Freedom House: 'Қозоғистонлик нефтчиларнинг ҳимоячиси зудлик билан озод этилсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

АҚШда жойлашган "Фридом Ҳауз" ташкилоти Қозоғистонда иш ташлаган нефтчиларнинг ҳимоячиси Наталья Соколовани зудлик билан қўйиб юборишга чақирган.

Наталья Соколова шу ҳафта душанба куни ғарбий Қозоғистон маҳкамаси томонидан 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Ҳимоячи май ойидан буён маҳаллий нефтчиларнинг иш ташлашларига саҳна бўлиб келаётган Sino-Kazakh нефт қазиб чиқариш мажмуасида "ижтимоий норозиликларга гижгижлаш" ва "ноқонуний йиғинларни уюштириш"да айбдор, деб топилганди.

Халқаро ташкилотнинг айтишича, ўз норозиликларини изҳор этаётган нефтчиларни дастаклагани учун Соколова хонимни жазолаш мақсадида унга бу каби айбловлар қўйилган.

Нефтчиларнинг иш ташлашлари Каражанбасмунай ширкатида бошланиб, кейинчалик минтақада фаолият юритувчи энг йирик Узенмунайгаз ширкатига ҳам ёйилганди.

Улар иш ҳақларини назарда тутиб, тўлов тизимининг адолатсиз экани ва мулозимларнинг касаба уюшмалари фаолиятига босим кўрсатиш уринишларига норозилик билдириб, бу каби акцияга қўл уришганди.

"Биз Қозоғистоннинг Адлия тизимидан Наталья Соколовага ўхшаш мухолиф овозларни ўчириш йўлида фойдаланаётганидан хавотирдамиз", деб айтган "Фридом Ҳауз"нинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича лойиҳасининг нуфузли бошқарувчиси Сюзан Корк.

Халқаро ташкилот, ўз ўрнида, ҳимоячига қўйилган айбловларнинг "сохта" эканини айтиб, уни "зудлик билан ва бирор бир шартларсиз озод этиш"га чақирган.

"Ўзини демократик жамиятнинг бир аъзоси сифатида жиддий қабул қилишлари учун Қозоғистон барча фуқароларининг қонун олдида тенглигини таъминлаши ва Соколова хонимга рисоладагидек маҳкама жараёнига имконият яратиши лозим", дейди "Фридом Ҳауз".

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти ҳам Қозоғистон касаба уюшмаларини "янчиб ташлаш учун" қонунларни суиистеъмол этмаслиги лозимлигини таъкидлаганди.

АҚШ ширкатлари дунёдаги нефт захираларининг 3 фоизига эгалик қилувчи Қозоғистонга миллиардлаб доллар сармоя киритишган.

КазМунайГаз ширкатининг билдиришича, нефтчиларнинг икки ойлик иш ташлашлари бу йил қазиб чиқарилаётган нефть хом ашёси миқдорини 6 фоизгача камайтириши мумкин.

Саноат манбалари эса, норозилик акцияси Россияга экспорт қилинаётган қозоқ нефтининг кўламига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қарийб чорак асрдан буён Нурсултон Назарбоев президентлик қилиб келаётган Қозоғистонда ишчиларнинг бу каби иш ташлашлари камдан-кам ҳолларда кузатилади.

Шу сабабдан ҳам, кўплаб кузатувчилар нефтчиларнинг акцияларини қозоқ ҳукумати юзига тортилган "бир тарсаки" сифатида ҳам баҳолашмоқда.