича тергов очилган

"Холмирзаевнинг полиция ҳисбхонасида қийноққа солингани ва шунинг оқибатида вафот этгани Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларида коррупция ва жазосиз қолиш нақадар кенг тарқалганининг одамни ўртантирадиган мисолдир. Қирғиз расмийлари полицияни қийноқлар, таъмагирлик ва бошқа аянчли амалиётлардан тўхтатиши учун яна кимнингдир ҳаётдан кўз юмишини кутишимиз керакми?" деб айтган Human Rights Watch ташкилотининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Хюж Уилямсон.

Россия фуқаролигига эга 41 ёшли Усмонжон Холмирзаевни 7 август куни соат 4 ларда фуқаро кийимидаги уч киши олиб кетганлар, бунда ҳибсга олиш ҳақидаги ордер унинг ўзига ёки қариндошларига кўрсатилмаган.

"Полиция унинг қўйиб юборилиши эвазига пул талаб қилиб, Холмирзаевни бир неча соат мобайнида қийноққа солган. Унинг рафиқасига айтишича, полиция идорасига етиб боришлари билан унга противогаз кийгизиб, муштлай бошлаганлар. Йиқилиб тушганидан кейин оператив ходимлар Холмирзаев кўкраги устида тиззалари билан икки-уч марта ирғиганлар. Холмирзаев шундан кейин ҳушини йўқотганини айтган", дейилади Human Rights Watch тарқатган баёнотда.

"У ўз ҳушига келганида, агар тўламаса полиция унга 2010 йил июн зўравонликлари ҳужумларига алоқадорлик айбловларини бўйнига қўйиш билан таҳдид қилган. Ниҳоят улар 680 АҚШ долларига келишганлар, оиласи бу пулни олиб келганидан кейин соат 8 ларда у қўйиб юборилган. Агар ушбу ҳодиса ҳақида бировга гапирадиган бўлишса, оиласига жабр бўлиши ҳақида полиция огоҳлантирган".

"У уйига қайтганида зўрға юрган, кейинги кун унинг аҳволи оғирлашган. У маҳаллий шифохонага ётқизилган, 9 август куни эрталаб у ҳаётдан кўз юмган. У ўзининг жароҳатлари ҳақида шифокорларга айтишга тортинган, бироқ ўлими олидан хотинига "мени ўладиган қилиб уришди", деб айтган".

"Холмирзаевнинг иши Қирғизистон жанубида полиция этник Ўзбеклардан 2000 АҚШ доллари ёки ундан кўп пулни ундиришни талаб қилган, агар тўламаса, бўйнига айб қўйиш, хусусан, 2010 йил зўравонликларига алоқадорлик айбловларини қўйиш билан пўписа қилган Human Rights Watch ҳужжатлаштирган еттита ишнинг бири бўлди. Human Rights Watch ана шунақа тўрт ҳолатни июл ойининг бир ҳафтасида фақат Ўшнинг бир кўчасида рўйхатлаштирган", дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими олдидан рафиқасига айтишича, Бозорқўрғон милицияси ходимлари агар талаб қилган пулларини бермаса, 2010 йил "Санпа" заводи яқинидаги ҳужумда қатнашган деган айб қўйиш билан таҳдид қилганлар.

Усмонжон Холмирзаев ҳаётдан кўз юмганидан кейин хотини кўмак сўраб, Ўш шаҳридаги Россия консуллигига мурожаат қилган.

Унинг жасадини текшириш жараёнида Россия консуллиги ходимлари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашганлар.

Аутопсия текшируви натижалари бир ойдан кейин тайёр бўлади, бироқ жасадни текшириш жараёнида ҳозир бўлган рафиқаси ва ҳимоячисининг айтишича, мутахассис ўзининг илк оғзаки хулосасига келган.

"Экспертнинг аёли ва ҳимоячисига айтишича, Холмирзаевнинг қовурғаси синган ва суякларидан бири ёрилган, у ички қон оқиши оқибатида вафот этган", дейилади Human Rights Watch хабарида.

Шу куни Россия консуллиги Жалолобод вилояти прокуратурасига жиноий иш очишни сўраб мактуб ёзган.

Жалолобод вилоят прокуратураси шахснинг саломатлигига ўлим ҳолатигача олиб орадиган даражада зарар етказиш, ўз ваколатини суистеъмол қилиш ва қийноқ бандлари бўйича жиноий иш очган.

"Human Rights Watch қасд олиш мақсадида таҳдидга солиниши мумкин бўлган Холмирзаевнинг оиласи тақдиридан хавотирда. Оила ҳимоячисининг айтишича, Бозорқўрғондаги Холмирзаевни ҳибсга олган ва қийноққа солгани даъво этилган уч ходим на сўроққа тутилган, на 11 августгача ишларидан четлатилган", дейди халқаро ташкилот.

"Қийноқлар Қирғизистонда кенг тарқалган муаммо, бироқ Холмирзаевнинг ўлими 2010 йилдаги миллатлараро зўравонликлар ортидан айниқса, этник Ўзбекларнинг ўзбошимча ҳибслар, қийноқлар ва полиция таъмагирлиги қаршисида қанчалар ожиз бўлиб қолганини намоён этади. Холмирзаевнинг ўлими Қирғиз расмийларининг қонун устуворлигини таъминлаш ва жанубда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши жазосиз қолишига қарши кураш бошлашлари учун тутртки бўлиб хизмат қилмоғи керак", деб айтган Human Rights Watchнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Хюж Уилямсон.